ЭЛЛИК МИНГ НАФАР ЧАҚАЛОҚ ДОЯСИ

159

Мўйноқлик Қалбике Жиямуратова ҳақиқий мардона қишлоқ аёли эди…

Яқинда мўйноқлик Қалбике Жиемуратова 75 ёшида вафот этди. У 50 йил давомида одамлар учун «нажот фариштаси» мисол хизмат қилди. Умрининг сўнгги паллаларигача Мўйноқ тумани кўп тармоқли шифохонаси бош гинекологи вазифасини ­бажарди.

«Қалбике Жиемуратова ярим аср давомида 50 минг нафарга яқин Оролбўйи чақалоқларини дунёга келтирган. У вертолёт ва «АН-2» самолётида Оролбўйи ҳудудининг энг чекка қишлоқларида 500 га яқин чақалоқларни дунёга келтирганини фахрланиб гапириб берар эди» деб эслайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ислом Хушвақтов ўзининг «fasebook»даги саҳифасида.
Қорақалпоғистонлик журналист Айжамал Жолдасбаеванинг таъкидлашича, Қалбике опа ёшлигиданоқ доя бўлишни ният қилган. Ёшлигидан меҳнатга ўрганган қиз уйда эркак киши қиладиган барча ишни ўзи бажарган . Чунки оилада ўғил фарзанд йўқ эди.
Мактабни тугатгач, тақдир уни 1965 йили синфдошлари билан Самарқанд давлат тиббиёт институтига бошлаб борди. Қорақалпоғистондан борган ўн беш киши ичидан фақат 3 нафаригина ўқишга киришга муяссар бўлди. Уларнинг бири Қалбике эди.
Ўқишни муваффақиятли тугатган Қалбике опа учун доялик осон кечмагани ҳам бор ҳақиқат. Уйқусиз тунлар, инжиқ об-ҳаво, шароити йўқ шифохоналар… Айрим пайтлари иш куни 24 соатдан иборат бўлар эди. Чунки опа икки йил давомида туманда бир ўзи акушер бўлиб ишлаган эди-да.
Кунлардан бир куни ярим тунда опанинг эшиги қаттиқ тақиллади. (Аслида бундай ҳолат жуда кўп бўлган, оила аъзолари ҳам ўрганиб қолган бўлса-да, лекин то Қалбике опа фарзандни онаси қўлига тутқазиб, уйига қайтиб келгунича мижжа қоқмай ўтиришарди). Дарвоза олдида ҳовлиққанча бир киши турарди. Аёли тўлғоқ тутаётганини ­айтди. Опа дарҳол кийиниб, катта ўғли билан мотоциклда икки соатлик йўл юриб, чўпонлар яшайдиган Қизил қалъа деган жойга етиб борди. Чиндан ҳам онанинг аҳволи оғир эди. У камқон экан. Бундай касаллик билан фарзанд кўриш ҳалокатли эди. Овулда ҳеч қандай шароит йўқ. На электр чироғи, на тиббиёт асбоблари бор. Начора, Қалбике опа ўша тунда шам ёруғида доялик қилди. Янги қиз меҳмон дунёга келди. Пастга тушиб қараса, чўпон ота хурсандчилигидан катта қўйни мотоциклга юклаб қўйган экан. Аммо опа бундан қаттиқ ранжиди. Бутун ҳаёти давомида холис хизмат қилишга ўрганган опа Яратганга шукроналар айтиб, уйига қайтди.
Қалбике опанинг кундалигида бу каби ҳайратланарли воқеалар кўп эди: автобусда туғилган қизалоқ, бўқоқни енгган она ва бола…
Қалбике опа умри давомида 50 минг нафарга яқин чақалоқ учун доялик қилган.
Қорақалпоғистондаги 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган «Ўзбегим аёли – 2020» миллий мукофотида «Довюрак аёл» унвонига сазовор бўлган эди.
15 октябрь санаси 2008 йилда БМТ ташаббуси билан бутун дунёда Халқаро қишлоқ аёллари куни сифатида белгиланган. Шу санада ҳар дам ҳақиқий мардона қишлоқ аёли сифатида Қалбике опанинг сиймоси кўз ўнгимда гавдаланади. Унинг фидойиликка йўғрилган заҳматли меҳнатини ёддан чиқариш асло мумкин эмас.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар