Қуёнчилик – замонавий ва баракали ҳунар

46

Агар билсангиз, қуёнчилик етти хазинанинг биридир. Қолаверса, қуён гўшти парҳезбоп ҳисобланади.  У Антарктидадан ташқари ер юзининг ҳамма қисмида тарқалган. Ҳозирги вақтда дунёда қуённинг 200 дан ортиқ турлари бор. Ўзбекистонда эса 30 га яқин тури парваришланади.

Маҳсулот беришига қараб қуёнлар иккита катта гуруҳга ажратилади. Биринчи гуруҳга гўшт ва тери берадиган қуён зотлари киради: оқ великан, кулранг великан, шиншила, капалаксимон, олмахонсимон, кумушсимон, қора қўнғир, вена зангори ва бошқалар. Иккинчи гуруҳга тивит берадиган қуёнлар кириб, ангор зоти, оқ момиқ зоти, киров зоти шулар сирасидандир.

Қуёнлар тез етилувчанлиги, серпуштлиги, жадал ўсиши билан ажралиб туради. Қуёнлар йил давомида 5–6 марта болалайди. Умуман, битта қуёндан бир йилда 50–60 та бола олиш мумкин. Бу эса 70–80 кг гўшт, 50 дона тери демакдир. Демак, қуёнлар тез етилиши, кўп бола бериши билан бошқа чорва ҳайвонларидан фарқ қилади. Масалан, қуёнлар 4–4,5 ойлигида сўйишга тайёр бўлади.

Қуёнлар асосан кўк озуқалар: кўк беда, маккажўхори, қоқи ўт, қўйпечак, полиз экинларининг барги, дарахт шохлари, олма, тол ва ток новдаларини хўш кўриб ейди. Бўғоз қуёнларга алоҳида эътибор бериш зарур. Уларнинг рациони тинчлик давридагига нисбатан бўғозлигининг бошида 30, охирида эса 70 % кўпайтириш керак.
Қуёнларни тез-тез суяк, гўшт ва балиқ уни, сут, ипак қурти ғумбаги билан озиқлантириш яхши самара беради. Она қуёнларга бир кеча-кундузда 30–50 г ёғи олинган ёки олинмаган сигир сути берилади. Қуёнларнинг маҳсулдорлиги кўп жиҳатдан уларни сақлаш шароитига боғлиқ. Уларни қафасларда сақлаш бошқа усуллардан кўра афзалроқдир. Чунки қафасларда сақланган қуёнлар касалликка кам учрайди ва микроиқлим шароити яхшиланади.
Маҳсулдорликни ошириш учун қуёнларни гуруҳларга ажратиш ва уларни катакларга 4 тадан жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Айрим ҳолларда қуёнлар сим турлар билан ўралган ерда боқилади. Таъкидлаш жоизки, қуёнлар ўта иссиқлик, намлик ва кучли шамолни ёқтирмайди. Фермер хўжаликлари шароитида қуёнларни атрофи дарахтлар билан ўралган жойларда сақлаш яхши самара беради. Хонаки қуёнлар 5–12 йилгача яшайди. Уларни юқумли ва юқумсиз касалликлар, яъни совуқ ва қуёш уриши, юқумли стоматит, сил, лишай, пастериллиоз, кокцидиоз, фасцилёз ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилишга жиддий эътибор бериш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, қуёнлар тўғри парваришланса, барака келтиради. Шунингдек, янги иш ўринлари очиш орқали тадбиркор ҳам халққа наф келтиради.

Масалан, қуёнчилик билан шуғулланаётган юртдошларимизни олайлик.

Бўка туманида 38 йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб келаётган Рустам Укибоевнинг асл каби агроном. Фермер хўжалигининг асосий йўналиши пахта ва буғдой экиш бўлса-да, у қорамолчилик, паррандачилик, қуёнчиликка ҳам қизиқади.

– Қуёнчилик сердаромад соҳа, дейди фермер. –  Жуда тез кўпаювчи бу жониворларнинг нафақат гўшти, терисидан ҳам унумли фойдаланиш мумкин. Яхши парвариш қилсангиз, битта қуён бир йилда 50-60 тага айланади.

Келаси йил қуёнларини 500 тага етказишни мўлжаллаётган фермерга омад тилаган ҳолда иккинчи қаҳрамонимизга ўтамиз. Оққўрғон тумани “Халқобод” МФЙда  қуёнчилик фаолиятини ривожлантириш мақсадида тадбиркор Ф.Хатамов раҳбарлигидаги “Lepus Agro Servise” МЧЖ корхонасига туман “Микрокредит банк” томонидан 2 миллиард 300 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Бугунги кунда мазкур МЧЖ томонидан 2000 дан ортиқ қуёнлар боқилиб, истеъмолга чиқарилаяпти. Шунингдек, “Корзинка” ва “Макро” супермаркетларига ҳам етказиб берилмоқда. Ҳозирги карантин шароитида корхонада 6 нафар доимий ва 15 нафар мавсумий ишчилар иш билан банд. 2020 йил якунига келиб, МЧЖ томонидан иш ҳажмини икки баробарга ошириш эвазига яна 20 нафар ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бу албатта таҳсинга лойиқ.

Бундан ташқари, Чирчиқ шаҳар сектор рахбарлари ташаббуси билан «Темир рўйхат»га киритилган 45 та қуёнчилик билан шуғулланиш истагини билдирган оилаларга 45 жуфт “Hikkoil” зотдор қуёнлар беғараз тарқатилиб, қуёнчиликни ривожлантириш бўйича қўшимча маълумотлар берилган.

Бундай тадбиркорлар сафи кенгайиб бормоқда. Юртимизда азалдан қорамолчилик, паррандачилик қанчалик муҳим соҳа саналган бўлса, келажакда қуёнчилик соҳаси ҳам шундай муҳим тармоқлардан бирига айланади, деган умиддамиз.

Нодирабегим Иброҳимова

Бошқа хабарлар