Ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ифодаси

66

Сардоба сув ­омбори билан боғлиқ тош­­қин натижасида аҳоли яшаш манзилларига етган зарар, озурда кўнгиллар барча юртдошларимизни чуқур ташвишга солди. Cув босган жойларни тозалаш, қайта тиклаш, одамлар кўнглини кўтариш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан кўмак етиб келди. Орадан 5 ой ўтди. Ҳамжиҳатликда бажарилган меҳнат натижасида кўрган кўзни қувонтирадиган ободончилик, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Жорий йилнинг 13 октябрида давлатимиз раҳбарининг ушбу ҳудудга ташрифи ўксик кўнгилларга ёруғлик олиб кирди.
Юз берган фалокат оқибатида 2 минг 211 та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келган эди. Айтиш мумкинки, оғир вазиятда халқимиз чинакам бирлашди, нималарга қодир эканини яна бир бора намоён этди. Амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида 86 та 5 қаватли уй-жой қад ростлади.

Ҳавасга арзигулик

Мирзаобод туманиниг «Ҳақиқат» маҳалласида сув тошқинидан зарарланган уй эгалари учун қурилган кўп қаватли бинолар 800 та хонадонга мўлжалланган беш қаватли 40 та уй, жиҳозланган болалар ўйингоҳи, ҳовли этагидаги замонавий иссиқхоналар аҳолининг кўнглидагидан-да зиёда бўлиб чиқди, йўқотишларини тўлдирди.
Шу маҳаллада истиқомат қилаётган Нафиса Мўминова бу ҳақда шундай дейди:
– Ҳаяжонимизнинг чеки йўқ. Шу манзилда кўп йилдан бери яшаганимизга қарамай ўз маҳалламизни танимай қолдик. Давлатимиз раҳбари бизни нафақат уй-жой билан таъминлади, балки кўпчиликни камбағалликдан ҳам халос этди. Янги хонадон, зарурий техника жиҳозлари, тарқатилган чорва моли… Тайёр иссиқхоналар эса бизни иш билан таъминлайди. Янги маҳаллада янгича турмуш тарзини бошладик.
Хонадон соҳибларининг шоҳидлик беришича, илгари кўп жойларга табиий газ етиб бормаган эди. Айни пайт­­да янги хонадонларнинг барчасида табиий газ, электр энергияси, ичимлик ва оқова сув таъминоти масалаларига оқилона ечим топилиб, қишлоқ ҳудудида замонавий шаҳарча бунёд этилди. Маҳалла номи ҳам «Янги Ўзбекистон» дея қайта номланди.
Шунингдек, маҳалла гузари, 6 та болалар майдончаси, 1 та йўл қоидаси ўқув майдончаси каби маданий объектлар фойдаланишга топширилди.
– Мушкул дамларда ёлғиз қолмаслик, дардни кўпчилик билан енгиш, ҳал қилишни ҳамма орзу қилади. Вилоятликлар мана шу вазиятнинг бевосита иштирокчиси ва гувоҳи бўлишди. Ёлғон-яшиқ ва мақтовлардан ҳоли, ҳақиқат учун миннатдорлик, шукроналик лаззатини татиб кўришди. 5 ой ичида амалга оширилган ишлар давлатимиз қудратини исботлайди, – дейди Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов. – Табиий офатлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида юз беради. Бироқ ҳаммасида ҳам талофатни бартараф этишда бир хил натижага эришилаётгани йўқ. Эътиборли жиҳати, янги хонадон, моддий ёрдам, янги техникалар билан бирга аввалги ҳовли-жойлари ҳам ўз эгаларида қолдирилди.

Эртанги кун ишончи

Талафот кўрган Оқолтин туманининг «Янги Тошкент» маҳалласи пойтахтлик қурувчилар томонидан қайта тикланди. Бу ерда 130 та коттеж уй буткул таъмирланди, коммуникация тармоғи, аҳоли учун маҳалла гузари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кутубхона, спорт мажмуалари барпо этилди.
– Уйларимиз таъмирдан чиқарилибгина эмас, шу билан бирга ичимлик суви ва табиий газ берилди. Бу бизнинг кўп йиллик орзуимиз эди. Истеъмолга яроқли сувни топиш мушкул бўлиб, узоқдан ташиб ёки сотиб олиб ичар, газ ўрнида ўтин ёқиб, суюлтирилган газ сотиб олардик, – дейди Муқаддас Арақулова. – Қийинчилигимиз ортда қолди. Ўша вақтда бизни ёлғиз қўймаган саховатли юртдошларимиз, ғамхўр давлатимизга миннатдорлик билдирамиз. Қолаверса, ўзим ишлаётган 5-мактабгача таълим ташкилоти, тармоқ касаба уюшмаси аъзоларига раҳмат. Қишлоғимиз, маҳалламизни танимай қолдик. Айниқса, пойтахтлик қурувчилар уй таъмирлаш билан бирга ён-атрофини обод қилиш, чин Тошкент кайфиятини беришнинг уддасидан чиқишганини алоҳида таъкидлашни истардим. Машҳур Тошкент куранти энди бизнинг маҳаллада ҳам бор. Кўчаларимиз равонлиги, фарзанд­ларимиз билан сайр қилиш имконини берган майдончалар – буларни биз кўп йиллар орзу қилган эдик. Талофат бошида қўрқувимиз кўп бўлди. Ҳамма турли жойга тарқаб кетади, камимиз тўлмайди, деб ўйлаганимиз рост. Шукрлар бўлсинки, уйларимиз чиройли таъмирланиб, яна аҳил қўни-қўшниларимиз билан бирга қолдик.
– Талафот натижасида мактаб, мактабгача таълим ташкилотларимиз ҳам жиддий зарар кўрган эди. Бугун ўқув даргоҳлари таъмирланиб, янги жиҳозлар билан тўлдирилди. Айниқса, қўшимча бинолар, аҳолининг янги уйлари ёнида иккита мактаб қурилиши, ихтисос­лаштирилган синфлар ташкил этилиши, оптик интернет таъминоти масаласи ҳал этилгани эртанги кунга ишончимизни янада оширди, – дей­ди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Оқолтин тумани кенгаши раиси Раҳматилла Билолов. – Шаҳар қиёфасини олган маҳалла фарзандлари эндиликда сифатли билим ва шаҳарга мос бўлган касбларни эгаллаши учун мактабларимизда шароитлар муҳайё қилинди.

Бунёдкорликка камарбаста

Сардобада бунёд этилган янги манзилда аҳоли бандлигини таъминлаш, реал даромадларни ошириш мақсадида «Sardoba textile Oqsaroy Group» корхонаси иш бошлади. Эътиборлиси, нураб ётган жойда жуда қисқа фурсатда опа-сингиллар учун замонавий тикув фабрикаси фаолияти йўлга қўйилди.
– Қўрғончамиздаги муҳит буткул ўзгарди, – дейди корхонада иш бошлаган Мавлуда Тоғаева. – 5 ой аввал ҳолатни кўриб тушкунликка тушган эдим. Бугун аввалгидан замонавий, чинакам шаҳар қиёфасини кўриб кўзларимга ишонмаяпман. Ишлаш учун шаҳарга қатнашга тўғри келарди. Ҳозир шинам, тоза, замонавий техника билан жиҳозланган корхонамизни кўриб, ўзимни бошқа муҳитга тушгандай ҳис қиляпман. Лойиҳа қиймати 66 миллиард сўм бўлган корхонада дастлаб 500 нафар аёл фаолият кўрсата бошлади. Лойиҳа якунида қўшимча минг нафар ходимнинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган. Бу ташаббуслар сардобаликларнинг ўз орзулари ушалишига кўмаклашди.

Илк меҳмоним – Президент

Янги иморатлардан 3 хонали уй соҳиби бўлган Бахтиёр Мирзаевнинг қувончи ичига сиғмаяпти.
– Шинам уйни техника ва жиҳозлари билан қабул қилиб олганимга бир қувонсам, давлатимиз раҳбарининг хонадонимга келиб, яхши тилак­лар билдирганига чандон ва чандон севиняпман, – дейди Бахтиёр Мирзаев. – Инсонни қадрлаш, халқни рози қилиш юртимизда биринчи масала эканини ўз тақдиримда шоҳид бўлдим. Ҳеч ким ўз ҳолига ташлаб қўйилмади. Ваъда қилинганидек, ҳаммаси аввалгидан ҳам зиёдаси билан тўлдирилди. Туман ёшларида шаҳарга интилиш, муносиб шароитлар орзуси кучли эди. Қишлоғимизда қиш мавсуми бош­ланиши билан ишлар тўхтаб, шароити яхши бўлмаган уйда ўтириб қолар эдик. Кўпчилик вилоят марказига қиш мавсумини ўтказиш учун ижарага чиқиб кетарди. Ичимлик суви, табиий газ хонадонларга кириб бориши ҳақиқий қувонч бўлди. Фақат бу бунёдкорликни асрашимиз, ҳаётимизни ширин қилган ўзгаришларнинг ­қадрига етишимиз керак. Барчаси учун давлатимиз раҳбарига бутун бир оила билан миннатдорлик билдирдик.
Бу ерда яшовчи ҳар бир кишининг талафот юз берган кун билан боғлиқ ҳикояси бор. Фалокат бошида таҳририятимизга Сардоба тумани, «Қўрғонтепа» МФЙлик Нодира Шербекова мактуб йўллаб, кўнглидаги дардни баён этган эди:
– Рамазон саҳарлигини қилиб, дам олиб тургандик. Турмуш ўртоғим «Туринглар, сув омбори тошиб, оқиб ­келяпти», деган хабарни келтирди. Паспортимизни олиш эсимизга келди. Уйдан чиққанимизда маҳалланинг энг чекка кўчаларидаги ҳамқиш­лоқларимиз кўчаларни тўлдириб, юрак ҳовучлаб югуриб келишарди. Хаёлимга ота-онам, укаларим келди. Уларга қўнғироқ қилдим. Билдимки, улар ҳам ҳаракатда экан. Атрофимда кимдир гўдагини қучоқлаган, кимдир кекса онасини етаклаган, яна биров ногирон отасини аравасига солиб кетарди. Бизни турли автоуловларда Жиззах-Тошкент катта магистрал йўлига олиб боришди. Аввал кексалар, ёш болалар, болали аёллар, ногиронларга ёрдам берилди. Бу ваҳимани, бундай саросимани сира кўрган эмасдим, ­бошқа кўрмайлик ҳам.
Сардоба сув омборига 4-5 километр яқин бўлган «Қўрғонтепа» маҳалласида яшар эдик. Уйим, жойим бор эди. Тўйлар қиламан, деб ягона қизимга сеп йиғдим, тинч-хотиржам эдик. Томорқамизга экин-тикин қилдик, гуллар экдим. Ҳадемай улар очилади, ҳовлим чиройли бўлади, деб қувониб ўтиргандим. Тўй ўтказсак, уялмайдиган бўлдик, қуда-анда, куёвимни чиройли кутиб оламиз, дея гўзал ниятлар қилгандим… Афсус, бошимизда шу кунлар ҳам бор экан. Оллоҳга шукрлар бўлсин, юртимизда мард, саховатпеша одамлар жуда кўп экан. Бизни танимаган, кўрмаган бўлса ҳам маънан, ҳам моддий кўмак берган ватандошларимиз бор бўлсин!
Бундай офатлар ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмасин, илоҳим. Бугун ораста кўчаларимиз, янги таъмирдан чиққан хонадонимизни кўриб, кўрган қийинчиликларим эсимдан чиқди.
Бир ёмонликнинг бир яхшилиги бўлади, деганларича бор экан. Яхшилигики, янги шаҳар, янги туман, янги маҳалла, янги обод қишлоқ, янги кўча-ю уйлар юзага келди. Ҳар бир ютуқ замирида чин дилдан қилинган меҳнат, шу билан бирга, давлат ва ­қудратли халқимиз ҳамжиҳатлиги мужассам.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар