Бургутнинг «укаси»

17

Устюрт текислигида улкан қуш уяларига тез-тез дуч келиш мумкин. Улар қиронқора (қорақуш) деб номланадиган қушнинг уяларидир.
Қизилқумда аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади. Эрта баҳорда қўй-эчкилар болалай бошлайди. Бу пайтда жанубдан турли қушлар учиб келади. Уларнинг ичида йиртқичлари ҳам бор. Тўл мавсумида қўй-эчкиларнинг баъзилари янги туғилган қўзи-улоқларини қаровсиз қолдиради. Бундай вазиятда йиртқич қушлар фурсатни бой бермайди.

Янги туғилган қўзининг терисидан қоракўл олиниши ҳам кўпчиликка маълум. Шу боис, отарларда бир кунда юзлаб қўзиларнинг бўғзига пичоқ тортилади. Энг даҳшатлиси шуки, қўзилар чала сўйилади. Чунки қўзи қанча қийналса, терисидаги нақшлар шунча яхши чиқар эмиш. Одамлар сўйилган қўзиларнинг ейил­маган гўштини далага ташлашади. Шунда ўлаксахўр қушлар учун байрам бош­ланади.
Қиронқора йиртқич қуш бўлиб, турли майда жониворлар, кемирувчилар, қуён, қўзи-улоқ, тошбақа, ҳатто тулкиларни ҳам овлайди.
Унинг танаси, панжа ва тирноқлари бургутдан кичикроқ. Катталарининг боши ва бўйни ёрқин сариқ рангли бўлади. Улар асосан Жанубий Европа, Шимоли-Ғарбий Африка ва Осиёда кенг тарқалган бўлиб, одатда текисликлар ва тоғларнинг қуйи қисмларида ҳаёт кечиради.
Қиронқора фақат Қорақалпоғистонда ­қишлайди. Мамлакатимизнинг ­бошқа ҳудудларида баҳорги ва кузги кўчиш пайтида учрайди. Баҳорги кўчиш феврал ойида бош­ланиб, апрелда тугайди. Кузгиси октябрь-ноябрь ойларида такрорланади.
Қиронқоралар битта уядан анча йиллар давомида фойдаланиши мумкин. Жуфтлик 2-3 уяга эгалик қилиб, улардан навбатма-навбат фойдаланиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Уялар 1,5-3 метр баландликдаги бута ва дарахтлар устига қурилади. Шох-шаббадан иборат бўлган уяларнинг диаметри 1,5 метр, баландлиги эса 1 метргача бўлади. Курк макиёнлар март ойи ўтгач, 1-3 дона тухум қўяди. Бир ярим-икки ойдан сўнг жўжа очиб чиқади. Икки ой ўтгач, полапонлар уяни тарк этади. Айрим ҳолатларда улар бир ойгача уяга келиб-кетиб, кечалари шу ерда тунаши мумкин. Афсус­ки, қиронқораларнинг сони тобора камайиб бормоқда. Шу боис, улар эътибор ва кўмакка муҳтож.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар