ЎРГАНГАН КЎНГИЛ «Қилиғ»И

60

ёхуд ҳаммасига андиша «айбдор»ми?

Ходим тўлов қоғозида кўрсатилган суммани тўлаб келганингизга қарамасдан, «Бизда қўшимча хизмат ҳақи бор» ёки «Маълумотнома тўлдирганимиз учун ташлаб кетасиз» деб турса, «Қани, қаерга ёзиб қўйилган, маълумотнома ёзиш пулли деб?» дея сўролмайсиз, андиша қиласиз.­ ­Кейинги сафар ишингиз тушишини ўйлаб, индамай айтилган суммани бериб кетасиз. Ўша «ишбилармонлар»нинг нафси эса кун сайин ҳакалак отиб бораверади.


Ҳамкасбим қизининг синф раҳбарининг туғилган кунига ҳар йили алоҳида совға олиб, қизидан бериб юборар экан. Бу йил эрталаб мактаб­­га кетаётган фарзандининг «Бугун устозимнинг туғилган куни, совға олиб бормайманми?» деган мўлтираши боис, истар-истамас, бисотидаги сочиқлар жамланмасини олиб чиқибди. Қиз хурсанд бўлиб мактабга кетибди. Лекин қарангки, устозга совға олиб борган фақатгина шу қизча – Нозима экан. У дарсда устозига ўз совғасини топширибди. Аммо бош­­қа совғалар берилмаганини кўрган муаллима «Қани, болалар қолганларингиз туғилган кунимни унутиб қўйдинг­ларми?» дебди. Болалар мулзам бўлганича устоздан кўзини олиб қочишибди. Шунда ўқувчилардан бири Ҳилола «Устоз, мен олиб келмоқчийдим, эсимдан чиқиб қолди. Эртага албатта олиб келаман!» дебди. Устозга эса ўқувчиларнинг сукунати эътиборсизлик бўлиб туюлгани етмагандек, охирги ва ягона изоҳ – Ҳилоланинг гапи баттар асабига теккан чоғи «Ҳайитдан кейин хинани …» деворибди жаҳл билан. Бундай қўпол гап ва муносабатни кутмаган Ҳилола эса синфдош­ларининг ичида изза бўлганидан дили оғриб, йиғлаб юборибди…
Таъмага ўрганиб қолган устознинг кўнгли «қилиғи»ни қўмсади. Бу эса нозик бир боланинггина эмас, ­бошқаларнинг ҳам қалбини жароҳатлади. Уларнинг хотирасига хира ва ёқимсиз таассуротлар муҳрланди. Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги самимий ришталардан бири узилди…
Яна бир воқеага яқинда шахсан ўзим гувоҳ бўлдим. Нотариусда олди-сотди шартномасини имзолашимизга тўғри келди. Тўлов тизими ахборотлаштирилган усулга ўтилибди. Белгиланган маблағни тўлаб бўлганингиздан сўнг телефонингизга тўлов қилганингиз, агар ушбу тўловлардан ташқари ҳам пул талаб қилишса, бундай ҳолатда Адлия вазирлигининг 1008 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилишингиз мумкинлиги ҳақида SMS хабари келади. Мен ҳам тўлов қилганимдан сўнг худди шундай SMS хабарини олдим. Демак, бу хабардан тушуниш мумкинки, нотариал идоралар хизмат кўрсатгани учун барча тўловларни расмий ҳолда шу йўл билан ундиради. Бошқа йўли тақиқланган. Аммо Адлия вазирлиги матбуот хизматининг айтишича, ахборотлаштирилган хизмат кўрсатиш тизимига 2018 йилда ўтилган бўлса-да, ҳалигача айрим нотариал идораларда ортиқча маб­лағ талаб қилиш ҳолатлари учраб турар экан.
Ўша куни нотариал идорада бир аёл мени четроққа чақириб, «Иш юритилгани учун тўлов қоғозида ёзилганидан ташқари, сизга ҳам 100 минг сўм шу ерда яна нақд тўлайсиз дейишдими?» деб сўраб қолди. Мен бундай бўлмаганини, берилган тўлов қоғозидаги пуллардан ташқари ҳеч қандай пул тўланмаслигини айтдим ва SMS хабарни кўрсатдим. Шундан сўнг опанинг юзи ёришди.
Опа билан суҳбатлашиб билдимки, у Тошкент шаҳридан уй сотиб олишга рухсат берилгач, қариндошининг номида бўлган уйини олди-сотди шартномаси орқали ўз номига ўтказаётган экан. Нотариус ёрдамчиси пайт пойлаб опа ва унинг қариндош жиянига атрофида бошқалар бўлмаган пайтда «Яна юз минг нақд тўлайсизлар» дебди. Хуллас, бизнинг тушунтиришимиздан сўнг нотариус ёрдамчисининг «операцияси» амалга ошмай қолди. Опа SMS хабари юборилиши тизими йўлга қўйилганидан миннатдор бўлиб, ишини битириб кетди.
Нотариус ёрдамчисининг исм­-фамилиясини ҳам билмайман, у билан атиги бир-икки соатгина юзма-юз келдим. Воқеага ҳам икки ойдан ошди. Аммо ёрдамга муҳтож ёлғиз аёлдан ўз манфаати йўлида пул ундирмоқчи бўлган айёрона қиёфа ҳалигача кўз олдимда.
Қайд этилган ўқитувчи ва нотариус хизматчиси гарчи икки касб эгаси бўлса-да, улар сиз ва бизнинг йиллар давомидаги андиша қилиб сўраганини бераверганимиз, совға-салом беришга ўргатиб қўйганимиз оқибатида шу куйга тушишган. Энди эса уларнинг ўрганган кўнгиллари жамиятда амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлардан ўртаниб, бироз «исён» қилмоқда. Келгусида ишларимизни белгиланган меъёрлар асосида бажарсак ва бош­қалардан ҳам шунга риоя қилишни талаб қилсак, ноқонуний даромадга ўрганганлар аста-секин йўқолиб кетади. Бу жараёнда жамоатчилик назорати кучайтирилса, жуда катта самара беради.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар