Бола қачон ўзи хоҳлаб китоб ўқийди?

69

Биринчи синфга қадам қўйган фарзандингиз мактабдан берилган дарсликлардан устози ёрдамида ёзиб-чизишни, қўшув-айирув амалларини ўрганиши мумкин, аммо унинг дунёқарашини бойитадиган, савиясини оширадиган қўшимча бадиий китоблар ҳам борки, бундай китобларга болани ошно қилиш ота-оналар билан бир қаторда ҳар бир ўқитувчининг ҳам бурчидир.

Дарсдан ташқари қўшимча китоб мутолаа қилган боланинг нутқи равон бўлибгина қолмай, унинг саводхонлик даражаси ҳам бошқа тенгдошларидан ажралиб туради. Яширишнинг ҳожати йўқ – ҳозирги пайтда орамизда ўз она тилимизда бехато ёзадиганлар камайиб боряпти. Нега шундай? Мактаб таълими жараёнида ўқитувчилар бу ҳолга чуқурроқ эътибор бермадими? Саводхонлигимиз даражасига мутолаа қилмай қўйганимиз «соя» солмаётганмикан?
Ҳозир кўпчиликнинг қўлида телефон. Аксар янгилик ва хабарлар шу матоҳ орқали ўзлаштирилмоқда. Оқибатда китоб ўқишга эски бир одатдек муносабатда бўлаётганимиз ҳам айни ҳақиқат.
Қачон бола ўзи хоҳлаб китоб ўқийди? У китоб ўқишни кундалик ишига айлантиролсагина ўз-ўзидан қўлига китоб олганини сезмай ҳам қолади. Бунинг учун, аввало, биз ўқитувчилар синф­дан ташқари ўқишга болаларни қизиқтира оладиган китобларни тавсия қилиб боришимиз керак.
Синфдан ташқари ўқишнинг тайёрлов босқичи боланинг мактабга келган илк даврларига тўғри келади. Бунда ўқувчи саводхонлик сабоғини ўрганади. Шунинг учун ҳам бу даврда ўқитувчи ўқувчиларга эртак, ҳикоя, кичик ­ҳажмдаги шеърларни ўқиб беради.
Синфдан ташқари ўқишнинг бошланғич даври 1-синфнинг иккинчи ярим йиллигига тўғри келса, асосий босқичи 2-4-синфларга тўғри келади. Бу жараёнда ўқитувчи боланинг ёшига, шахсий қизиқиш­ларига ҳам алоҳида эътибор бериши зарур.
Китоб мутолааси ўқувчиларнинг оғзаки нутқини ривожлантиради, дарс жараёнларида касблар билан таништиради, уларни меҳнатсеварлик билан бир қаторда ўзгалар меҳнатини қадрлашга ҳам ўргатади. Энг муҳими, мутолаа боланинг маънавий дунёсига ижобий таъсир кўрсатади. Шундай экан, ёш авлодга китобга меҳр қўйишида аввало биз устозлар ҳам масъулиятли бўлишни унутмаслигимиз керак.

Мўътабар МУЛЛАБОЕВА,
Тўрақўрғон туманидаги
54-мактаб ўқитувчиси

Бошқа хабарлар