“Маънивият фестивали” иш бошлади

319

   Тадбир доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти фаолияти акс этган фотокўргазма ҳам бўлиб ўтди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов, Кинематография агентлиги бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.      Тошкент Фотосуратлар уйида “Маънавият фестивали” Матбуот анжумани ҳамда Ўзбекистон Халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан “Буюк истеъдод ва улкан қалб соҳиби” бадиий-мусиқий кечаси бўлиб ўтди.

Эътироф этиш жоизки, жорий йилги фестиваль доирасида ўндан ортиқ: “Янги Ўзбекистон — янги ренессанс сари!”, “Маърифат улашиб”, “Янги Уйғониш даври китоб ва кутубхоналардан бошланади”, “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий”, “Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри”, “Фаол фуқаро”, “Маърифат тур”, “Мақом кечалари”,“Бахтли болалик”, “Бир нуроний — беш нафар ёшга мураббий”лойиҳаларини  ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида миллий ва тарихий киноларнинг  намойиши ҳам бўлиб ўтади. Мазкур лойиҳада «Маҳмудхўжа Беҳбудий», «Исҳоқхон Ибрат», «Ота уй», «Элпарвар», «Берлин — Оққўрғон»,«Иссиқ нон» каби 20 га яқин ватанпарварлик, ёшлар онгида миллий руҳ ва миллий ғурурни шакллантириш, аждодларга муносиб авлод бўлиш, илм олиш зарурати билан боғлиқ мушоҳада қилишга чорлайдиган кинофильмлар намойиш этилади.

Ёшларни ҳар томонлама зукко, билимли, жамият ҳаётида фаол этиб тарбиялаш, уларда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида “Фаол фуқаро” дебат клуби семинар тренинглари бўлиб ўтади. Семинар-тренинг мамлакатимизда ўсиб, вояга етаётган ёш авлодни ҳар томонлама мукаммал ва мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган ёшларни тарбиялаш, уларда тизимли таҳлил қилиш, мантиқий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бориш қобилиятларини ривожлантириш ҳамда ўқувчи-талабаларда ватанпарварлик ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларга ўртага қўйилган муаммога холис ёндаша олиш, ўз фикрларини асослаш ва аниқ баён қилиш, малакаларини шакллантиришда кўмак бериш ҳамда тўғри йўналтиришда катта аҳамият касб этади. Ҳудудларда “маҳаллабай” тарзда тарбияси оғир, уюшмаган, маънавий кўмакка муҳтож ёшларни қамраб олган ҳолда “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида семинар-тренинглар, маҳаллаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда ёшларга кўмаклашиш мақсадида “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида давра суҳбатлари ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

“Маърифат тур” лойиҳаси доирасида мамлакатимизда яшаётган кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни юртимиздаги тарихий обидалар, қадамжолар, диққатга сазовор жойларга ташрифи уюштирилади. Шу билан бирга уларга мотивация берадиган китоблар ҳам берилади. Эътиборли жиҳатлардан яна бири жорий йилги “Маънавият фестивали” доирасида илк бор “Мақом кечалари”нинг ўтказилишидир. Ўрни келганда айтиш керакки, “Мақом кечалари” ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ўқувчи ёшлар орасида мақом санъатининг кўп асрлик ижро йўллари, қадимий тарихи, ноёб санъати, анъана ва одатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилишини эса алоҳида таъкидлаш зарур.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги муносабати “Олтин коллекция” дискининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этганлар ўзбек эстрадасининг жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллашида Ботир Зокировнинг ҳиссаси катта эканини таъкидлади. Шунингдек, унинг ижоди замонавий ўзбек маданиятини кенг тарғиб этилишида катта аҳамиятга эгалигини, халқимизнинг севимли санъаткори бўлган Ботир Зокиров ўз даврида ўзбек булбули, дея эътироф этилганини ҳам ёдга олдилар.

Зокировлар сулоласи вакили, Ўзбекистон Халқ артисти Гавҳар Зокирова сўзга чиқиб, Ботир Зокиров нафақат ўзбек эстрадаси, балки Шарқ эстрада санъатининг улкан намояндаларидан бири эканлиги, у санъатнинг қатор жанрларида баракали ижод билан шуғуллангани, бетакрор суратлар чизгани, прозада илҳом билан қалам тебратиб, ажойиб либреттолар  ёзгани ҳақида хотирлади.

Шундан сўнг тадбирга келган санъаткорлар Шухрат Дарё, Қорақалпоғистон Халқ артисти, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Женисбек Пиязов ҳамда “Марварид” болалар гуруҳи ўз чиқишлари билан иштирокчиларни хурсанд қилди.

Б. Муртазаева,

З. Намозова