Асоссиз буйруқ бекор қилинди

18

Кўп ҳолларда ходимларнинг асоссиз ишдан бўшатилиши иш берувчининг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги ёки «айтганим бўлади» қабилида иш тутиши натижасида келиб чиқади.

Фарғона шаҳар солиқ коллежининг етти нафар ўқитувчиси ҳам иш берувчининг ғайриқонуний чиқарган буйруғи оқибатида ишдан бўшатилган эди. Ишсиз қолган ходимлар бузилган ҳуқуқларини тиклашга амалий ёрдам сўраб, Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилишди.
Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида Илҳомжон Ғанибоев, Ражаббой Сафаров, Маҳарамой Йўлчибоева, Умида Эргашева, Омонжон Аҳмедов, Абдуқодир Жакбаров ва Аббосхон Маматқулов билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан бекор қилингани аниқланади.
Бундан ташқари, иш берувчи ходимларни ишдан бўшатишда меҳнат қонунчилигининг бир қатор талабларини қўпол равишда бузгани, ҳатто ходимлар ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмагани, меҳнат дафтарчалари ҳам қайтариб берилмагани маълум бўлди.
Шу боис, Фарғона солиқ коллежи раҳбариятига қонунбузилиш ҳолатининг олдини олиш юзасидан тақдимнома киритилди. Бироқ коллеж директори ишдан бўшатилган ходимларни ишга қайтариш ўрнига турли баҳоналар билан тақдимномани рад этди.
Шундан сўнг иш берувчининг мазкур буйруқларини бекор қилиб, етти нафар ўқитувчини ишга тиклаш ҳамда мажбурий бекор юрган кунлари учун ўртача иш ҳақи ундириш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарори асосида Фарғона солиқ коллежининг шу йил 30 июндаги 39-шт сонли буйруғи бекор қилиниб, етти нафар ўқитувчи ўз ишига тикланди ҳамда уларнинг мажбурий бекор юрган кунлари учун 41 миллион 4 минг 876 сўм миқдорида ўртача иш ҳақи ундирилди.

Авазхон ТЎРАХЎЖАЕВ,
Фарғона вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси
кенгаши юрисконсульти

Бошқа хабарлар