Ўзни англамоқ шунчалар қийинми?

67

Тарбия ҳақида буюк мутафаккирларнинг асрлар силсиласидан ўтиб, бизгача етиб келган ҳикматлари жамланса, том-том китоб бўлади. Лекин биз улардан керагича сабоқ оляпмизми?

Куни кеча тўрт яшар жиянимнинг боғчадаги Янги йил байраминининг видео-дискини кўриб қолдим. Моҳирона тасвирга олинган видеонинг дастлабки 20 дақиқаси таъсиридами, қанийди, болалигимга қайта олсам эди, дея хаёл сура бошлаганим ҳам рост гап. Аммо саҳнага «Бетмен», «Жек читтак» каби образларнинг кириб келиши таъбимни хира қилди. Тўрт-олти ёшли болаларнинг испанча ­«вальс»га тушганини-ку умуман ҳазм қила олмадим.
Тўғри, биз Янги йилни байрам сифатида нишонлашни анча олдин бошлаганмиз. Аммо тарихи, келиб чиқиши, маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга бўлмаган «Бетмен», «Супермен», «Ўргимчак одам» каби образларга «сиғиниш»га қачон улгурдик? Фарзандларимизга кимларни ўрнак қилиб кўрсатяпмиз?
Тахминан етти яшар болакайнинг юзи беркитиладиган, фақат кўз ва оғиз қисми кесиб олинадиган ўргимчак одам либосини кийиб олгани «ўлганнинг устига тепган» каби бўлди. Воажаб, дунёни ўз илм-у маърифати, миллий анъана, қадрият ва ўзлиги билан лол қолдирган юрт фарзанд­лари қай йўсинда улғайишмоқда?
Ота-оналаримизга бола тарбия­­си нечоғли аҳамиятга эга эканини билмоқчи бўлса, остона ҳатлаб кўчага чиқиб, ёш авлодга, уларнинг ўзини тутиши, гап-сўзлари ва юриш-туришига эътибор қаратиши керак. Ахир, бекорга халқимиз «Бир болага етти маҳалла – ота-она» демаган. Шу важдан ҳам, ҳар биримиз атрофимизда юз бераётган ­воқеа-ҳодисаларга лоқайд бўлмаслигимиз даркор. Зеро, юртимиз келажаги айнан ёш авлод қўлидадир.

Мадинабону НАВРЎЗОВА,
ЎзЖОКУ талабаси

Бошқа хабарлар