Бухоролик делегатлар Қурултой ишида видеоконференцалоқа шаклида иштирок этмоқда

37

Ҳар беш йилликнинг энг муҳим тадбирини жабҳанинг бухоролик вакиллари ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бошқа турли жабҳаларида меҳнат қилаётган фаоллар катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда. Бухоро вилоятидан сайланган жами йигирма нафар делегат ва таклиф этилган етти нафар меҳмондан иборат иштирокчилар орасида касаба уюшмаси фахрийлари, Бухоро вилоятидаги қатор идора, корхона, ташкилотларнинг раҳбар ҳамда ходимлари бор.

Дастлаб вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси биносида меҳмонлар тантанали суратда кутиб олинди. Улар маскан фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Тадбирнинг расмий очилишидан сўнг қизғин муҳокамаларга киришилди. Қурултойда ўқилган ҳар бир маъруза эътиборга молик бўлди. Касаба уюшмалари тизимида юз кўрсатаётган улкан янгиланишларнинг юртимиз тақдири билан узвий боғлиқ энг муҳим жиҳатлари юзасидан кўтарилган масалалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Бухоролик делегатлар орасидан Олий Мажлис Сенати аъзоси, Бухоро давлат тиббиёт институти профессори Абира Ҳусейнова музокара учун сўзга чиқиб, Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳамда унинг ҳузурида хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳининг ўтган қисқа вақт ичидаги самарали фаолиятига тўхталди.

– Меҳнат жараёнида, туриш-турмушимизда қандай муаммога дуч келсак, бизга ҳамиша касаба уюшмалари тиргак бўлади, – дейди делегатлардан яна бири, “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг Бухоро филиали ахборот-маълумот гуруҳи 1-тоифали оператор-телефонисти Оксана Анишенко. – Шу боис барча ходимлар, меҳнаткашлар учун мазкур қурултойнинг аҳамиятини таърифлашга ҳожат йўқ. Бугунги тадбирда тилга олинган масалаларни чуқур ўрганиш, англаб етиш ва амалда тадбиқ этиш келгуси фаолиятимиз ривожида ҳал қилувчи роль ўйнаши шубҳасиз. Қолаверса, касаба уюшмалари тизимидаги кенг кўламли янгиланишлар, янги имкониятлар барчамизга илҳом ва рағбат беради, деб ўйлайман. Қисқача айтганда, бу галги қурултой бизга янги ишонч, янги умид бахш этди.

Рустам ИБРАГИМОВ,

“Ишонч”

Бошқа хабарлар