ГЎШТ НАРХИ АРЗОНЛАШАДИМИ?

276

ёхуд тарозунинг қай палласи тош босмоқда?

Бу борадаги баҳс-мунозаралардан чарчаб ҳам кетдик. Пўстаги қоқилмаган бозорқўм ва қассоб қолди. Мутасаддилар ҳасрат оловини ўчириш учун бир-икки жойда арзонлаштирилган гўшт сотувини (номигагина) ташкил этишдан нарига ўтишмайди. Баъзи-баъзида чорвадор ва деҳқонга қайишгандек ҳам бўламиз. Чайналиб бўлган мавзу яна ўз ҳолига ташлаб қўйилиб, эскириб, ҳаммаси яна ўз «изига» тушиб кетаверади. То гўштнинг нархи яна лоп этиб кўтарилгунича…

Аслида нархи кўтарилган фақат гўштми? Шундай бўлса, нега бунга йўл қўйил­япти? Бу масала «бир қошиқ қонимдан кечинг» дея юкиниш билан ҳал бўлмайди. Муаммонинг илдизи анчайин чуқур.
– Фермерлик ҳаракати бошланган давр­лар аввалида чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш кўзда тутилганди, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Нормурод Ражабов. – Жамоа чорваси аста-секин ана шу «қалдирғоч» тадбиркорлар қўлига ўтди. Тан олиш керак, чорванинг меҳнати ва заҳмати ҳаммага ҳам хуш ёқавермайди. Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари аста-секин камая бориб, йиллар давомида деҳқон хўжаликларига айланди. Натижада, бу соҳада фаолият юритадиган хўжаликлар сони саноқли даражага келиб қолди. Бугунги ­шароитда аҳоли чорвасига суянмасдан масалага ечим топиш ўта мушкул.
Вилоятда Нуробод тумани чорвачилик соҳасида энг нуфузли туман саналади. Айнан шунга кўра ҳам кейинги олти ой учун эҳтиёждан ортиқча ўн бир минг тонна гўшт ишлаб чиқариб сотиш мўлжалланаётир. Чорвачилик кластери ташкил этилиб, гўшт ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлашга тайёргарлик кўрилаётгани айтилаётир. Бу ҳаракатлар келажакда ўз мевасини беришига ишонамиз.
– 109 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан ижтимоий шерик­лик алоқаларини ўрнатганмиз, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Нуробод тумани кенгаши раиси Муҳиддин Суюнов. – Ушбу хўжаликларда меҳнат қилаётган 600 нафарга яқин чорвадорлар меҳнати муҳофазага олинган.
Касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилаётган чорва фермерлари ишлаб чиқарган гўшт миқдори 466 тоннани ташкил этмоқда. Бундан англашиладики, туманда ихтисослашган хўжаликларнинг йиллик тайёрлаган маҳсулоти миқдори 500 тонна атрофида. Борингки, турли йўналишда 500 дан зиёд фаолият кўрсатаётган фермерлар улуш қўшганида ҳам яратиладиган захира миқдорини қоплаш душвор. Бу олти ойда сотувга чиқарилиши мўлжалланаётган ўн бир минг тонналик гўшт «хирмони»нинг аксар қисми кимнинг гарданига тушмоқда? На ери бор, на ем-хашаги бор аҳолининг гарданига тушаётир деганидир. Барча туман кенгашлари сессияларида май ойигача бўлган фурсатда аҳолининг май ойигача бўлган эҳтиёжи ва шу муддатга етадиган гўшт захиралари ҳақидаги масала кўрилди. Мутасаддилар ­кўкламгача етадиган захиралар борлигини билдиришди. Тўғри-да, ҳеч ким қозонини қуруқ сувга ташлаб қўймайди-ку. Кишини ранжитадигани, бирор-бир ҳолатда асосий юкни кўтариб келаётган аҳоли чорваси эсга олинмади. Аҳоли чорваси учун қанча ем, қанча озуқа базаси яратилди, деган савол ўртага ташлангани қулоғимизга чалингани йўқ. Қачонгача чорвадор деганда соҳа заҳмати қолиб, «барра-кабоб» эсланади. Аччиқ гапиришга асосимиз бор.
– Илгари қишлоғимизда йилига битта-иккита новвос боқиб семиртирмаган хонадон бўлмасди, – дейди пайариқлик Бекзод Нурбеков. – Ҳозирги кунда рўзғор учун битта сигир ушлаб турган одам камдан-кам. Бу чорвага қизиқишнинг сусайганидан эмас. Балки қиш­лоқда чорва қилиш учун имкониятларнинг қисқариб кетганидандир. Ҳозир фермер даласи эгати, ҳудуддаги ариқ зовурларнинг бўйи­­га мол етаклаб борган одам ер соҳибидан эшитадиганини эшитади. Уйда боғлаб боқишнинг эса турган-битгани бош оғриғи. Битта сигирни ушлаб туришга салкам бир оилани боқишга кетгулик сарф-харажат кетяпти. Бир кило ем 3500-4000 минг сўм. Пресланган похолнинг бир боғи 10 минг сўм. Бир кило емнинг пулига 1,5 литр сут бераётир. Мол қилмасангиз, сомонга пул сарфлаш, меҳнат қилиб, заҳмат чекиш йўқ.
Шу кезларда қассобларнинг ҳам фиғони фалак. Ҳар йилги «касал» яна хуруж қилди, дейишаётир.
– Шундай пайтлар бўладики, қассоб бўлганингга ҳам пушаймон бўлиб кетасан, – ­дейди самарқандлик Нодир қассоб. – Минг бир бозорни кезиб, пичоққа илинадиган мол топгунингча она сутинг оғзингдан келади. Семиз мол олиш илинжида бу ёғи Қўшработ, бу ёғи Нуробод бозорларигача кезиб чиқамиз. ­Дидга ўтирадиган молни топсак хўб-хўб. Тополмасак қилинган харажат зое кетади. Ахир биз ҳам бола-чақа деб юрибмиз-ку! Биз ҳам худодан қўрқамиз. Топганимизни бола-чақага едирамиз. Ризқимизни деҳқондан ўтиниб сўраб оламиз, тортиб олмаймиз.
Хонадонида чорва ушлаётган кўплаб фуқаролар фикрини ҳам ўрганишга тўғри келди. Улар аҳоли чорваси учун ҳеч ким ён босмаслигини, ҳатто ўйлаб кўрилмаётганлигидан ёзғиришди. Ем-хашак тўғридан-тўғри олибсотарлар қўлидан харид қилинар экан. Биржа савдоларида пахта хомашёсидан олинадиган озуқа, ем аралашмаси нархи мос равишда 27 фоизгача кўтарилиб кетди. Биржадан йўлини топиб, савдога олиб чиқаётган «учарлар» қанча устама қўйиши уларнинг ўзларигагина аён. Бутун юкнинг залвори эса хонадонда чорва парваришлаётганлар елкасига тушаётгани айтилмоқда.
Кўриниб турибдики, гўштни арзон қилишнинг бирдан-бир йўли унинг озуқаси мўл-кўлчилигига эришиш, хонадонларда чорва моллари ушлаш, кўпайтиришга рағбат кўрсатиш. Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Афтидан бизда юкнинг бир қисмини кўтарадиган, қаторда «нор» бўлиб турадиган аҳоли чорваси ривожи ортда қолмоқда. Айбни унга-бунга тўнкашдан не наф? Қишлоқ аҳолиси чорваси ривожланмас экан, гўштни кўпайтириш, захира яратиш, арзонлаштириш ҳақидаги гапларнинг бари чўпчаклигича қолаверади.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар