Соғлиқни сақлашда “Xatlov” электрон тизимида 30 млн аҳолининг маълумотлари шакллантирилган

652

Бу ҳақда АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, «Электрон поликлиника», «ТМEК», «Наркологик диспансер», «Психологик диспансер», «Бемор», «Эмлаш», «Хатлов», «Туғилиш ва ўлим», «ПЦР-тест тизими» ва бошқалар ишга туширилган.

Аҳоли ўртасида патронаж текширувларини оптималлаштириш, хавф гуруҳларига ажратиш мақсадида йўлга қўйилган “Xatlov” электрон тизимида 30 млн аҳолининг маълумотлари шакллантирилди.

«Электрон поликлиника» ахборот тизимига 423 та бирламчи тиббиёт муассасаси уланиб, 10 546 нафар тиббиёт ходими рўйхатдан ўтказилди ҳамда 9 миллион нафарга яқин бемор ҳақидаги маълумотлар шакллантирилди. Шифокорларнинг иш жадвалини онлайн кўриш ва уларнинг қабулига масофадан ёзилиш имкони яратилди.

Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ҳисобини юритиш бўйича “Emlash.uz” тизими ишга туширилди. Тизимда 5,4 минг нафар фойдаланувчи томонидан 4,1 миллион нафар аҳолининг маълумотлари шакллантирилди ҳамда эмланганлик тўғрисида онлайн сертификат олиш имконияти яратилди.

Руҳий касалликлар диспансери, наркология диспансери ҳисобида турганлик ва ногиронлик тўғрисидаги (ТМEК) маълумотлар рақамлаштирилди ва Электрон ҳукумат тизимига интеграция қилинди. Бу борадаги маълумотларни онлайн олиш имконияти яратилди ва унинг натижасида қоғозбозликка чек қўйилди.

Тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида «103» ягона ахборотлаштирилган бошқарув тизими Тошкент шаҳрида тажриба лойиҳа доирасида ишга туширилди.

Шунингдек, жорий йилда «Электрон ордер», «Телемедицина», «Тиббий жиҳозлар ҳисоби», «Кадр ресурслари», «Онлайн ўқитиш», «Тиббий суғурта» каби тизимларни ҳамда мобил иловаларни ишга тушириш ҳам режалаштирилган. 2022–2025 йилларда ягона электрон тиббий карта, электрон шифохона, электрон рецепт, лаборатория ва радиология ҳамда сунъий интеллектга асосланган тизимлар амалиётга жорий этилади.