35 савол нималарни ойдинлаштирмоқда?

83

«Аёллар ва ёшлар дафтарлари»ни шакллантириш мақсадида ишчи гуруҳи аъзолари Урганч шаҳридаги хонадонларда бўлишди.
– Ассалому алайкум, биз пойтахтдан келдик. Мен Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакили Мухтабар Бўриеваман, бу киши Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си вакили Тўлқин Хидиров, Ўзбекистон Ёшлар агентлиги бошқарма бошлиғи Мансур Машарипов. Давлатимиз раҳбарининг одамларни рози қилишга йўналтирилган сиёсати, аёллар ва ёшларни ижтимоий, маънавий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида берган топшириғи асосида Урганчга келдик. Ўрганишларимиз асосида, аёллар ва ёшлар дафтарлари» шакллантирилади. Сизга бир неча саволлар билан мурожаат қилсак майлими?
Урганчнинг «Мустақиллик» маҳалласи хонадонларидаги самимий мулоқотлар шу тарзда бошланди. Шундан сўнг хонадон аъзоларининг фикрлари, саволлари, муаммолари ўрганилди.
– Бизни йўқлаб келганингиздан бошимиз кўкка етди, – дейди Муҳаббат Рўзметова. – Оиламизнинг уч аъзоси 19 ёшдан 30 ёшгача, икки ўғлим ҳам олий маълумотли, тайинли иш жойи бор, келиним ҳамшира, ҳозирда фарзанд тарбияси билан банд, менинг ёшим олтмишда, турмушимиз яхши.
– Соғлиғингиз яхшими?
– Қон босимим баланд, ҳозиргина поликлиникадан келдим, – дейди Муҳаббат опа. – Лекин ёрдам керакмас, болаларимнинг топиш-тутиши яхши.
Дарҳақиқат, хонадонларга бу галги ташрифлар олдингиларидан тубдан фарқ қилади. Илгарилари хонадонларни ўрганиш жараёнида фақат муаммоли оилаларга кирилар, асосан камчиликлари ўрганиларди. Бу сафар эса ҳар бир хонадондаги ёшлар ва аёллар билан алоҳида мулоқотлар уюштирилиб, ўттиз беш саволдан иборат анкеталар тўлдирилмоқда. Бу ўз навбатида ёшлар ва аёлларнинг турмуш шароитларини, қизиқишларини, интилишлари ва муаммоларини, бандлик масалаларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш имконини беради.
Навбатдаги хонадонда 4 оила яшаши маълум бўлди. Оила аъзоларидан бири Нодира Жуманиёзова ҳамшира бўлиб ишлайди. Бир фарзанди бор. Ёлғиз она. Ота-онасининг уйида ундан ташқари акаси ва опаси ўз оиласи билан яшашади. Хона етарли эмаслиги туфайли укасини уйлантира олишмаяпти. Нодира бир миллион икки юз минг сўм атрофида ойлик олади. Шу боис, кредитга уй олиш учун ­бошланғич бадал пулини тўплай олмаяпти. Ишхонасидан ёрдам сўраганди, раҳбарият бунинг имкони йўқлигини айтди.
– Биз каби бир миллион сўм атрофида ойлик оладиганлар учун бошланғич тўловларисиз кредитлар ажратиш йўлга ­қўйилса, айни муддао бўларди, – дейди Нодира.
Нодиранинг муаммолари анкетада ўз аксини топди.
Дарвоқе, Урганч шаҳри ва Урганч туманларида Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганиш­лари қизғин давом этмоқда. Улар махсус саволнома асосида ҳар бир хонадонларга кириб, ҳар бир саволга аниқ жавоб олмоқда. Маълумотлар шу куннинг ўзида шаҳар ва вилоят кесимида таҳлил қилинаётир.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар