«Анни-банни»нинг таъсири

211

ёхуд она тилига ҳурмат қай даражада?

Давлатимиз раҳбари БМТ сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаганида қанчалик ғурурландик. Демак, инсондаги миллий ғурур, миллий ўзлик ва она тили тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Она тилини унутган ўзлигини унутади. Бу оддий ҳақиқатни ҳар биримиз англаб етишимиз шарт.

Яқинда олий ўқув юртларига тест синовлари бўлиб ўтди. Синовларга тайёргарлик жараёнида кўплаб абитуриентлар билан суҳбатлашдим, қайси фанлардан тайёргарлик кўраётгани билан қизиқдим. Аксарияти математика, физика, биология, тарих каби фанларга тайёрланаётганини айтишди. Аммо олий ўқув юртига ўқишга кириш ниятида ўзбек тили ва адабиёти фанини чуқур ўрганаётган абитуриентни учратмадим. Бу пандемия туфайли тест синовларидан учинчи фан олиб ташлангани билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Абитуриентлар билан суҳбатлашиб, илгарилари ҳам деярли ҳеч ким (филология факультетига ҳужжат топширадиганлардан ташқари) ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўрганмаслигини, тест жавобларини «анни-банни» (тасодифан ­дейишмоқчи) белгилашини айтишди. Олий ўқув юртини тамомлаб, бирон корхона ёки ташкилотга ишга келган мутахассисларнинг аксарияти ўз таржимаи ҳолларини ғиж-ғиж имло хатолари билан ёзиши мана шу «анни-банни»нинг таъсири бўлса керак деб ўйлайман. Умуман, жуда кўп раҳбарлар ва тажрибали мутахассислар ёшлар ўзбек тилини яхши билмаслиги, ярим варақ ҳужжатни эплаб ёзолмаслигидан шикоят қилиши бор гап. Ваҳоланки, ўз она тилини яхши билмайдиган мутахассис муваффақиятга эришиши ҳам қийин.
Узоқ йиллар турли раҳбар лавозимларида фаолият юритиб, кўплаб машҳур, элда обрў қозонган инсонлар билан суҳбатлашганимда, уларнинг барчаси она тилини, адабиётни жуда яхши билишига гувоҳ бўлганман. Зеро, она тилини билишда адабиёт энг асосий воситадир. Иқтисодчи, муҳандис, қурувчи, тадбиркор ёки бошқа соҳа вакили бўлгани ҳолда соатлаб шеър ўқийдиган, тарихий воқеаларни равон ҳикоя қиладиган инсонларга жуда ҳавасим келар, улар билан қайта-қайта суҳбатлашишга баҳона излардим. Бундай кишилар ҳам элнинг ҳурматини қозонади, ҳам жамоасини ютуқларга бошлайди. Уларга муносиб ҳамсуҳбат бўлиш иштиёқида шеърлар ёдлар, ҳикоя, қисса, романлар ўқир эдим. Ҳар кунимни газета ўқиш билан бошлаш айнан шундай фидойи инсонларга ҳавасдан пайдо бўлган одатим. Афсуски, ҳозирги айрим раҳбарларда бундай қобилият йўқ. Буни телевидение ёки радиога берган интервьюларидан ҳам илғаш қийин эмас. Она тилини яхши билмаслик оқибатида сўз бойлиги камлигидан ҳатто ўз соҳасига алоқадор масалаларни ҳам тўлиқ таҳлил қилиб бера олмайдиганлар кўп. Улар жамоасини ютуқларга руҳлантира олмаётгани сабаби айнан она тилини яхши билмасликларида экани ҳақида ҳеч ўйлаб кўришганмикин?
Мени ташвишлантирадиган яна бир муаммо она тилимизда муқобили бўлгани ҳолда хорижий сўзлардан фойдаланилаётганидир. Яқиндан бери «волонтёр» ­(инглизча) сўзи урфга кирди. Ваҳоланки, унинг ўрнида «кўнгилли» сўзини ишлатса ҳам ёки «холис кўмакчи» каби чиройли атама билан атаса ҳам бўлади. Бундай мисоллар кўп. Шундан келиб чиққан ҳолда хорижий тилларда қўлланиладиган атамаларни ўзбекчалаштириш ўзбек тилшунослиги олдидаги долзарб вазифаларидан бири бўлиши керак. Бунда она тилимизнинг барча имкониятларидан, хусусан, шевалардан ҳам кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бир мисол: «Балиқ икраси» сўзининг ўзбекча муқобили борлиги кўпчиликнинг эсидан ҳам чиқиб кетган бўлса керак. «Увилдириқ» деган сўз айнан «балиқ икраси» маъносини беради.
Теримчиларга яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида фермер хўжалик­ларига бориб, далаларни айландик. Шу жараёнда бир саволга кўп жавоб изладим. Теримчилар учун қўл ювиш ускунаси бор-йўқлиги ҳақида сўрар эканмиз, такрор ва такрор «умивалник» сўзини ишлатишга тўғри келди. Ўзбекча-русча луғатда ҳам бу сўзнинг маъноси шундай ишлатилган экан. Таниш тилшунос олимга қўнғироқ қилиб, ушбу сўз ўзбекчада қандай бўлишини сўрадим. У ҳам ўйланиб қолди. Бизда илгари қўл ювишда обдасталардан (хоразм шевасида қумғон) фойдаланилгани, умивалниклар ҳаётимизга кейин кириб келгани оқибатида ўзбекчалаштирилмаганини айтди. «Ундай бўлса, сиз бу сўзни ўзбекчалаштиришга ҳаракат қилинг» дедим. Ўзбекча ном кутиб турган бундай буюмлар кам эмас.
Кейинги пайтларда корхона ва ташкилотларни русча, инглизча аташ урф бўлмоқда. Ваҳоланки, уларнинг хизматидан асосан маҳаллий аҳоли фойдаланади. Агар тадбиркор маҳсулотини хорижга сотган тақдирда ҳам бу маҳсулотни ўзбекча номласа, ўзбекча сўзнинг халқаро майдонда урфга киришига ҳисса қўшгани билан ҳам ғурурланиб юриши мумкин.
Демоқчиманки, кимлигимиздан, қаерда яшашимиздан қатъи назар, ўз миллатимиз вакилимиз. Она тилимизни яхши билмасак, ўзлигимиздан узоқлашамиз. Шундай экан, она тилига беҳурматликни онага беҳурматлик даражасида қабул қилишимиз керак. Шундагина ёшларимизнинг она тилимизга ҳурматини, меҳрини қайта тиклаймиз.
Инсон икки, уч – борингки, ўнта тилни билса ҳам, ўз она тилини билмаса, етук шахс бўлолмайди. Чунки у қалбига оқиб келаётган маънавият, маърифат, қадрият дарёларининг илдизини қуритган бўлади. Буни фарзандларимиз шуурига болаликдан сингдирайлик. Шунда улар улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлиб, миллатимиз довруғини дунёга достон қилади.

Шавкат САФАРБОЕВ,
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши
Хоразм вилояти бўйича
масъул ташкилотчиси

Бошқа хабарлар