Юзаки ёндашув оқибатлари

53

ёхуд тадбиркорларнинг сарсонгарчилиги қачон тугайди?

Мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилганига анча бўлди. Тадбиркорлик давлат миқёсида қўллаб-қувватланмоқда. Аммо айрим жойларда бунинг акси кузатилаётгани жуда афсусланарли. Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги «Нишонова Жаннатой» МЧЖ қурилиш материаллари ишлаб чиқаради. Корхонага Ўзбекистон тумани ҳокимининг 2018 йил 7 майдаги 994-сонли қарори билан туман ҳокимлиги захирасида бўлган, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 4 гектар ер майдони ажратиб берилган. Шундан сўнг бу ерда беш миллиард сўмлик маблағ эвазига хориждан замонавий техника ва технологиялар келтирилиб, хом ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилган ҳамда 70 та янги иш ўрни яратилиб, ишсиз фуқаролар иш билан таъминланган.

Лекин орадан кўп вақт ўтмай корхона кутилмаган муаммога дуч келган. Маълум бўлишича, мазкур ҳудуддаги 100 гектар ер майдони 2010 йилда «ARKONI SULEYMON PLUS» фермер хўжалигига боғдорчилик мақсадида ажратилиб берилган. Аммо фермер хўжалиги Ер кодексининг 28-, 31-,33-, 35-моддаларини қўпол равишда бузиб, ерга бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказмаган, шунингдек, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни умуман тўламаган. Аниқроқ айтганда, фермер хўжалиги раҳбари Я.Сулаймонов узоқ вақт мобайнида бу ер майдонидан мақсадсиз фойдаланиб, боғ яратиш ўрнига ернинг бир қисмида қовун-тарвуз етиштириш билан шуғулланиб, даромад олиб келган. Аслида бундай ҳаракатларга Жиноят кодексининг 184 (солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 188-моддаси (ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш)да жиноий жавобгарлик белгиланган. Шундай бўлса-да, биров унинг мушугини «пишт» демаган… Андишанинг отини қўрқоқ қўйган Я.Сулаймонов ҳеч қандай ваколати бўлмаса-да, қуруқ қоғозда номи бор фермер хўжалигининг манфаати бузилганини важ қилган ҳолда туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, туман ҳокимининг корхонага 4 гектар ер майдони ажратиш ҳақидаги қарорини бекор қилишни сўраган. Мурожаатга бир томонлама ёндошган туман прокуратураси 2019 йил 30 март куни туман ҳокимлигига протест киритган. Энг қизиғи, протест шу куннинг ўзидаёқ қаноатлантирилган. (Бундай «сирли» тезкорликнинг сабаби нима экан?) Ҳолбуки, Ер кодексиннг 24-моддасига (ер участкаси ижараси) асосан ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади. Афсуски, Ўзбекистон тумани прокуратураси ушбу қонун талабини назар-писанд этмаган. Бундан норози бўлган корхона раҳбари М.Нишонов туман ҳокимининг 2019 йил 30 мартдаги 1391-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб, маъмурий ишлар бўйича Бешариқ тумани судига мурожаат этади. Бироқ суд масалага юзаки муносабатда бўлиб, далилларни текширмасдан ва бир қатор қонун талаб­ларини қўпол равишда очиқчасига бузган ҳолда аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради. Ушбу қарор маъмурий ишлар бўйича Фарғона вилояти суди апелляция инстанциясида ҳам ўзгаришсиз қолдирилгани эса янада ажабланарли…
«ASIA SMALL STONE» МЧЖ ҳам худди шундай синовга рўбару бўлди. Ушбу корхонага Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан 2019 йил 14 июнда Ўзбекистон туманида жойлашган «АБЗ-1» ва «АБЗ-2» қум-шағал аралашмаси участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган махсус лицензия берилган. Мазкур лицензияга асосан жорий йил 27 январь куни туман ҳокимининг 159-сонли қарори чиқарилиб, корхонага қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 523-контурдан 9 гектар ер майдони қум-шағал қазиб олиш учун икки йил муддатга вақтинча фойдаланишга ажратиб берилган. Бироқ корхона ишлаб чиқаришини йўлга қўя олмади. «ARKONI SULEYMON PLUS» фермер хўжалиги маъмурий ишлар бўйи­­ча Фурқат тумани судига мурожаат этиб, туман ҳокимининг қарорини бекор қилишни сўрайди. Суд эса фермер хўжалиги фойдасига қарор чиқарган. Суднинг аппеляция инстанциясида ҳам қарор ўзгаришсиз қолдирган.
«Нодиржон Орифжон Агро» фермер хўжалигага ҳам 2019 йилда захирада бўлган қаровсиз ер майдонларидан сабзавотчилик ва полизчилик йўналишида фойдаланиш учун 10 гектар ер майдони ажратиб берилган. Тадбиркор фермер Вазирлар Маҳкамасининг 09.01.2019 йилдаги «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан банкдаги ҳисобрақамига эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини шакллантириб, хориждан умумий қиймати 422 миллион сўмлик замонавий иссиқхона олиб келиб, 20 та доимий ва 40 та мавсумий иш ўрни яратмоқчи бўлиб турганида «ARKONI SULEYMON PLUS» фермер хўжалиги маъмурий ишлар ­бўйича Фурқат тумани судига мурожаат этиб, туман ҳокимининг қарорини бекор қилишни сўрайди. Суд даъвогарнинг талабини қаноатлантирган. Бу қарор аппеляция инстанциясида ҳам ўзгармаган.
Кўриниб турганидек, барча воқеалар бир хил «сценарий» асосида кечган. Бир қарашда «ARKONI SULEYMON PLUS» фермер хўжалиги ҳақ эканки, судлар унинг манфаатларини ҳимоя қилибди» деган фикр туғилиши мумкин. Агар шундай бўлганда, ҳеч қандай шикоят-у эътирозларга ўрин йўқ эди. Аммо…
Аслида «ARKONI SULEYMON PLUS» фермер хўжалига Ўзбекистон тумани ҳокимининг 26.10.2010 йилдаги 661-сонли қарорига асосан боғдорчилик йўналишида (кейинчалик чорвачиликка ўзгартирилган) фойдаланиш учун 100 гектар ер ажратилган бўлса-да, фермер хўжалиги ва туман ҳокимлиги ўртасида ижара шартномаси тузилмаган, ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Қолаверса, фермер хўжалиги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни умуман тўламаган, тегишли ҳисоботларни топширмаган, ер майдонидан мақсадли фойдаланмаган, натижада ернинг аксарият қисми қаровсиз ва ташландиқ аҳволга келган, биронта ҳам иш ўрни яратилмаган. Хуллас, фермер хўжалиги амалда қонуний фаолият юритмаган. Шу сабабли у тугатилаётган хўжалик­лар рўйхатига олинган. 2019 йилда эса фермер хўжалигига ажратилган ер майдони захирага қайтариб олинган ва мазкур ҳудуддаги ер майдонлари тадбиркорлик субъектларига ажратиб берилган. Аммо фермер хўжалиги судга мурожаат қилиб, ер майдони ўзига тегишли эканини даъво қилган.
Таъкидлаш жоизки, «ARKONI SULEYMON PLUS» фермер хўжалиги Ер кодески талабларига мувофиқ низоли ерга бўлган ҳуқуқини ўз вақтида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказмагани, шунинг­дек, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўламагани оқибатида ушбу ер майдонига нисбатан ҳеч қандай қонуний ҳуқуқга эга бўлмаган. Шунга қарамасдан судлар даъво аризаларини иш юритувга қабул қилган ва энг қизиғи, уларни тўлиқ қаноатлантирган. Бўлиб ўтган суд мажлисларида ҳокимият, солиқ, кадастр ва бошқа давлат идоралари вакиллари қайд этилган ҳолатларни тасдиқлаб, исботловчи ҳужжатларни тақдим этишган бўлса-да, суд қоғозда номи бор, амалда ердан ноқонуний фойдаланиб келган фермер хўжалиги манфаатларини инобатга олган ҳолда қарор чиқарган. Ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган шахснинг ҳуқуқларини тахминга асос­ланган ҳолда ҳимоя қилган судъяларни қонун доирасидан чиқишга нима мажбурлагани жумбоқ. Чунки каттагина ер майдонидан узоқ вақт мобайнида ноқонуний ва мақсадсиз фойдаланиб келган, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаган шахснинг манфаатлари давлатга ҳам, одамларга ҳам фойда келтираётган тадбиркордан устун қўйилгани ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, қайд этилган ҳолатлар инобатга олиниб, Ўзбекистон тумани ҳокимининг шу йил 27 июндаги 1048-сонли қарорига асосан «ARKONI SULEYMON PLUS» фермер хўжалигига ажратилган ер майдони туман захирасига қайтарилди. Аммо адолат тўлиқ қарор топди дейишга ҳали эрта. Эндиликда фермер хўжалиги билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар ва суд қарорларининг ҳуқуқий оқибатларини тадбиркорлар манфаатлари фойдасига ҳал қилиш орқали амалдаги қонунчиликка мослаштириш зарур. Чунки улар ушбу низоли ер майдонларига бўлган ҳуқуқларини қонуний равишда қўлга киритган.
Хуллас, нотўғри чиқарилган суд қарорлари натижасида «Нишонова Жаннатой», «ASIA SMALL STONE» МЧЖ ва «Нодиржон Орифжон Агро» фермер хўжалиги узоқ вақтдан бери сарсон бўлиб келмоқда. Айни пайтда «Нишонова Жаннатой» МЧЖ 70 нафар фуқаро билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш ва ўз фаолиятини тўхтатиш арафасида. Қолган икки тадбиркорнинг режалари ҳам чиппакга чиқиши мумкин.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Судлар томонидан нега қонунга зид равишда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл қўйилган? қачон ҳақиқат тўлиқ қарор топиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланади? Суд-ҳуқуқ соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилаётган, Президентимиз одамлар суддан фақат адолат топиши шартлигини қайта-қайта қатъий таъкидлаётган бир паллада баён этилган воқеаларнинг рўй беришини қандай изоҳлаш мумкин? Бунга Бош прокуратура, Олий суд қандай муносабат билдиради?

Холли НОРБОЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар