Миллат қачон юксалади?

177

Кейинги пайтларда давлат тилига, уни тоза сақлашга бўлган эътибор кучайди, ҳатто, айтиш мумкинки, шиддатли тус олди. Қизғин баҳс-мунозаралар, ўзбек тилининг қанчалар бой эканини исботловчи мисоллар, илдизи анчайин қадим тарихга боришини асослашга қаратилган мақолалар, турли чиқишлар ижтимоий тармоқлардан тортиб босма нашрлар саҳифаларини тўлдирди, теле ва радиоканалларга узатилди. Бир жиҳатдан она тилининг мавқеи, эртаси ва софлигига жамият аъзоларининг бефарқ эмаслиги кишини қувонтиради. Аммо, иккинчи томондан, шунча жўшқин, эҳтиросли чиқишларнинг бир чақнаб сўниши беихтиёр хавотирга солади кишини.

Ўз-ўзидан савол туғилади: она тилининг мавқеини кўтаришда қай жиҳатга этибор қаратиш, тил эгалари бунинг учун нималар қилмоғи ёки қилмаслиги лозим? Нималарни қўлга киритиш ёки воз кечиш тобора ўчиб бораётган ўзбек тилини асраб қолади?

Бу борада фикр юритар эканмиз, яранинг патос бойлаб, жуда чуқур илдиз отиб кетгани ойдинлашади. Биргина жиҳатни олиб кўрайлик – пойтахтимизнинг ўзида ҳозирда рус мактабларининг сони билан ўзбек мактабларининг сони деярли тенглашиб қолган. Аниқроқ қилиб айтганда, тўрт юз қирқ минг нафарга яқин ўқувчининг салкам ярми рус мактабларида ўқийди. Ваҳоланки, ушбу мактаблардаги болаларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб. Ҳеч ким мажбур қилмаса ҳам, қайтага бир дунё югур-югурлар билан ўзбек фарзанди рус мактабига бериляпти.

Нега? Саволга жавоб шундаки, кейинги ўттиз йил мобайнида ўзбек деган миллат гастербайтерлик тақдирига кўникди. Бу жуда ёмон, бу жуда хатарли.
Беихтиёр таажжубга тушасан – жуда кўпчилик ҳаётда эришган барча ютуқларининг сабабини рус тилини билганида кўради. «Фарзандим рус тилини билса, мендан ҳам каттароқ ютуқларни эгаллайди, лавозими баланд бўлади» деб ўйлаганлар, эҳ-ҳе, қанчадан-қанча?.. Аслида улар ҳозир эгаллаб турган ўринларида рус тилини билгани учун эмас, худо назар қилгани, 5-6 нафар одамни ­бошқаргулик иқтидор бергани учун ўтирибди. Улар рус эмас, япон тилида ўқиганида ҳам шу даражага эришар эди. Ўзбек тилида ўқиганида ҳам. Бунга рус мактабда ўқиганининг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Албатта, ўзга тилни билиш керак. Билиб қўйса – зарар қилмайди. Фақат она тилидан устун кўриш эвазига эмас!
Бир замонлар миллатнинг бешта белгиси бўлар эди. Ҳозир улардан битта қолган – тил. Тил йўқолдими – миллат ҳам йўқолади. Ўзбек тилини билмайдими – демак, у ўзбек эмас. Учинчи йўл бўлмайди. Қоши қанчалик қора бўлмасин, паспортига неча марта ўзбек деб ёзиб қўйган бўлмасин, у ўзбек эмас.
Мана, 2018 йилда Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди. Унинг асосий вазифаларидан бири «Давлат тили тўғрисида»ги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратини жорий этишдан иборатлиги таъкидланди. Аммо орадан ўтган икки йилда вазият биз ўйлаган даражада ўнгланмади.
Шак-шубҳа йўқки, бу ташкилотда шу масалага жони ачийдиган, фақат топшириқ берилгани учун эмас, қилмаса туролмайдиган бўлгани учун, куйиб кетадиган одамлар ишлаши керак! Аксарият ташкилотлар раҳбари ўзбек бўлгани, давлат тили ўзбек тили экани ҳолда қонунлар рус тилида ёзилиши тўғрими? Нима учун «Ўзим ўзбек бўлсам. Наҳотки, шу битта қонунни ёзадиган даражада саводим бўлмаса?! Унда нега ўтирибман бу ерда?!» ёки «Нега давлатнинг белгилаб қўйган тилида ҳужжат тўлдиришни билмайдиган одамни ишга қабул қилишим керак?!» деб ҳеч ким хижолат чекмайди?!
Шу боис ишни, аввало, одамларда ўзига ҳурмат ҳиссини уйғотишдан бошлаш керак. Киши ўзининг одам экани, шу ҳурматга лойиқлигини теран англаса, ўзбеклигидан фахр-ифтихор туйсагина миллат равнақи учун жон куйдира бошлайди. Ўзини ҳурмат қилмаган, ўзгадан паст кўрган касга тил тозалиги-ю миллат бутунлиги ҳеч қизиқ эмас.
Энг муҳими, ўзимизга иккинчи нав эмас, баланд одамман, деб қарашни ўрганишимиз шарт. Миллатимиз бир аср давомида зулмга кўникиб қолди – шу туйғуни парчалаш зарур. Ўттизинчи йилларда миллат ойдинларининг бутун бир авлоди «миллатчи» деган айбловлар билан йўқ қилинди. Адабиётда, миллий маданиятда улкан бўшлиқ ҳосил қилган бу ҳодиса одамларимиз кўнг­лида кучли қўрқувни уйғотди. Бу ҳайбатли қўрқув кейинги авлодларга ҳам тарбия орқали эмас, қон билан ўтиб ­келяпти. Бугунгача ҳам сал саводи чиққан бир шўрлик гапирмоқчи бўлса, аввал ўзининг миллатини эмас, бошқалар миллатининг ғамини еб, ўшаларнинг ташвишини қилиб, ўшани айтиб сўз бошлайди. Гўё тўғридан-тўғри ўзбек ҳақида гапирса, ­бошқаларга миллатчи бўлиб кўриниб қолишдан қўрқиб қолган шўрлик. Нимага қўрқаётганини ўзи билмайди. Фақат жон, нафс бандаси бўлиб қолгандек. Ўз тилини тозаламайди. Масалан, деярли ҳамма «мусор» дейди. Бўлмаса қўллашимиз мумкин бўлган «чиқинди», «чиқит», «қўқим» деган сўзларимиз бор. «Сочинг қўқиб кетибди, уйинг қўқиб ётибди» деймиз-ку?!
Тилимизнинг ҳозирги ҳақир, абгор аҳволга тушиб қолишига яна бир сабаб бор – 1989 йилда қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги қонун ишламади. Чунки қонун ҳали совет ҳукумати қудратли бир империя бўлиб турган вақтда халқнинг босимидан қўрққан амалдорлар азбаройи халқни тинчитиб қўйиш учун қабул қилган эди. Асло ўзбек тилини кўтариш учун эмас. Шу боис, қонуннинг бирор жойида мажбур қилиш элементи йўқ эди.

Қонун нимаси билан қонун? Қонун унга риоя этишга мажбур қилсагина, бажармаганлик учун жавоб бердирадиган механизмга эга бўлсагина қудрат касб этади, ишлай ­бошлайди. Демак, тил тўғрисидаги қонунимизни тубдан янгилаш вақти келди. Тил тозалиги, миллат бутунлиги, тил қадрини ошириш борасида сўз олган мутахассис кўпинча «Биз бошқа тилларни камситмаган ҳолда», деб сўз бошлайди. Худди Ўзбекистон деган юртда ўзбек тилидан бошқа бирорта тил камситилаётгандай.
Тадбир ўтказиш билан, телевизорга чиқиб гапириш билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Ҳар биримизни нега тил масаласи қайта-қайта кўтарилса ҳам ечилмаяпти, нима қилишим керак, ўз юртимда муваффақиятга эришиш учун нега рус ё инглиз тилини билишим шарт, нега хорижликлар Ўзбекистонда бир умр ўзбек тилини ўрганмай яшаб кетаверади, деган саволлар безовта қилиши лозим.
Ўзбек деган одамнинг шаънини кўтаришимиз керак! Одам қадри юксалса, миллат қадри ошади, ўз ўзидан тилнинг ҳам мавқеи кўтарилади.

Қозоқбой
ЙЎЛДОШЕВ,
педагогика фанлари доктори, профессор

Бошқа хабарлар