«Учинчи дарё» излари

294

Икки дарё туташган манзилларда ўзига хос бир хислат бор. Самарқанд ерларига жон бағишлаб келаётган Оқдарё ва Қорадарё айнан Каттақўрғон поёнида Зарафшонга эврилади. Миёнкўл мақомини олган бу заминнинг тупроғи унумдор, деҳқонлари тадбиркор. Аммо кейинги йилларда туманда жиддий иқтисодий қолоқлик яққол кўзга ташлана бошлади. Бу эса одамларнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказмасдан қолмади.

Тасаввурни тиниқлаштириш учун яқин мозийга бир назар ташласак. Бундан уч йил илгари туманнинг вилоят саноатидаги улуши атиги уч фоизга тенг бўлган. Хориж сармоя­­си асосидаги корхоналар сони 2 тагина бўлиб, бу вилоят миқёсининг атиги бир фоизига ҳам етмасди. Йўллардаги аҳволдан «қовурғалар қийшайгани» ҳам бор гап. Аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринлари яратилиши қоғозлардагина устуворлик касб этиб келган. Шу тариқа илғор Каттақўрғон ўртамиёналикдан ҳам ­пастроққа шўнғиган эди…
Тирноқ орасидан кир қидириш – номардлик. Бўлаётган воқеа-ҳодисаларни илғай олмаслик бефаҳмлик ҳисобланса, бугун кўз ўнгимизда гуллаб, кундан кунга юксалаётган Каттақўрғон тумани ҳақида мухтасаргина сўз айтмаслик инсофдан эмас.

Янги уйда алла айтар оналар

«Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли тадбирлар» ­дастури Каттақўрғонда ҳам амалга оширилди. Ишчи гуруҳ ижтимоий мураккаб аҳволга тушиб қолган оилалар, ишсизликдан қийналган аёллар аҳволини ўрганиб чиқди. Туманда уйма-уй юриб ўрганишлар чоғида ўнлаб оилалар ҳали ўз уйларига эга эмаслиги аён бўлди. Эндиги вазифа кимга қай тахлитдаги кўмак кўрсатилишида қолган эди…
Аммо Каттақўрғон тумани раҳбарлари касаба уюшмалари ажратадиган маблағни қўлини кўксига қўйиб, қабул қилмади. Кўмак миқдори билан қизиқди. «Берганнинг бетига қарама» қабилида иш тутмади. Ҳисоб-китоб қилиб кўриб, шартта амалий таклифини айтди.
– Туманимизда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиб, баъзи ишларни режа қилиб қўйганмиз. Давлат ва касаба уюшмалари томонидан кўрсатилаётган кўмакка оид таклифимиз бор, – деди ўшанда туман раҳбари, раҳматли Аъзамхон Баҳромов. – Бу йўналишга мўлжалланган маблағга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшсак. Ўнта бошпанасизга замонавий тарзда янги уй қуриб берсак. Қолган барча муаммоларни ички имкониятлар асосида ҳал этамиз. Уй қуриш билан бирга ўша атроф­даги иккита маҳаллада юз нафарга яқин аёлни иш билан таъминлайдиган корхоналарга ҳам пойдевор қўйишни мўлжаллаб турибмиз.
Ўзаро келишув ижросини уй-жойга муҳтожлар узоқ кутмади. Роппа-роса олти ой деганда замонавий уйлар қад ростлади. Бюджет маб­лағларини жалб этмаган ҳолда 1 миллиард 600 миллион сўм туман, 643 миллион сўм касаба уюшмалари маб­лағлари ҳисобидан 10 та 3 хонадан иборат хонадон қуриб битказилди. Туманнинг иккита маҳалласида 90 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга мўлжалланган 2 та тикувчилик корхонаси ишга туширилди. Янги иш ўринлари яратилишига касаба уюшмалари ҳам иқтисодий ёрдам берди. Бир умр ўз бошпанасига эга бўлиш орзусида бўлганларнинг тилаклари ушалди. Мустақиллик тантаналарига уланиб кетган ҳовли тўйларида пандемия шароитида фидойилик кўрсатган қурувчилар ҳам рағбатлантирилди. Шу куннинг ўзида қўлида ҳунари бўла туриб, уйда ишсиз ўтирган 35 нафар хотин-қизга тикув машиналари топширилди.
– Бировнинг уйида яшаб, фарзандингга алла айтишга ҳам ийманар экансан, – дейди янги хонадон соҳибаларидан бири Гулбаҳор Наҳанова. – Ўз уйим – ўлан тўшагим. Бунда фарзандларимизни эмин-эркин улғайтирамиз. Бизга бу имкониятни берган Президентимиз, касаба уюшмалари, туманимиз раҳбарларидан миннатдормиз.

Боққа айланган янтоқзор

Юз минг нафардан ортиқ меҳнатга лаёқатли аҳолининг ўн бир ярим минг нафардан зиёдроғи меҳнатга талабгорлар саналади. 3 минг 556 оила эса кўмакка муҳтож бўлиб, ҳатто «ўз араваси»ни тортиш имкониятига ҳам эга эмас эди. Бу хонадонлар «темир дафтар»га киритилиб, 724 та тадбиркорлик субъекти ва ҳомийларга бириктирилди.
– Туманимизда кам таъминланган оилалар иқтисодини юксалтиришнинг турли усуллари қўлланилди. Бундан кўзланган мақсад уларга муддатли кўмак кўрсатиш эмас, балки доимий даромад олиш имкониятига эга бўлишини таъминлашдан иборат бўлган, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Каттақўрғон тумани кенгаши раиси Абдурашид Рустамов. – Ана шу мақсадлар ижросига эришиш йўлида 14 та қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилиб, 161,4 гектар ер майдони узоқ муддатли ижара асосида 553 та кам таъминланган оилага 30-50 сотихдан бўлиб берилди. Фуқароларга бу майдонларни ўзлаштириш, ток, қулупнай ва бошқа экинлар экиб олиш учун шароит яратилди. Ер эгаларига Бандлик жамғармасининг 804 миллион сўмлик субсидияси асосида қудуқлар қазиб, сув чиқарилишига кўмаклашилди. Лалмикор ва бўз ерларни одамлар ўзлаштириб, боққа айлантиришди.


Хайрли ва савобли ишларда тадбиркорлар ҳам қўл қовуштириб туришмади. Ана шундай элим, юртим, дея бел боғлаганлардан бири «Қўшҳовуз экспорт» масъулияти чекланган жамияти бўлди. Корхона ўзига ажратилган ер майдонининг 10 гектардан ортиғини 20 та кам таъминланган оилага бўлиб берди. 2 та артезан қудуғи қаздирди. Фуқароларга бу майдонларга ток қаламчалари ундириш, улар орасига турли сабзавот, полиз экинлари экишга ёрдам берилди. Кам таъминланган оилаларнинг ҳар бири деҳқончиликни бошлаганининг илк йилидаёқ 8-10 миллион сўмдан даромад олди.
Биргина шу йилнинг ўзида оилаларни камбағалликдан чиқариш, банд­лигини таъминлаш йўлидаги ­саъй-ҳаракатлар натижасида 5 минг 59 нафар фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлди. Туманнинг дашт ва тоғолди қишлоқлари аҳолиси ижтимоий муҳофазаси, бандлигини таъминлаш ҳам эътибордан четда қолган эмас.
– Давлатимиз раҳбарининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган ташаббуслари туманимизда ҳам катта самара берди, – дейди А.Рустамов. – Олис ҳудудлар бўлмиш Мойбулоқ, Андоқ, Қўшҳовуз ва Янгиобод даҳасидаги 400 гектар ер ўзлаштирилди. Бу майдонлар камбағаллик рўйхатига олинган 800 та оилага тақсимланиб, фаолиятларини йўлга қўйиши учун 17,5 миллиард сўм миқдорида моддий кўмак кўрсатилди.
Саъдулла Рўзиқулов оиласини ишсизлик, даромаднинг йўқлиги, етар-етмовчилик кам таъминланган оилалар сафига қўшди. Билагида куч, юрагида ўт бўлса-ю, қўлидан ҳеч иш келмаслигини ўйлаб, эзилиб юрган Саъдулла даштдан ер берилишини эшитиб қолди. Гарчанд бу майдонлар бу хонадонга 14-15 чақирим олис бўлса-да, меҳнатдан қочмайдиган йигит ­раъйини ҳеч ким қайтармади. Лалмикор ерда иш бошлаганидан кейин ҳокимлик кўмагида кредитга мотороллер олди. Деҳқон етиштирган маҳсулотини ўз уловида харидорларга етказаётганидан мамнун.
Бир томчи сувни кутиб осмонга қарайдиган даштларда боғ ва токзорлар барпо этилаётир. Айниқса, бу ­масканларда иссиқхоналарнинг қурилиши олис қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлашнинг яна бир кафолати бўлмоқда. «Маранда инвест» масъулияти чекланган жамиятининг 4 гектарлик иссиқхонаси ана шу қақроқ майдонларда ташкил этилган. Узоқ вақтдан бери кўпириб-кўпчиб турган заранг ерда Хитой технология­­си асосида ташкил этилган иссиқхонада етиштирилган сабзавотларнинг таъми ҳам, мазаси ҳам бошқача. Ҳар гектар ер ҳисобига 20 тоннадан ҳосил олиб келаётган иссиқхона теварак-атрофда яшовчи 40 нафардан зиёд одамнинг иш билан бандлигини таъминлади.
Каттақўрғонликлар эндиликда лимончиликда ҳам ўз омадларини синаб кўришяпти. Айни чоққача тумандаги аҳоли хонадонларида ­1 минг 650 та ихчам иссиқхонада лимон парваришланмоқда. «Турон банк» ва «Мик­рокредит» банк кредитлари ҳисобига бир минг юздан зиёд хонадонда 2-3 сотихли лимонариялар барпо қилинди. 50 нафардан ортиқ тадбиркорга 1 гектардан ер ажратилиб, бу йўналишдаги фаолият рағбатлантирилди. Бу эса икки ярим минг нафар одамнинг муқим иш билан таъминланишига сабаб бўлди. Лимончиликка асосланган кластер бу заминда етиштирилган маҳсулотларни сотиб олиш ва экспортга йўналтириш билан машғул.
Йўлни қийшиқ арава бузади(ми?)
Ўтган йили хизмат юзасидан туманнинг қўшни вилоят тумани – Хатирчи билан ёндош ­қишлоқларига боришга тўғри келди. Гапнинг рости, 30-40 йиллардан буён таъмир нималигини кўрмаган йўллардаги азобни асти сўраманг. Қишлоқлараро боғловчи йўллардан тош йўл номи қолган эди, холос.
– Тизим корхоналари иқтисодий ночорлиги боис бу жамоаларда қўнимсизлик ўта авж олиб кетган эди, – дейди Транспорт, йўл, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси ходимлари Самарқанд вилояти бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Сирожиддин Иззатуллаев. – Меҳнатга ҳақ тўлашда узилишлар содир бўла ­бошлади. Йўл тузатиш корхоналарида ишлаш истагида бўлганлар сони кескин камайди. Борлари ҳам бош­­қа касб этагини тутиб кета бошлади. – Каттақўрғон йўл хизмати корхонасида ҳам худди шундай ҳолат ҳукм сургани рост. Бу ерда 2018 йилдан бошлаб катта ўзгаришлар ясалди.
Ҳокимнинг қатъий ҳаракатлари туфайли йўл қурилиши, таъмирлаш, ташиш ва барча юмушларни бажарадиган техникалар олиб келинди. Ишлар юришиб кетди. Биргина шу йилнинг ўтган даврида 100 километрга яқин йўл таъмирланди. Бу жараён босқичма-босқич жадал давом эттирилмоқда.

Илдамлаётган иқтисод

Уч йил илгари каттақўрғонлик пиллачилар 160-180 тонна атрофида пилла етиштириш билан чекланган. Бироқ «Имконият шу, шароит шу» деб юрганлар янглишиб қолди. Туманда бу йўналишдаги тизимли ишлар ташкил этилгани соҳа ривожини таъминлади. Каттақўрғоннинг имкониятлари катта экан. Қилинган меҳнат, чекилган заҳмат ўз мевасини берди. Биргина шу синовли йилда аввалгилардан икки баробар кўп, аниқроғи, 330 тонна пилла хомашёси етиштирилди. Туман аҳолисининг саккиз минг нафари мавсумий, 500 нафардан ортиқроғи доимий тарзда ана шу юмуш билан банд бўлиб, даромад оляпти. Эътиборлиси, «Кадан» маҳалласида пиллани қайта ишлаб, тайёр мато ва маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхонага тамал тоши қўйилди.
Туманда хориж сармояси асосидаги корхоналар сони ўтган қисқа даврда 12 тага кўпайди. Бугунги кунда туманда давлат рўйхатидан ўтган 4 минг 13 та корхона мавжуд. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан улар сони 597 тага кўпайган. Саноатни ривожлантириш ҳудудий дастур ижроси бўйи­­ча 281 миллиард сўмлик 144 та лойи­ҳанинг амалга оширилаётганининг ўзиёқ туман парвозининг қанчалик баландни кўзлаётганидан далолатдир.
Каттақўрғон эркин иқтисодий зонасини барпо этиш бу ердагиларнинг орзусига айланган паллада тадбиркор ва ташкилотчи раҳбарни йўқотиш туман аҳлини бир қалқитгани айни ҳақиқат. Аммо бу заминда учинчи дарёга айланган инсондан яхши ном, эзгу ишлар, кўркам боғлар қолди. У киши бошлаган ишлар яна давом этажак. Зеро, эзгуликнинг йўли мудом ойдиндир.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар