Муборак газни қайта ишлаш заводи: КАЙФИЯТ ҚАНДАЙ, ХОДИМЛАР?

157

Ходимлар билан яқиндан мулоқот орқали меҳнат жамоаларидаги иш ва дам олиш ­шароитларини ўрганиш, меҳнат қонунчилиги ва техник жиҳатдан ўрнатилган тартибларни назорат қилиш касаба уюшмалари фаолиятининг асосий мезонларидан ҳисобланади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси раҳбари, Федерация раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар Муборак газни қайта ишлаш заводида бўлиб, айнан шу масалалар юзасидан ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашди.
Айни пайтда корхонада 3170 нафар ходим меҳнат қилаётир.
Меҳнат инспекцияси мутахассислари ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда яратилган иш ва дам олиш ­шароитлари билан яқиндан танишди.
Мулоқотлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида ошкора суҳбатлардан ташқари 300 нафар ходим ўртасида сўровнома ҳам ўтказилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII қурултойига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Қобилжон Қирғизалиев ишчи анжуман тафсилотлари, унда кўрилган масалалар хусусида батафсил маълумот берди.
– Қурултой иши янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари шакл ­топганини кўрсатди, – деди нотиқ ўз сўзида. – Буни Президентимизнинг таб­риги «Касаба уюшмалари куни» касб байрами ҳамда «Касаба уюшмалари академияси»ни ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуслар мисолида ҳам кўриш мумкин. Энди бунга жавобан ҳар биримиз, давлат ва жамият олдидаги вазифаларни теран англаган ҳолда янгича ёндашув билан фаолият юритишимиз зарур.
Ўз навбатида «Муборак газни қайта ишлаш заводи» касаба уюшма қўмитаси раиси Шароф Раҳматов инновацион технологияларни жорий этишга катта эътибор берилаётгани натижасида ишлаб чиқариш салоҳияти ошаётгани, бунинг натижасида ишчи-хизматчиларнинг манфаатдорлиги ҳам мунтазам ўсиб бораётганини таъкидлади.
Давра суҳбати жонли мулоқот тарзида кечди. Корхона цех бошлиқлари Меҳмонқул Нурмуродов ҳамда Шавкат Мамажумаев заводда кейинги йилларда янги иш ўринлари яратишда қатор ўсишлар кўзга ташланганини эътироф этишди. Мулоқот асносида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, меҳнат муҳофазаси, жисмоний тарбия ва спорт, маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ишларида ҳам иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлиги юқори баҳоланди. Амалий ишлардан жонли мисоллар келтирилди.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар