ИЧГА ЮТИЛГАН ДАРД

50


ёхуд боғчада хитой тили ўргатиладими?

Ахборот сайтларида «мактабгача таълим даргоҳларида хитой тилини қўшимча тил сифатида ўрганиш» ҳақидаги маълумотлар берилди. Бир қараганда бундан долзарб муаммолар бор, эътибор қаратиш шарт эмас, деган хулосага келасиз.

Гапни айтилавериб, оҳори кетгандай туюладиган, лекин ҳеч қачон эскирмайдиган далил билан бошламоқчиман. Тадқиқотларга кўра, инсон умри давомида қабул қилиши мумкин бўлган билим ва маълумотларнинг 70 фоизини 7 ёшгача ўзлаштириб улгурар экан. Шу билан бирга, мутахассислар умрни ёш даврларига таснифлаб, гўдаклик, кичик мактаб ёши, ўсмирлик, қариликка ўтиш босқичларини ўзига хос инқироз даврлари деб ҳисоблайди.
Индивидуал парваришдаги бола боғчага қадам қўяр экан, янги муҳитга мослашгунча психолог­лар назарда тутган инқироз даврларидан бирини яшай бошлайди. Ҳали оламига бегона нарсаларнинг номи, хусусияти, белгиси, туйғулар исми, сўзларнинг синоними, касб турларини «кашф» қилаётган болага катталар ҳам ўзлаштириши қийин бўлган иероглифларни қўшимча тил сифатида ўргатиш мумкинми? Хитой тилини ёшликдан мукаммал ўрганиш болага не чоғлик аҳамиятли? Олийгоҳнинг хитой тили йўналиши барча абитуриентларни қабул қилиш имкониятига эга бўлмаганидек, Хитойга бориб таълим олиш ҳам бўлажак кадрнинг келажак орзусидаги аҳамиятли ҳодиса эмас. Касби, умуман олганда, ижтимоий фаолияти билишни талаб этмаган тилни ўрганишдан ўрганувчига, жамиятга нима наф?
Ўзбек тили байрамига бағиш­ланган тадбир, маъруза, мақола ва таҳлилларда ўз она тилимизни аксариятимиз 15-20 фоиз атрофида билишимиз тил, миллат жонкуярларини ташвишга солаётган оғриқли масалалардан бири экани бот-бот айтилди. Аждодимиз туркий тил асос­чиси деб фахрланамиз. Минбарлардаги нутқларда «Навоий тили» ибораси жўшиб такрорланадиган бўлди. Адабиётшунослар назаридаги маънодан фарқли равишда ёшлар бу иборани суҳбатдоши соф адабий ёки бадиий нутқдаги ўзига тушунарсиз бирор сўздан фойдаланганда «Навоий тилида гапирма», яъни «тушунмадим», «тушунарли тилда гапир» эътирозини ифодалашда ишлатади.
Ҳазрати Алишер Навоий асарларини луғатсиз мутолаа қиладиган замондошларимиз саноқли. Ҳозир боғча ёшидаги болага қўшимча тилларни ўргатишга вақт сарфланса, йигирма йилдан кейин Қодирий асарларини ўқиётган китобхоннинг луғатга юзланиши ҳеч кимни таажжублантирмаслиги турган гап. Ўзга тиллардан ёдланган сўзларнинг ўзбекча маъносини қидиргандан кўра, ўзбек тилида унутилиб кетаётган, маълум ҳудуддаги фойдаланувчиларгагина хизмат қилаётган, муомалага киришга муштоқ маънавий бойлик­ларнинг уволи ва савобига дахлдорлик ҳар бир ўзбекнинг келажак олдидаги муҳим бурчи эканини эртароқ англаб олиш лозим. Мактаб ва олийгоҳларда қўшимча тил сифатида ўтиладиган инглиз ёки рус тилларидаги саводхонлик ҳам бу рўйхатга янгисини қўшишни тақозо этаётган даражада эмас.
Боғча ёшидаги болага «қўшимча тил» ўргатиш – қобилиятидан ортиқча юк. Имконият ҳисобга олинмай қўйилган талаб ва вазифалар болани шижоатнинг сўниши, ҳафсаланинг пир бўлиши, «иштаҳасизлик» кайфиятига олиб келишини психологлар ўтган асрдаёқ огоҳлантиришган.
Бола 7 ёшгача келажакда ўзи тартиб этадиган тафаккур биносининг 70 фоиз пойдеворини яратиши мумкин экан, унга Навоий, Бухорий, Қодирийни танитиш муҳимроқ. Эртак қаҳрамонларидан жўмардлик, олижаноблик, фидойиликка андоза олиши долзарб­роқ. Ватан, тупроқ, ота-она ҳақидаги туйғуларни чиниқтиришга, аждодларга муносиб ворислик учун кўнглида иймон, эътиқод, ўзлик сифатларини илдиз оттиришга қаратилган машғулотларга эътибор қаратиш асосий мақсад бўлиши керак.
Боланинг имконияти (иқтидори) ва қизиқишини инобатга олиб, касбга йўналтириш – кузатув ва тажрибаларнинг талабидан келиб чиққан энг оқилона ёндашув. Жамият келажаги учун энг муҳими – ўз халқи менталитети, урф-одати, анъана ва қадриятларига хос руҳда камол топган, ўзлигини таниган бутун шахс. Касб ва ҳунарининг ўзи талабгорига кейинчалик бурч-у вазифаларини белгилаб бераверади.
Россия, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея каби бир қатор мамлакатларнинг давлат тилини ёшларимиз меҳнат мигранти бўлиб бориш учун қисқа муддатларда ўрганади. Англанганидек, қўшимча тилларни кейинчалик ўрганиш бемалол мумкин ва бунда самара юқори.
Хуллас, орамизда ёшларнинг «пул топиш» илинжидаги бу ҳаракатидан дили оғрийдиган ва бу дардни ичига ютаётган миллатдош­ларимиз ҳам йўқ эмас. Уларни айни пайтда бир савол қийнамоқда: боғчада хитой тилини ўргатишдан муддао нима?

Наргиза ОДИНАЕВА

Бошқа хабарлар