САБАБСИЗ УШЛАБ ҚОЛИНГАН ПУЛ ҳашарчиларга ундириб берилди

73

Бугун далаларда пахта хирмонини ­бунёд этиш билан банд бўлган ҳашарчилар ­бисёр. Ўз навбатида теримчилар учун қандай шароит яратилгани, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик мақсадида касаба уюшмаларининг ­жамоатчилик назорати ташкил қилиниб, шу кунга қадар Сирдарёда кластер, фермер хўжалиги, маҳалла, корхона, ташкилот ва муассасалардан иборат 53 та манзил ўрганилди.

Натижада 14 та зарур меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш бўйича 276 та меҳнат шартномалари тузилмагани, 71 та ҳолатда «пахта пули» ўз вақтида берилмагани, 24 та ҳолатда санитария­-гигиена қоидаларига риоя этмаслик каби қонун­бузилишлар аниқланди.
Эътиборлиси, аниқланган камчиликлар ­жойида бартараф этилишига эришилди. Вақтида тўланмаган 1 миллион 216 минг 720 сўмлик терим пули ҳашарчиларга ундириб берилди.
Шуни ҳам алоҳида қайд этиш жоизки, бирлашма бўлимларига мавсум билан боғлиқ 15 тадан ортиқ мурожаат келиб тушди. Жумладан, Гулистон тумани, «Зарбдор» маҳалласида яшовчи фуқаро С.Мамирова пахта теримида иштирок этаётганини билдириб, ­шароитдан қониқмаганлигини билдирган.
Ўрганиш жараёнида С.Мамирова «Боймирза Тошбоев» фермер хўжалиги далаларида пахта тераётгани, у айтганидек, шароитлар талаб даражасида эмаслиги, яъни теримчилар учун далада иссиқ овқат, сув таъминоти яратилмагани, санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмаётгани ўз тасдиғини топди. Ушбу камчиликлар жойида ҳал этилди.
Яна бир мурожаатда Сайхунобод тумани, «Бахмалсой» МФЙда яшовчи фуқаро Н.Каримов турмуш ўртоғи пахта тераётгани, терим пули вақтида берилмаганидан шикоят қилган. Унинг турмуш ўртоғи З.Абдувоҳидовага 275 минг 690 сўм терим пули ундириб бериш орқали масала ҳал этилди.
Боёвут туманига ҳашарга келган сурхондарёлик А.Ғаффоров терим пулидан сабабсиз «ушлаб» қолинганини хабар берди. 705 минг сўм ҳақ теримчи фойдасига ундирилди.

Шириной УМАРАЛИЕВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Меҳнат инспекциясининг
Сирдарё вилояти бўйича
меҳнат ҳуқуқи инспектори

Бошқа хабарлар