ОМОНАТГА ХИЁНАТ

116

ёхуд кулфат келтирган долларлар

Ушбу ҳаётий ҳикояни таксичи танишимдан эшитдим. Бошқаларга ҳам сабоқ бўлар деб, унинг тафсилотларини ўқувчиларга етказишни маъқул кўрдим.

Амударё туманидан Тошкентга қатнайдиган Маҳмуд (исми ўзгартирилди) таксичига Тошкентдан бир киши омонат бериб юборади. Қоғозга ўралган нарсани таксичига тутқазиб туриб, «Ичида 60 минг сўм бор. Сизни Манғитдан ўртоғим кутиб олади. Шунга берарсиз» деб топширади.
Таксичи одам тўлдиргач, йўлга чиқади. Хаёлига «60 минг сўм» деган гап қайта-қайта келаверади.
«Наҳотки, 60 минг сўмни Тошкентдан Қорақалпоғис­тонга бериб юборса-я» деб ўйлайди.
Йўл бўйи шуни ўйлаб келган ҳайдовчи одамларни овқатлантиришга туширади-да, машинани нарироққа олиб бориб, қоғозни очиб кўради. Қараса, 60 минг доллар!
Саноқли дақиқалар ичида таксичининг хаёлига мудҳиш режа келади. 60 минг долларни олади-да, «Cobalt» машинасини бензин сепиб ёқиб юборади.
Бу пайтда бирга келаётган йўловчилар ошхонада овқатланаётган бўлади.
Таксичи уларга «бахтсиз ҳодиса юз берди, машина портлаб кетди» дея баҳона қилиб, 60 минг доллар берган кишига қўнғироқ қилади:
«Бахтсиз ҳодиса юз берди, машина ёниб кул бўлди»…
Омонатчи эса «Менинг 60 минг долларим нима бўлди», деса, таксичи «Қанақа долларни айтяпсиз, сиз менга доллар бермадингиз-ку?», ­дейди.
Омонатчи «Қоғозга ўраб бердим-ку», деса, таксичи «Сиз менга 60 минг сўм бердим дегандингиз, энди сўм долларга айланиб кетдими?», дея талмовсирайди. Омонатчи «Мен сизга сифойи тарзда айтгандим», деса, таксичи «Сифойи-мифойи деб бошимни қотирманг, ўзим машинамдан айрилдим», деб вой-додлаб, ўзини жўрттага жабрдийда қилиб кўрсатади. Аслида «60 минг долларга 6 та «Cobalt» оламан-ку?», деб ҳисоб-китоб қилади ич-ичидан.
Хуллас, шу тариқа жанжал кўпга чўзилади. Таксичи ҳеч нарсани бўйнига олмайди. Омонатчи охири «Худо жазоингни берсин» деб қарғайди.
Орадан кўп вақт ўтмай, таксичининг хонадонида кетма-кет бахтсиз воқеалар содир бўлади. Дастлаб қизи автоҳалокат оқибатида вафот этади. Унинг дардини кўтара олмаган хотини ҳам ёлғончи ­дунёни тарк этади. Таксичининг ўзи эса бу зарбаларни кўтара олмай ичкиликка берилиб кетади.
Таксичи ўртоқларини кўрганида 60 минг долларнинг сирини фош қилиб, «мени Худо урди» деб йиғлайди.
Қиссадан ҳисса шуки, омонатга хиёнат қилмаслик керак!

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH

Бошқа хабарлар