БЕШ ЙИЛЛИК ФАОЛИЯТ САРҲИСОБИ

Охирги йилларда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муҳофазаси ҳукуматнинг мезонига айланди. Хусусан, фуқаролар яшаш шароитини ўрганиш ва уларга моддий ёрдам бериш мақсадида бир қатор ишчи гуруҳлар тузилди ва улар маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамлар дардига қулоқ солдилар. Айниқса, бу жабҳада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарлигида хотин-қизлар муаммолари бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳининг ўрни бўлакча.

Ушбу ишчи гуруҳ шу давр мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида уйма-уй юриб, қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар муаммоларини жиддий ўрганди.

Ўрганиш якунлари бўйича барча ҳудудларнинг туман ва шаҳарлари кесимида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурлари доирасида 122 минг 753 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган муҳтож аёлларнинг 4 минг 413 нафарига қарийб 28 миллиард сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар дастури билан республика бўйича жами 15 минг 380 нафар хотин-қиз қамраб олиниб, уларни қўллаб-қувватлаш учун 76 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2016-2020 йиллардаги фаолияти ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари” мавзусида ташкил этилган матбуот конференциясида атрофлича маълумот берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи олдидан ташкил этилган мазкур матбуот анжуманида охирги 4 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган туб ислоҳотлар, инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар замирида аввало, халқимиз турмуш даражасини ошириш, инсонларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини таъминлаш каби эзгу  мақсадлар мужассам эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шу мақсадларда корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномаларига “Аёллар меҳнатини тартибга солиш”, Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар” бўлими киритилди. Аёлларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланишида касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида жамоатчилик асосида Хотин-қизлар кенгаши, Республика кенгашларида ва ҳудудий бирлашмаларда Хотин-қизлар комиссиялари ташкил этилди. Улар томонидан, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона, ташкилот, муассасаларда ишловчи хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари  ҳимоясини кучайтириш, уларга муносиб ва хавфсиз меҳнат шароити яратиб бериш каби вазифаларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назорати йўлга қўйилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳисобот даврида Федерациянинг асосий йўналишларидан бири саналган ишчи ва ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишларидаги тизимли ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, бир қатор вазирлик-идоралар билан ҳамкорлик натижасида 2016-2020 йиллар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 2000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилди. Бундан ташқари, давлат тиббиёт ва фармацевтика, мактабгача таълим муассасалари, олий таълим ва илмий-тадқиқот, маданият муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимлари жорий этилди.

Ҳисобот даврида корхона, ташкилот ва муассасалар миқёсидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Жамоа шартномаларини тузган юридик шахслар улуши 2016 йилдаги 95,1 фоиздан 2020 йилга келиб 99,6 фоизгача кўтарилди, 2019 йил якунларига кўра республикада 111,5  мингта жамоа шартномалари имзоланди. Ходимларнинг даромадларини оширишда жамоа шартномалари ролини кучайтириш чоралари кўрилиши натижасида 881 минг 212 нафар ходимнинг иш ҳақи оширилган базавий ставкалар бўйича тўланишига эришилди. Республика бўйича ишлаётган касаба уюшма аъзоларининг 55 фоизи асосий узайтирилган, 51 фоизи эса қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 2016 йилдаги 1 млн. 539 минг сўмдан 2019 йил якунига келиб 5 миллион 100 минг сўмга етди.

Бир сўз билан айтганда, ўтган беш йил давр мобайнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси жуда кўплаб ислоҳотларни амалга оширдики, улар ҳақида батафсил маълумот бериш учун бир-бир ярим соатлик матбуот анжумани камлик қилади.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.