Буқалар нега «исён» кўтарди?

76

1992 йилда, яъни 10 ёшда эканимда юз берган бир ҳодиса сира ёдимдан чиқмайди. Ҳанузгача ушбу сирнинг тагига етолмайман. Воқеа ­қуйидагича:

1992 йил бошидан Далақудуқ (Навоий вилояти, Томди тумани, Утемурод хўжалигига қарашли) деб номланадиган қишлоқдан 25 километр беридаги Жанаталап деган янги маконга кўча бош­ладик. Қишлоғимизда 40 га яқин хўжалик бўлиб, улар асосан чорвачилик билан шуғулланарди. Бизнинг уйимизда ҳам 10-15 бош сигир, 20-30 бош қўй-эчки боқиларди.
1992 йил май ойида, кунлар анча илигач, аҳоли ёппасига кўча бошлади. Уйлар бўшаб, ҳувуллаб қолди.
Бир куни эрталаб буқаларнинг қаттиқ ўкирган овозларидан уйғониб кетдим. Югуриб деразанинг олдига борсам, 20 бошга яқин буқа бир гуруҳ бўлиб, у ёқдан-бу ёққа чопиб, йўлида учраган нарсани сузиб, вайрон қиляпти. Ҳамма жониворларнинг кутилмаган бу қилиғидан ҳайратда. Улар одамларга ҳам ҳамла қила бошлагач, болалар уйлардан чиқарилмай турилди.
Мен ҳайвонларнинг ичида сигирларнинг йиғлашини билар эдим. Уйимизда битта бузоқ ўлиб қолганда, онаси анчагача у кўмилган жойга бориб, суякни сирқиратар даражада кўзидан дарё-дарё ёш оқизиб йиғлаганини кўрганман.
Лекин буқаларнинг йиғлашини биринчи бор кўришим эди. Кўзлари қонга тўлган буқалар ҳаттоки ўз хўжайинларига ҳам бўйсунмай қўйди. Улар негадир тандирларга даф қилишга ўтди. ­Қишлоғимизда биронта тандир соғ қолмади. Кейин эса қўраларни ва эгалари кўчиб кетган бўш уйларни бузишга киришди…
Катталар буқаларнинг исён кўтаришини бевосита янги маконга кўчиш билан боғлашди. Айтишларича, улар ўзлари ўрганган яйловни, туғилиб ўсган жойини ташлаб кетишни хоҳламаётган эди.
Узоқ оворагарчиликлардан сўнг ҳамма ўзларига тегишли буқаларни бир амаллаб тутиб, машиналарга ортиб, янги маконга кўчириб кетишди. Энг қизиғи, янги жойда табиий ўт-ўлан мўл бўлса ҳам жониворларни ушлаб туриш анча қийин кечди. Охир-оқибат эгалари уларни сотиб ёки сўйиб қутулди.
Ўша пайтда буқалар «исёни» ҳақида газеталарда қизиқарли мақолалар чоп этилди. Менга тушунарсиз ва қизиқ бўлган жиҳати – буқалар халқнинг кўчиб кетаётганини қандай билган ва нима учун улар янги жойга кўчиб ўтишни хоҳламаган? Ит, отнинг одамга вафодорлигини биламиз, лекин буқаларнинг бунчаликка боришини сира эшитмаган ҳам эканман. «Ўз уйим – ўлан тўшагим» деганлари шу бўлса керак-да…

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар