Қачон бехато ёзамиз?

169

Саводимиз «гуллаб» кетгани ҳақида анча вақтдан айтилади, ёзилади…
Аммо ўзгариш бўлмаяпти… Сабаб нимада?

Яқинда «Миллий тикланиш» демократик партияси Хонқа тумани кенгаши «Соф ўзбек тилида» деб номланган жамоатчилик назорати акциясини ўтказди. Унда ташқи рекламалар ёзувида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига қанчалик амал қилинаётгани ўрганилди.
Натижа эса…

Хонқа шаҳарчасининг Ҳожихон Болтаев номи билан аталувчи дам олиш ва истироҳат боғига кираверишдаги баннерларида акс этган ёзувларида ўзбекча, русча аралаш ёзувларларга кўзимиз тушди. Унда фонтан-фантан, бош­қармаси-бошкармаси, ёнғин-ёнгин шаклида акс этган.
«Гулғунча» маҳалла фуқаролар йиғинидаги баннерда шаҳарча-шахарча, «Jumanazar Sardorbek servis» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати баннерида маҳалла-махалла, Ал-Хоразмий номидаги кўчадаги автомобиль эҳтиёт қисмлари дўкони олдидаги баннерда ўзбекча-русча ёзувлар, Халқлар дўстлиги кўчасидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари баннерларида холодильник-холоделник, бижутерии-бижитерия, озиқ-овқат дўкони олдида домашный-домошный каби ўзбекча-русча аралаш сўзлар хато ёзилган.
Бундан ташқари, шаҳарчанинг «Баркамоллик», «Ватанпарвар», «Фидойилар» маҳаллаларидаги давлат идоралари, хусусий корхоналар, озиқ-овқат ҳамда кийим-кечак дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари олдига ўрнатилган пешлавҳалар, баннерларда акс этган ёзувларда ҳам бир қатор хатолар борлиги аниқланди. Масъулларга уларни бартараф қилиш юзасидан тавсиялар берилди. Туман мактабларидаги ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари иштирокида давра суҳбати ташкил қилиб, уларга «Соф ўзбек тилида» жамоатчилик назорати акциясида фаол иштирок этиш тавсия этилди.
Депутатлик гуруҳи аниқлаган хато ва камчиликлар Халқ депутатлари Хонқа тумани кенгаши ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилишида муҳокама қилинди.
Қувонарлиси шуки, тилга олинган хатолар тезда тўғриланибди. Аммо бошқа хатолар-чи? Ахир, нафақат Хонқа тумани, вилоятимиз, республикамизнинг барча ҳудудларида хато ёзилган реклама ва баннерларга кўзимиз тушиши аниқ. Уларга кўникиб кетганимизданми, ҳаттоки, айрим идора ва ташкилотларнинг (улар орасида айнан ёш авлодга тўғри ёзишни ўргатиши керак бўлганлар ҳам бор) меъёрий ҳужжатлари ва расмий хатларида ҳам имловий хатоларга дуч келяпмиз. Назаримда, фақат газета ва журналлардагина адабий тил меъёрларига риоя қилинмоқда, холос. Телевидение, радио ва кино санъатида адабий тил меъёрлари қўпол равишда бузилмоқда.
Яқинда жияним билдирган мулоҳаза жуда ғалати туюлди:
– Амма, фарғоналикларнинг адабий тили ва хоразмликларнинг адабий тили бир хил экан-а?
– Ўзбек адабий тили ҳамма учун бир!
– Нега унда тошкентликларнинг адабий тили бошқача?
– Адабий тил эмас, шеваси бошқа?
– Нега унда телевизорда шевада гапиришади?
Жиянимга жўяли жавоб беролмадим. Зотан, бу муаммо, бу масала менинг жавобим билан ҳал қилинмайди. Қачонки, ўзбек тили, миллатимизнинг савияси ва саводхонлик даражасига бефарқ бўлмаган барча зиёли инсонлар, мутасаддилар доимий равишда таъсирчан чоралар кўрсагина ёзувлардаги хатолар камайиб, расмий мулоқотларда ҳам адабий тил меъёрларига риоя қиладиган бўламиз.

Анагул БЕКЧАНОВА,
ЎзМТДП Хонқа тумани кенгаши раиси

Бошқа хабарлар