Энди эскича ишлаб бўлмайди

50

Қурултойда зиммага юкланган масъулият, белгиланган вазифалар залвори фаолиятга яна бир қур назар ташлашга ундайди. Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг онлайн тарзда ўтган биринчи раёсат йиғилишида устуворлик касб этаётган масалаларга таҳлилий-танқидий баҳо берилди.

– Президентимизнинг касаба уюшмаларига йўллаган табриги улкан тарихий воқеликдир, – деди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Юксак эътироф ва билдирилган ишонч ҳар биримизга фаолиятимизни яна бир назардан ўтказишга, кечагидан самаралироқ, унумлироқ ишлашга, ҳаётий муаммоларга теранроқ назар ташлашга ундайди.
Раёсат йиғилишида «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурининг 9 ойлик ижроси муҳокама этилди. Таъкидлаш ўринлики, ушбу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўтган даврда 1204 нафар ишламайдиган пенсионер ва ишлаб чиқариш жабҳаларининг собиқ ходимлари, пенсия ёшига етган ишловчиларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Дастурнинг ўндан ортиқ банди асосида ижтимоий ёрдамга эҳтиёж сезаётган кишилар, оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар муҳофазага олинди.
Ўтган фурсат оралиғида 1050 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари касаба уюшмалари сиҳатгоҳларида соғломлаштирилди. Шунингдек, кам таъминланган, кўп фарзандли, чекка ҳудудларда яшовчи 14 нафар хотин-қиз, 16 нафар кекса ёшдаги нуроний касаба уюшмалари кўмагида бепул дам олдирилди.
Меҳнат муносабатлари барқарорлигини таъминлаш, ходимларга муносиб иш шароити яратиш юзасидан жамоатчилик назорати олиб борилаётганлиги таъкидланиб, нефть-газ ва геология, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари, агросаноат мажмуаси корхоналарида меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этиш аҳволига баҳо берилди. Ходим меҳнатига муносиб шароит яратган бир қатор корхоналар қаторида бу масалага панжа орасидан қараб келаётганлар ҳанузгача учрамоқда.
Оддий бир мисол. Агросаноат касаба уюшмаси мажмуи тизимидаги Жомбой давлат ўрмон хўжалигида 59 нафар ходим бор. Хўжаликда меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси мутахассиси бўла туриб ҳам белгиланган меъёрларга риоя қилинмаётир. Шу соҳага жавобгар этиб белгиланган ва маош тўланаётган ходимда на бир иш режа бор, на бирор юмуш бажарилган. Муҳандис хонасида ҳам, участка объектларда ҳам меҳнатни муҳофаза қилишни тарғиб қилувчи кўргазмали восита, стенд, плакатни учратиш қийин. Бу ерда янги ходим тиббий кўрикдан, хавфсизлик техникаси йўриғидан ўтказилмасдан ишга қабул қилиб келинмоқда. Бирор киши техника хавфсизлиги бўйича қачон ўқув ўтказилганини эслай олмайди ҳам.
Фаолиятга холис баҳо бермасдан туриб, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Раёсат кун тартибидан ўрин олган масалалар таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар