Қизми – бу, йигитми – бу?

59

Ҳа, худди шундай! Ҳозирда сиздан ўн-ўн беш метр олдинда қип-қизил, пушти ёки сариқ рангли кўйлак, йиртиқ ола шим кийиб бораётган (ҳатто, сочлари узун бўлса ҳам) жинс эгасини таниб олиш жуда қийин: қизми – бу, йигитми – бу?

Қиз-жувонларнинг кийиниш маданияти, уларнинг мода ва урфларга ўта берилиб кетиши, бу – доимий мавзу. Аммо, айрим йигитлар бу борада қизларни ҳам «ортда қолдираётгани» ғалати ҳол. Дастлаб турли безакли, гулдор матоларни «ўзлаштириб» олган «шов­возлар» энди азал-азалдан хотин-қизларники бўлган қизил рангни ҳам «тортиб олишаётир».
Айримлар ўзи идеал деб билган инсонларга ёхуд машҳур кишиларга тақлид қилиб кийинади. Эркакларнинг, айниқса, ўсмир йигитларнинг ўта тор, юпқа, калта ва гулдор кийимларга рўжу қўйиши замирида мақтанчоқлик, ўзини кўз-кўз қилиш каби иллат ҳам «мўралаб» туради. Бундай либослар кийишга қизиқувчан йигитлар психологияда «оғишган руҳият» деб аталади.
Замонавий кийиниш услуби, мода деб «гулгун рангда ловуллаб бораётган» ака-укаларимизга таниқли либос бренди усталари, ҳатто дунё модельерлари кундалигига ёзиб қўйиладиган машҳур эслатмани ёдга солмоқчимиз: «Мода ўткинчи ва албатта, қайтариқдир… Эркакларни эса у баъзан айланиб, уларга бутунлай билинмай ўтиб кетиши керак».
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) «Мен қизил либосдан, тилла узукдан ва рукуъда қироат қилишдан қайтарилдим» деган эканлар. Уламоларимиз қип-қизил, яъни бошқа ранг аралашмаган, ловуллаган қизил рангдаги кийим кийишни эркаклар учун макруҳ эканлигини бот-бот такрорласа-да, айрим йигитларнинг қизилдан айрилолмаётгани хавотирланарли.
Ҳазрат Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида: «Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир», дея таъкидлаган. Бу сўзлар ҳар қандай замонавий мода талаблари йигитлик ғурури ва шаънидан устун бўлолмаслигини исботлайди.
Ахлоқий ва диний тарбия ноқислик қилган тақдирда ҳам атрофдагиларнинг эътирозли назари «оммавий маданият»нинг қизил найрангига учган йигитларни, айниқса, ўнғайсизлантириши керак эмасми?! Ахир халқимиз, аввало, эл назарини улуғлайди, ота-боболаримиз, ота-оналаримиз, аввало, элдан уялишган. Эл олдига чиқиш, эл билан бирга юриш тадоригини пухта кўришган. Одамнинг нимадан уялиши ва уялмаслиги эса унинг маънавий камолоти қай даражадалигини билдиради.
Қора – жиддийлик, жигарранг – босиқлик, кўк – ишонч, яшил – меҳр-муҳаб­бат, бинафшаранг – нафислик, оқ – эркинлик, кулранг – мувозанат, пушти – назокат, қизил – эҳтирос ва куч, сариқ – бахт ва кулги демакдир.
Мана, хоҳлаганингизни ихтиёр этинг! Сиз танлаган рангдаги либос, шубҳасиз, Сиз ҳақингизда гапирсин, Сизни бировга айлантирмасин!
Шундай эмасми? Нима дедингиз?

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА

Бошқа хабарлар