Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг адабиёт ва санъатдаги  ҳамкорлиги узоқ тарихга эга  

1410

      Тарихнинг энг оғир даврларида ҳам тўхтамаган Озарбайжон ва ўзбек халқларининг адабиёти ва санъати соҳасидаги алоқалари урушдан кейинги йилларда жадал ривожланиб, 1980 йилларда ўзининг юксак даражасига етган.

1945 йилда Боку ва Тошкент шаҳарларида Низомий Ганжавий  ҳамда Алишер Навоийнинг юбилейлари бўлиб ўтди. Умуман олганда, Низомий ижоди Ўзбекистонда кенг оммалашиб, оддий халқ ва филолог-мутахассисларнинг эътиборини тортган.

1946 йил Тошкент илмий жамоатчилиги Низомий Ганжавий  хотирасини бир қатор ишлар ва конференциялар орқали  яна бир бор ҳурмат билан хотирлайди.

1947 йил 20 сентябрь куни Тошкентнинг Муқимий номидаги театрида Низомий Ганжавий таваллудининг 800 йиллигига бағишланган тантанали кеча бўлиб ўтади.

Умуман, Озарбайжон ва Ўзбекистон адабий алоқаларида ХХ асрнинг таниқли озар шоири, янги шеърий мактаб асосчиси, жамоат арбоби Самад Вурғун (1906-1956 йиллар) алоҳида ўрин тутади. 1930 – 40 — йилларда у тез-тез Ўзбекистонда ижодий сафарларда бўлиб, бир қатор ўзбек адабиёти намояндалари билан дўстлашган.

1950 йил 25 январь – 2 феврал кунлари СССР Ёзувчилар уюшмасининг пленумида ўзбек совет адабиётининг ҳолати муҳокама қилинади. Муҳокамада С. Вурғун ҳам иштирок этиб, ўзбек адабиётининг ютуқларини қайд этади. 1953 йилда эса Самад Вурғуннинг ўзбек тилидаги асарлари тўплами чоп этилган.

С. Вурғун 1956 йилда вафот этди. Аммо ўзбек ижодкорлари томонидан  шоир ижодини ўрганиш тўхтаб қолмади. 1968 ва 1978 йилларда ўзбек тилида унинг асарлари чоп этилиб, матбуотда ўзбек тадқиқотчиларининг Озарбайжон шоири ижодини таҳлил қилишга бағишланган асарлари ёритилди.

1958 йилда «Ўзбек адабиёти антологияси» китоби Озарбайжонда чоп этилиб, унда энг машҳур ўзбек арбобларининг асарлари ўрин олди.  Кейинги йили Озарбайжон матбуотида ўзбек адабиётини ривожлантириш бўйича бир қатор мақолалар чоп этилди.

Шу йили Озарбайжонда йигирмадан зиёд ўзбек шоирлари асарларини ўз ичига олган «Ўзбек шеърлари» тўплами дунё юзини кўрди. Кейинчалик эса Озарбайжонда ўзбек шоирларининг шеърий тўпламлари, Озарбайжон тилида ҳам бир неча бор нашр этилди.

1960 йилда Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти кунлари, Озарбайжонда ўзбек адабиёти кунлари бўлиб ўтди. Масалан, 20 январь куни Тошкентдаги  А. Навоий театрида “Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти ҳафталиги” очилган бўлса, шу йилнинг 5 майида  Бокуда “Озарбайжон ҳафталиги” бошланди. Унда ўзбек ва Озарбайжон китобхонлари қардош республика адабиёти билан таништирилиб, машҳур шоир ва ёзувчиларнинг асарларини нашр этиш масалалари устида маслаҳат қилинди, китобхонлар билан учрашувлар ташкил этилди.

1962 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда  “Озарбайжон китоб  ҳафталиги”, 1964 йил июл ойида эса Озарбайжонда “Ўзбекистон китоб ҳафталиги” бўлиб ўтди.

1964 йил сентябрь ойида Қорақалпоғистонда қардош адабиётларнинг Дўстлик кунларида Озарбайжон ёзувчилари иштирок этдилар.     Озарбайжонда ўзбек шоир ва ёзувчиларидан А. Қодирий, М. Ойбек, Ш.Рашидов, П. Турсун ва бошқаларнинг асарлари ҳам таржима қилинган. Ўзбек шоири Ғофур  Ғуломнинг «Озарбайжон – 40 йил» шеъри халқларнинг дўстлигини улуғлайдиган шеърият намунаси бўлган. Ўз навбатида С. Вурғун, М. Ибрагимов, С. Рагимов, М. Раҳим ва бошқа озарбайжон ижодкорларининг ҳам асарлари  ўзбек тилида чоп этилган.

1971 йил Бокуда «Лезгилар» ашула ва рақс ансамбли, СССР халқ артисти Г. Исмайилова, «Баҳор» Халқ рақс ансамбли, Бердақ номидаги филармония, «Шодлик» ашула ва рақс ансамбли, 1972 йил ўзбек халқ филармонияси концертлари билан иштирок этди.

Ўзбекистонда яшовчи бир қатор озарбайжонлар республика маданиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшдилар. Масалан, таниқли офталмолог Кафар Абдуллаев Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси ва Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати этиб сайланди. Аскер Алиев, 50 йилларда Озарбайжон киноижодкорлар қўмитаси раиси бўлган. Ўзбекистонга кўчиб келгач,  1980 йилда Ўзбекистон ССР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги матбуот, матбаа ва китоб савдоси қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Ғ. Алиев «Ўзбекистон» нашриётида бош рассом бўлиб ишлаган.

Озарбайжон-ўзбек театр алоқаларини ривожлантиришда Фирудин Сафаров алоҳида ўрин тутади. 1968-1977 йилларда Озарбайжон давлат ва Ленинград Давлат консерваторияси битирувчиси Ф. Сафаров Озарбайжон Давлат Опера ва балет театри директори бўлиб ишлаган. 1977 йилда Тошкентга кўчиб келгач Давлат академик катта театри режиссёри этиб тайинланган.

Ўзбекистонда яшаган таниқли озарбайжонлар орасида ёзувчи А. Нажафов, Ўзбекистон бадиий Академияси рассоми Ю.Гусейнов, Ўзбекистон халқ артисти Н. Абдуллаев, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти профессори Ф. Велиев ва бошқалар Тошкент муҳитида ўз ўрнига эга бўлган инсонлар бўлишган.

 

Хулоса қилганимизда, 40 – 80-йилларда Озарбайжон ва ўзбек халқларининг маданий алоқаларини ўрганиш шуни кўрсатадики, бу алоқалар замон талабларига ва ижтимоий-сиёсий алоқаларга мослаштирилган.

ХХ асрда Озарбайжон ва ўзбек халқларининг тарихий алоқалари замоннинг ҳақиқатлари билан боғлиқ бўлган янги шаклларда ривожланган. Барча пайдо бўлган объектив ва баъзан субъектив қийинчиликларга қарамасдан, тарихий алоқалар ривожланишда ва мустаҳкамланишда давом этган.

Маҳфуза ЗЕЙНАЛОВАНИНГ

 “Озарбайжон ва ўзбек халқларининг

 тарихий алоқалари »

китоби асосида тайёрланди.