Ўзсаноатқурилишбанкда коррупцияга қарши комиссия ташкил этилди

26

Эндиликда Ўзсаноатқурилишбанк  мижозлари ва ходимлари тизимдаги коррупцион хавф-хатарлар ҳақида маълумотга эга бўлганида ёки дуч келганида Банкнинг Коррупцияга қарши курашиш комиссиясига мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида коррупцияга қарши жамиятнинг барча аъзолари “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас ва коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтилмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаслигимизни таъкидлаган эди.

Ўзсаноатқурилишбанк тизимига ҳам ҳалоллик стандартларини жорий этиш, бунда коррупциянинг сабаб ва илдизларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш банк жамоаси олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Шу маънода ходимларнинг зиммасидаги вазифаларини тўғри бажариши, юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 13 ноябридан Ўзсаноатқурилишбанк тизимида йўлга қўйилган коррупцион ҳолатлар тўғрисида маълумотларни тўплашнинг янги механизми бу йўналишдаги ишларнинг амалий ифодаси бўлди. Мазкур механизм Банк тизимида коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида ишончли маълумотларни доимий равишда йиғиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини тизимли ва чуқур таҳлил қилиш имконини беради.

Ушбу жараёнга кенг жамоатчилик, айниқса, Банк ходимлари, мижозлари ва ҳамкорларини жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шунга кўра, эндиликда фуқаролар тизимда коррупцияга оид хавф-хатарга дуч келганда алоҳида ажратилган ишонч телефони (0-800-120-8888), Telegram боти (@sqbantikor_bot) ва электрон почта (https://uzpsb.uz/uz/compliance-hotline/) орқали Банкнинг махсус аксилкоррупция бўлинмасига аноним ва шахсини очиқлаган ҳолда хабар бериши мумкин.

Хабарлар автоматик равишда қабул қилинади ва тайёргарликдан ўтган мутахассислар гуруҳи томонидан ўрганилади. Натижалар эса Банкнинг Коррупцияга қарши курашиш комиссиясига чора кўриш учун тақдим қилинади.

Банк Ахборот хизмати

Бошқа хабарлар