АВТОҲАЛОКАТЛАР «ПАНДЕМИЯСИ»

55

муаммо сабаблари ва ечим таклифлари

Ҳар куни ижтимоий тармоқлар ёки телевидение орқали истасак-истамасак йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Очиғи, инсон сифатида ушбу хабарлардан юрагим увушади. Ёш болаларнинг автоҳалокатда кўз юмгани ҳақида ўқиганимда эса она сифатида юрагим ларзага келади.

Нохуш хабарлар

Тошкент транспорт университети мутахассислари берган маълумотга кўра, юртимизда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари 2017 йилда 1989, 2018 йилда 1396 тани ташкил этган. Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2017 йилда 218 нафар бола ҳалок бўлган бўлса, 1293 нафар бола турли даражада жароҳат олган. Аянчлиси, 2018 йилда болалар иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаси бир йил олдингига нисбатан 593 тага камайган бўлишига қарамай, ҳалок бўлганлар сони 10 фоизга кўпайиб, 218 нафар мурғак ҳаёт билан видолашган.
Умумий кўрсаткичлар шу йилнинг ўтган ойи давомида COVID-19 дан 500 га яқин, йўл-транспорт ҳодисасида 8 ой давомида (пандемия туфайли анча пайт ҳаракат тўхталганини ҳам эътиборга олинг!) 991 нафар юртдошимиз (болалар билан биргаликда) ҳалок бўлганини кўрсатади. Жанубий Кореяда аҳоли сони биздан деярли икки баробар (51 миллион 665 минг нафар) кўп бўлишига қарамай 2000 йилда 588, 2012 йилда 83 нафар фуқаро йўл- транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган. Буюк Британия ва Швецияда эса бир йилда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 2,8-2,9 нафар ҳалок бўлганлар тўғри келади. Мазкур қиёсдан ҳам мамлакатимизда вазиятнинг қанчалик салбийлигини билишимиз мумкин. Хўш, бизда кўрсаткичлар нега бу қадар юқори?

Пиёдалар ҳам хавфдан холи эмас

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 1-7 ёшгача болалар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар маҳаллаларнинг ички йўлларида ҳайдовчиларнинг эҳтиётсизлиги, болалар қаровсизлиги, пиёдалар учун ўтиш жойларининг тартибга солинмагани оқибатида юзага келган.
Соҳага оид статистик маълумотлар таҳлили билан танишганимизда 1-7 ёшга нисбатан 8-15 ёшли болалар ўртасида транспорт воситалари билан боғлиқ бахт­сиз ҳодисалар кўпроқ содир бўлиши маълум бўлди. Бунинг сабаби шуки, 1-7 ёшгача бўлган болалар кўпинча ота-оналари назоратида мактаб ва боғчалар, ўйин майдонларига боришади. 8-15 ёшлилар эса кўча ва маҳаллаларда, мактабга бориш ва келишда мустақил ҳаракатланади. Бу жараёнда уларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича зарур билимга эга бўлмагани, ҳайдовчилар маданиятининг етарли эмаслиги, мактаб атрофидаги ҳудудларда пиёдалар хавфсизлиги яхши таъминланмагани каби ҳолатлар панд беради.
Масалан, пойтахтимиздаги таълим ­масканлари атрофи эрталаб хавфли ҳудуд­­га айланиб кетишини кўпчилигимиз яхши биламиз. Аксарият ота-оналар фарзандларини «яхши» мактабда ўқитиш илинжида уйига яқин бўлмаган мактаб­ларга «ташийди», аксарияти эса ишга кетиш олдидан фарзандларини автомашинада элтиб қўяди. Натижада энг хавфсиз ҳудуд бўлиши керак бўлган таълим маскани атрофи машиналар билан тўлиб-тошади. Жанубий Корея ва Европа давлатларида боғча-мактаб ҳудудларидан 300 метр радиус атрофида 30 километр тезлик белгиланган. Ўқувчилар мактаб автобусларида келгани боис йўлакларда шахсий автомашиналар тирбандлиги кузатилмайди. Пиё­­да ва ўқувчилар учун хавфсизлик тўлиқ таъминлангани учун бу ерларда бахтсиз ҳодисалар рўй бермайди.

Бўёғи кўчган чизиқлар

Пойтахтимиз йирик мегаполислардан бирига айланди. Бу шаҳар ичкарисидаги йўлларда тез-тез тирбандликлар юзага келаётгани, автомашиналар сони ошганида ҳам сезилади. Натижада ўз-ўзидан пиёдалар учун ҳам ҳаракат мураккаблашмоқда. Бунинг устига шаҳардаги айрим пиёдалар ўтиш жойларидаги махсус чизиқлар ўчиб кетган ёки йўл четига осилган пиёдалар йўлаги борлиги ҳақида огоҳлантирувчи белгиларни дарахт шохлари бекитиб қўйган. Оқибатда айрим ҳайдовчилар уларга эътиборсиз бўлиб, авария ҳолатлари келиб чиқмоқда. Агар махсус чизиқлар ёрқин ранг билан ажралиб турса, ҳар қандай ҳайдовчининг зийраклиги ошади. Бироқ шаҳар кўчаларини кузатар эканмиз, аллақачон ўчиб кетган, таъмирга муҳтож махсус чизиқлар кўплигига гувоҳ бўлдик.
Тошкент давлат транспорт университети доценти Моҳира Усмонованинг таъкидлашича, шаҳар ичида қурилаётган замонавий кўприк ва йўлўтказгичлар пиёдалар учун ноқулай ва ҳаракат учун хавфли.
Шу йилнинг 24 август куни Юнусобод туманидаги кўчаларнинг бирида тартибга солинмаган пиёдалар йўлагидан онасининг қўлидан ушлаб ўтаётган 2 ёшли бола ва унинг онасини автомашина уриб кетди. Она қаттиқ жароҳатланди, бола эса ҳалок бўлди. Боланинг отаси Евгений Чеховский ҳалокат бўлган жойда махсус чизиқлар ўчиб кетгани, светофор ҳам йўқлигини, эҳтимол, йўл белгилари талаб даражасида бўлганида фарзанди билан боғлиқ фалокат рўй бермаслиги мумкинлигини таъкидлайди. Жабрдийда бошқалар ҳам бундай фалокатга учрамаслиги учун ўз ташаббуси билан «Ўзавтойўлбелги» ДУК билан боғланиб, ўша жойдаги йўл белгиларини тузатиб, махсус чизиқларни бўяган. Аммо унгача ҳеч ким ҳалокат бўлган жойдаги вазиятни ўрганмаган. Наҳотки, «Авто­йўлбелги» ДУКга шунча фалокатлар «сигнали» ташкилот ҳаракати сустлигини, «уйғониш» кераклигини англатмаётган бўлса!?

Ҳайдовчиларни ким тайёрлаяпти?

– Йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этишда бош иштирокчи ҳайдовчи ва йўловчидир, – дейди М.Усмонова. – Аммо мамлакатимизда ҳайдовчилар ва пиёдалар маданияти қониқарсиз. Шахсан мен хусусий ҳайдовчиликка ўқитиш курсларида таълим сифатини назорат қилиш механизмини кучайтириш, иложи бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ёшини 18 эмас, 20-22 ёш қилиб белгилаш тарафдориман. Бунинг боиси менталитетимизда хусусий ўқитиш курсларида «таниш-билишчилик», бир-икки соат дарс қолдириш ҳолатларидан кўз юмиш каби салбий иллатлар тез-тез учрайди. Қолаверса, босар-тусарини билмайдиган ҳайдовчилар ҳам етарли. Масалан, ўтган 8 ой давомида маст ҳолда автомобилни бошқараётган 12 минг нафар фуқаро аниқланган. Улар иштирокида 1500 ҳолатда автоҳалокат содир этилган. Яқинда ижтимоий тармоқларда «Олмалиқ шаҳар ҳокими (эндиликда собиқ)нинг ўғли» деб айтилган ёш йигитнинг автомашинада 150 километр соат тезликда шаҳар кўчаларида юрган видеоси тарқалиб кетди. Бу ҳол ҳайдовчилик маданиятига бўлган энг хунук муносабатнинг намойишидир. Аслида бундай оила фарзандлари ҳар жиҳатдан бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми?
Шу маънода ҳайдовчиликка ўқитиш курсларига 8 соат маънавият ва психология дарслари киритилгани айни муддао бўлди. Аммо бу етарли эмас. Тизимдаги ишларни янада ривожлантириш учун йўл-транспорт ҳодисаси камайишидан манфаатдор ташкилотлар биргаликда иш юритиши лозим. Чунки кун сайин ҳаракат, қатнов ва аҳоли сони ошиб бормоқда. Бундай муаммоларга тўғри ечим топиш учун хорижнинг илғор таж­рибаларини амалиётга жорий этиш зарур.

Интеграция йўқ

Мавзуни ўрганиш, кўчаларни кузатиш давомида яна бир оғриқли масала борлигига амин бўлдик. Шаҳарларда тезкорлик билан янги қурилишлар амалга оширилиб, очиқ ер майдонлари кун сайин тиғизлашиб бормоқда. Бирор ташкилотга зарурат юзасидан келувчилар ёки ходимлар автомашиналарини қўйиш учун автотураргоҳлар етарли эмаслиги сабабли кўчаларнинг бир қисми норасмий автотураргоҳ вазифасини ўтамоқда. Бу йўлларни янада торайтириб, турли кўнгилсизликлар ва автоҳалокатларга сабаб бўлмоқда. Одатда бундай ноқулайликлар юзага келмаслиги қурилаётган бинолар, мавжуд ташкилотлар сони ҳисобга олиниб, автотураргоҳлар масаласи ҳал қилиниши лозим. Бунинг учун аввало шаҳарсозлик, маҳаллий бошқарув ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ўртасида ўзаро алоқа йўлга қўйилган бўлиши керак. Аммо мавжуд муаммолардан кўриниб турибдики, тизимда интеграция мавжуд эмас. Бу эса ҳаракатланишда пиёда ва ҳайдовчилар учун турли ноқулайликларни юзага келтирмоқда.

Жамоат ташкилотларига эҳтиёж бор

Европа давлатлари ва Жанубий Корея­нинг йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги тажрибаси шуни кўрсатадики, ушбу давлатларда йўл ҳаракатини яхшилашга ҳисса қўшувчи кўнгилли жамиятлар, болалар таълим ҳудудларини алоҳида назоратга олувчи «яшил гуруҳ»лар каби турли жамоат ташкилотлари фаолият юритади. Ирландия ва Буюк Британияда йўл транспорт ҳодисасига учраганлар ва уларнинг оиласи учун турли даражада ёрдам кўрсатиш хизматлари мавжуд. Улар мунтазам равишда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйи­­ча семинар ва тренинглар, мактабларда ёшлар билан учрашувлар ўтказади. Қолаверса, шу йўналишдаги илмий ишларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Энг муҳими, мазкур жамоат ташкилотлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга назоратчи ва бошқарув ташкилотларнинг ҳаракати етарли эмаслигини яхши тушунади. Шу сабабли содир этилган ҳалокатлар таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиши ўрганилади ва сабаблари бартараф этилади. Масалан, йўлларга янги инновацион ечимлар жорий этилади. Бундан келиб чиқадики, мамлакатимизда ҳам шу каби илғор хориж тажрибаларини қўллаш, ҳаракат хавфсизлиги йўналишидаги ишларга ёрдамлашувчи жамоат ташкилотларига катта эҳтиёж бор.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар