Ноширлик маънавий меросми ёки бизнес қуроли?

192

Ноширлик соҳасидаги оғриқли муаммолар, соҳанинг ачинарли ҳолати ҳеч кимга сир эмас. Умуман олганда, бугунги кунда нашриёт йўналишининг, матбаачилик эътибордан анча четда қолишига лоқайд қараб туриш мумкинми?

Беихтиёр ажабланасан киши. Ҳатто мустақилликнинг илк йилларидаги қийинчилик даврида ҳам эмин-эркин фаолият юритган ноширлик соҳаси бугун жар ёқасида. Эртага нима бўлади? Эҳтимол, тубсиз жарликка қулар?..
Ноширлик ва нашриётлар ҳақида гап кетар экан, юртимиздаги ягона болалар нашриёти бўлган Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳақида тўхталмасликнинг сира иложи йўқ. Унга 1986 йилда «Юлдузча» номи билан асос солинган, 1991 йилдан «Чўлпон» нашриёти, 2004 йилдан Чўлпон номидаги НМИУ сифатида иш юритган. Нурали Қобил, Анвар Обиджон, Аъзам Ўктам, Ҳамза Имомбердиев, Равшан Файзиев, Чори Аваз, Тўлқин Алимов, Раъно Азимова каби фидойи ижодкорларни шакллантирган. Агар маънавиятни қўлга қиёс этадиган бўлсак, Чўлпон номидаги НМИУ унинг беш панжасидан бири эди. 1994 йилда илк бор Қуръони Каримнинг «Мухтасар: шариат қонунларига қисқача шарҳ» деб номланган ўзбекча вариантининг ушбу нашриётда чоп этилганининг ўзиёқ, унинг савияси нақадар юқори бўлганидан далолат беради. Афсуски, бугунга келиб у тугатилди. Савол туғилади: бозордаги юзлаб янги сунъий бармоқчалар бир бўлиб, бу беш панжанинг ўрнини боса олармикан, ўз савияси ва сифати билан маънавиятнинг забардаст дастасини ташкил эта олармикан?
Чўлпон номидаги НМИУ ҳам, «Энциклопедия» ДИН ҳам тугатилиб, уларнинг ўрнига янги нашриёт – «Ўзбекистон нашриёти» ДУК ташкил этилди. Аммо дунёга келибоқ, худдики янги туғилган чақалоқни онаси кўчага ташлаб кетгани каби эътиборсиз қолди. Наҳотки, азалдан илм-фанга, адабиётга меҳр-у муҳаббат юксак бўлган юртимизда ноширлик соҳасини кучайтириш, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, муҳаррирларнинг чет элларда малака ошириб келишини таъминлаш ўрнига мавжуд нашриётларнинг ҳам тамом бўлишига томошабин бўлиб қараб турсаверсак?!
Келинг, ён-атрофимизга ҳам бир назар ташлайлик. Кўпгина ривожланган мамлакатларда нашриётлар давлат томонидан бевосита ва ёки билвосита қўллаб-қувватланади. Бевосита қўллаб-қувватлашда ёрқин миллий характерга эга бўлган нашр лойи­ҳаларини чоп этиш ва китоб экспортини рағбатлантиришда давлат субсидияларидан фойдаланилади. Бевосита қўллаб-қувватлаш тизими, Франция, Испания, Италия, Португалия, Жанубий Корея, Бразилия, Канадада мавжуд.
Кўпгина давлатларда бутун нашр тизимига ёки унинг муайян ихтисослиги, масалан, илмий, болалар адабиёти, ўқув нашрларига билвосита ёрдам кўрсатиш амалга оширилади. Булар орасида солиқ соҳасида давлат сиёсати муҳим ўрин тутади. Бир қатор давлатлар (Аргентина, Янги Зеландия, Норвегия, Швейцария, Жанубий Корея, Буюк Британия, Индонезия, Кения, Колумбия, Мексика)да китоб маҳсулотига умуман солиқ солинмайди. Европа давлатларининг кўпчилигида китобга белгиланган даромад солиғи миқдори бош­­қа маҳсулотларга қараганда жуда паст.
Россияда нашриёт соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳам бевосита, ҳам билвосита амалга оширилади. Бевосита қўллаш Федерал дастурлар асосида илмий, ўқув, илмий-техник, энциклопедик, болалар адабиёти соҳаларига татбиқ этилади. Ҳар йили ўтказиладиган танлов асосида давлат ёрдами қўлланиладиган нашрлар рўйхати шакллантирилади. Нашриётлар берган аризалар экспертлар комиссияси ва нуфузли ташкилотлар қатнашуви ёрдамида ўрганилади.
Ҳар йили тахминан 1,5 мингдан зиёд номдаги нашр ишлари Федерал дастур асосида амалга оширилади. Масалан, Россияда муайян ўқувчилар доирасига қаратилган давлат нашриётлари ичида «Болалар адабиёти» нашриёти ҳам бор (эътибор беринг, давлат нашриёти!). «Россия катта энциклопедияси» (очиқ акциядорлик жамияти; акция­нинг 100 фоиз улуши Россия Федерациясига тегишли)га ҳар йили медиамуҳитда ижтимоий муҳим объектларни сақлаб қолиш мақсадида федерал бюджетдан катта миқдорда пул ажратилади. Жорий йилда «Россия катта энциклопедияси»га федерал бюджетдан жами 684 466 600 рубль ажратган.
мазкур мамлакатларнинг ноширлик соҳасидаги амалиётларни юртимизга ҳам олиб кирсак, эҳтимол бизда ҳам халқаро кўргазмаларда биринчиликни қўлдан бермайдиган сифатли адабиётлар дунёга келар?!
Китоб – маънавият, маънавият эса инсоннинг бешиги. Наҳотки, маънавият ўчоғи бўлган нашриётларни бозор расталарида ерга уриш мумкин бўлса?!

Дилдора АБДУРАИМОВА,
журналист

Бошқа хабарлар