Ҳайратлар туташган макон

46

Дунёда эллик мингдан ортиқ йирик шаҳар мақомини олган гўшалар мавжуд. Аммо улар орасида икки минг йилдан зиёд тарихга эга бўлгани саноқли. Кўриниб турибдики, ер юзидаги барча шаҳарларга Самарқанд оғалик қилиб келмоқда. Кўҳна заминнинг бу қадар буюк маҳобат-у, салобатини сақлаб қолишида халқимизнинг шавкатли фарзандларининг ҳиссалари бемисл. Неча-неча асрлардирки, навқирон диёр инсониятнинг вақтлар аро саёҳатига эшик бўлиб келмоқда.

Инсоният умри давомида бир марта бориб кўрмаса бўлмайдиган гўшага талпинаётганлар дунёда жуда кўп. Самарқанд ҳамон меҳмонлар ҳайратини оширишда давом этаётгани ҳам бор ҳақиқат.
– Самарқандда нафақат Хитой, балки Шарқ алломаларидан бири саналган Конфуций шарафига яратилган майдонда беихтиёр кўзларим ёшланди, – деган эди хитойлик сайёҳ Дзю Юн. – Шууримда инсониятнинг энг буюк моддий ва интелектуал бойликлари ана шу замин орқали ўтган манзаралари жонланди.
Давлатимиз раҳбари эътибори боис Самарқанд бугун ҳам бемисл ўзгариш­лар жараёнини бошдан кечирмоқда. Шаҳардаги улкан бунёдкорлик ишлари тарихий меросга уйғунлик касб этган ҳолда амалга оширилмоқда. Шаҳар дарвозалари бўлмиш аэропорт, темир йўл вокзали тубдан қайта қурилди. Айни чоғда аэротураргоҳнинг ҳаво кемаларини қабул қилиш қуввати 8 тадан 24 тага етказилди. Таъмирлаш ­лойиҳаси доирасида аэродромга сунъий қопламалар ётқизилди, учиш қўниш йўлаги ва 4 йўналтирувчи йўл қурилди.
– Аэропортдаги 60 минг АҚШ долларлик таъмирлаш-қуриш ишларида бош пудратчи Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси ҳисобланади, – дейди Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Самарқанд вилояти бирлашган қўмитаси раиси Сирожиддин Иззатуллаев. – Шу чоққача режалаштирилган ишлар поёнига етказилмоқда. Йўлсозлар меҳнати, ғайрат-шижоати туфайли бу давлат топшириғи жаҳон андозалари талабларига тўлиқ жавоб бера олиш даражасида бунёд этилди.
Қиймати 40 миллион АҚШ долларига тенг янги йўловчи терминалини қуриш ишлари давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида, «Ain Marakanda» ­масъулияти чекланган жамият кўринишидаги хорижий компаниясига топширилган. Бунёдкорлик ишлари 2021 йил февраль ойида поёнига етказилиши кўзда тутилмоқда.
Туризм Самарқанд иқтисодиётининг етакчи йўналишига айланиб бормоқда. Муайян йиллардан сўнг бу диёр ўзининг туристик жозибаси, салоҳияти билан алоҳида нуфуз касб этишга тадгорлик жараёнлари қизғин кетмоқда. Аммо Самарқанд тарихидаги оғир йиллардан бири шу йил бўлди десак, ҳеч ҳам муболаға эмас. Кейинги ярим асрда бу меҳмондўст шаҳарнинг бағри бу қадар ҳувиллаб қолмаган эди. Коронавирус пандемияси шаҳар кўчаларида узоқ йиллар давомида кутилмаган бўшлиқни ҳосил қилди. Шитоб билан ривожланаётган туризмнинг ҳам «белини» синдирди. Одамларда Самарқандга бўлган иштиёқни бир муддатга жиловлади.
Жорий йилда кўҳна маконга атиги 49 минг 500 нафар сайёҳ ташриф буюрди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 277 минг нафар кўп бўлганди. Самарқанд­­га келаётган маҳаллий сайёҳлар сони ўтган йилдагидан тўрт баробарга камайиб кетди.
Аммо давлатимиз раҳбарининг кетма-кет равишда қабул қилган қатор қарор ва фармонлари туризм индустриясига молиявий бўҳронлардан эсон-­омон ўтиб олишга имконият яратди. Бу имкониятлар нафақат молиявий таназзулдан қутулиш, балки ривожланиш истиқболини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
– Жорий йилнинг биринчи ярмида давлат имтиёзлари ва кўмаги асосида 24 та туристик лойиҳа ишга туширилди, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшмалари бирлашмаси қошидаги «Касаба Самарқанд» шўъба корхонаси раҳбари Аббос Ҳазратқулов. – Самарқанд ва Ургут туманларида 143 ўринли 6 та меҳмонхона, 162 ўринли 18 та оилавий меҳмон уйлари қуриб битказилиб, иш бошлади. Туризм маршрутини кенгроқ ёйиш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш борасида изланяпмиз.
Таъкидлаш ўринли, шаҳардаги Орзу Маҳмудов, Ислом Каримов, Алишер Навоий ва Пушкин номидаги кўчалар, Университет хиёбонини туристик ­масканга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилмоқда. Айни чоғда Орзу Маҳмудов номидаги кўчада гастрономик туризм ҳудудини барпо этиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. «Ипак йўли» туризм университетига туташ майдонда «Туризм таълим боғи» барпо этилмоқда. Қисқа қилиб ­айтганда, Самарқандда «Меҳмонхона туризми», «Тиббиёт туризми», «Ҳунармандлик туризми»ни ривожлантиришга етарли асос яратиб бўлинди.
– Нафақат Самарқанд, балки шаҳар атрофи, ёндош ҳудудлар ҳам тарихдаги ўрни, жуғрофий муҳити билан туризм индустрияси ривожига хизмат қилади, – дейди халқ депуталари Самарқанд вилояти кенгаши депутати Суҳроб Рафиқов. – Жорий йилда Самарқанд биқинидаги Конигил қишлоғида «намунали туризм қишлоғи», «Боғи баланд» маҳалласида «туризм маҳалласи» ташкил этилди. Бу Самарқандга ташриф буюрган сайёҳ кўз ўнгида ўтмишимизнинг тўлиқ бўй-басти билан намоён этиш иконини яратади.
Эътироф этиш жоизки, вилоят ҳудудидан ўтган М-37 ва М-39 автомагистрал йўллари бўйида (меҳмонхона, кемпинг ва бошқа) объектларни бунёд этиш ишлари жадал суръатда. Умумий қиймати 74,4 миллиард сўмлик мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилишига асос бўлади.
– Ургут туманининг Омонқўтон қишлоғида жойлашган «Дўстлик» оромгоҳида ҳам туризм йўналиши пойдевори қўйилмоқда, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Ургут тумани кенгаши раиси Шуҳрат Набиев. – Бу масканда «Zamin – travel» МЧЖ 2022 йил якунигача 2 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган мидорда инвестиция киритиб, спорт-соғломлаштириш мажмуаларига эга 100 ўринли оромгоҳ, 75 ўринли 20 та кемпинг, «уч юлдузли» хизматлар сифатига эга 100 ўринли меҳмонхона қурилишини бошлаш арафасида.
Самарқанд туманидаги «Янги жой» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида эса «Оқбўйра гарден» дам олиш масканини ташкил этилмоқда. Бу ерда 20 та ёзги, 20 та қишки дам олиш уйлари, бассейн, умумий овқатланиш марказлари қурилади. Туристларга тоққа сайр қилишга шароит яратилмоқда.
Хуллас, кўҳна макон жозибаси, кўрк-у тароватини оширишнинг барча чоралари кўрилаётир. Бу эса келгусида туризм соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшажак.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар