Фикр қилмаган шукр ҳам қилмайди

77

Пандемия туфайли юртимизда жорий этилган карантин юмшатилган. Лекин бу карантин қоидалари бекор қилинди, дегани эмас. Тождор вирус одамлар ҳаётига таҳдид солар экан, бундан кейин ҳам карантин қоидаларига қатъий риоя этишимиз шарт.

Кўринмас ёв номини олган коронавирус бутун дунёни забт этди. Жаҳонда бу касаликка 55 миллион нафарга яқин одам чалинди. Вафот этганлар сони 1 миллион 300 мингдан ошди. Юртимизда коронавирусни юқтирганлар 70 мингдан зиёд, ­афсуски, вафот этганлар сони 600 га яқинлашиб қолди. Қанчадан-қанча таниқли, элга машҳур инсонлар шу касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмди. Йўқотишлар кўп бўлди.
Ҳозирги кунда карантин қоидаларини билмайдиган одам қолмади ҳисоб – қўлни тез-тез совунлаб ювиш (тозаликка риоя этиш), кўчага тиббий ниқобсиз чиқмаслик, оралиқ масофани сақлаш, гавжум жойлардан йироқроқ бўлиш… Аммо бу қоидаларга ҳамон нописанд қараётганлар ҳам анчагина. Ҳолбуки, булар пандемия шароитида тиббий маданиятнинг ҳамма билиши ва амал қилиши шарт бўлган энг оддий қоидалари ҳисобланади.
Пандемия давридаги энг тўғри йўл тиббий маданият қоидаларига риоя этишдир. Маълумки, Швецияда карантин қоидалари жорий этилмади (маълумот учун: Швеция аҳолиси 10,2 миллион нафардан кўпроқ, Ўзбекистон аҳолисидан уч марта кам). Ҳозирги кунда бу мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 177 мингдан зиёд, вафот этганлар эса 6 мингдан ошди.
Коронавирус тарқалган Хитойнинг Ухан ҳудудига энг яқин давлатлардан бири – Вьетнам. Мамлакатнинг чегарадош қисмида январь ойидан, 13 февралдан эса бутун мамлакатда карантин жорий қилинди. Карантин қоидаларини назорат қилиш учун аскарлар сафарбар этилди. Натижада коронавирус жиловланди (маълумот учун: Вьетнамнинг аҳолиси 95,5 миллион нафардан зиёд, Ўзбекистон аҳолисидан деярли уч баравар кўп). Шу йилнинг 26 июль ҳолатига кўра мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 418 нафар, вафот этганлар йўқ эди. Бироқ июль ойи охирида Дананг шаҳри ва унинг атрофидаги дам олиш масканлари очилди. Ташриф буюрган сайёҳлар орасида эса… Натижада коронавирусга чалинганлар сони ­кескин кўпайди. Вьетнам ҳукумати бу ҳудудда қайтадан карантин жорий этди. Карантин қоидаларига нописанд­лик билан қараш Вьетнамда ўн кун ичида коронавирусга чалинганлар сонини икки бараварга оширди. Ҳозирги кунда мамлакатда касалланганлар атиги 1281 нафар, вафот этганлар эса 35 киши.
Маълумки, Ўзбекистон аҳолиси 34 миллион нафардан зиёд. Энди коронавирусга оид маълумотларни Швеция ва Вьетнамга тегишли маълумотлар билан таққослаб кўрайлик-а. Карантин қоидаларига риоя этмаслик қандай оғир оқибатларга олиб келишини ва аксинча, қатъий амал қилган ҳолда коронавирусни енгиш мумкинлиги ­ўз-ўзидан аёнлашади.
Юртимизда коронавирус касаллигини юқтирган биринчи киши аниқлангани ҳамон карантин қоидалари жорий этилди. Бу чора-тадбир ўз вақтида қўлланди. Лекин карантин қоидаларини бузганлар ҳам бўлди. Бу эса ўзига «мижоз» излаётган тождор вирусга «қўл келди».
Халқимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида кўрилган қатор чора-тадбирлар натижасида пандемия катта асоратларсиз ўтмоқда. Айрим соҳаларда ишлар давом эттирилди. Ажратилган моддий ёрдамлар ногиронлар, касаллар, қаровчисини йўқотган кексалар, кўп болали ва эҳтиёж­манд оилаларга етказиб берилди. Лекин моддий ёрдамнинг дарагини эшитиб, айрим кимсалар ҳам ғимирлаб қолгани бор гап.
Улар моддий ёрдамни олишгач, нима қилишди? Аксарияти ўзининг бир лаҳзалик роҳатини ўйлаб қолди: кимдир дўконга чопди, қайсидир аёл пардоз-андоз ҳаракатига тушди.
Карантин даврида саховатпеша юртдошларимиз қанчадан-қанча озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул тарқатишди. Бунинг учун уларга раҳмат! Шу маблағнинг мингдан бир қисмига «Коронавирус ва ундан сақланиш чоралари» деган илмий-оммабоп рисола чоп эттириб, уларни ҳар бир хонадонга тарқатиш ҳам мумкин эди.
Бундан ташқари, «Тиббий маданият қоидалари» деб номланган илмий-оммабоп рисола чоп этилса, хонадонларга тарқатилса ҳам айни муддао бўларди.
Айтмоқчи бўлган гапимиз шуки, инсониятга коронавирус пандемияси хавф солар экан, энг ишончли чора – тиббий маданият қоидаларига қатъий риоя этиш бўлиб қолаверади.

Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист

Бошқа хабарлар