Буйракка нима керак?

20

Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарида «Буйрак кўп касалланса, аввало, жигар заифланади» дейилган. Асарда буйрак билан боғлиқ дардларнинг сабаблари, аломатлари, асоратлари ва уни соғ сақлаш сирларидан воқиф этилган.

Хасталик борми?
Патир еманг!

Буйрак хасталигига учраган бемор кўпинча қуюқ ва чўкмали пешоб ҳайдайди. Умуман олганда, пешобнинг миқдори, суюқлиги, ранги, ундаги аралашмалар, чанқаш, болдир ва белдаги оғриқлар буйрак ҳолатини аён қилади. Масалан, пешобнинг камайиши касаллик аломатларидан биридир. Пешобда кўпикнинг мўллиги ҳам муаммодан дарак.
Буйрак оғриса, иштаҳа йўқолади, кўнгил айнийди. Оғриқни кетказиш ва дардни даволаш учун илиқ сувли, доривор ванна қабул қилиш айни муддао.
Буйракда тош пайдо бўлишига сабабчи маҳсулотлар: сут, пиш­лоқ, айрим гўштлар (қуш гўштлари), хом нон, патир, угра, ширгуруч, ҳолва, хом мева (олма, шафтоли), лимон ва нок эти.
Аслида санаганларимиз фойдали егуликлар, бироқ буйрак хасталиклари бўйича хавф гуруҳидаги беморларга булар тавсия қилинмайди.
Ортиқча хилтлар баданнинг юқори қисмида тугал ҳазм бўлишдан олдин буйракка тортилади ва уни қум ҳамда тошга айлантиради.

Оғриқнинг олис йўли

Буйрак тошининг аломатлари:
– пешоб аввалига қуюқ бўлиб, сўнг суюқлашади;
– пешоб тиниқ бўлиши ҳам мумкин, чунки лойқа буйракка қамалади. Тош қаттиқ бўлган ҳолларда ҳам пешоб тиниқ бўлади;
– пешоб чиқариш вақти оғриқ юзага келади;
– пешобда қизғиш ёки сарғиш рангли қум чўкади;
– бел оғрийди, ҳаракатланганда бел пастида нимадир қадалиб тургандек туюлади;
Тош пайдо бўлаётган, қовуққа кўчаётган ва таом ичакка ўтаётганда оғриқ зўраяди. Оғриқ тўхтаса, тош қовуққа етиб келган бўлади.

Даволашни бошлаймиз!

Бўш қоринга мўътадил бадантарбия қилинг.
Белни қаттиқ боғ­лаб, уқаланг.
Пешоб ҳайдовчи воситалар (нўхат суви, турп япроғи суви, ингичка ва сўлимаган турп) қабул қилинг.
Ҳуқна қилиш, ич сурдириш, қусиш наф беради.
Чалқанча ётиб ухланг.

Писта тошларни майдалайди

Буйрак тошини фақат туширишга ҳаракат қилмай, яхшиси, уни майдалаб олишга эришиш лозим. Акс ҳолда, катта ­ҳажмдаги тош тиқилиб, муаммо кучаяди. Тошни туширишда бадантарбия қилиш, ҳаракатда бўлиш, от миниш, зиналардан тушиш қўл келади.
Буйрак ва ичаклардаги тошни сиқиб турган ел ҳам оғриққа сабаб бўлади. Бундай пайтда муаммони ҳал қилиш учун зира ва седана ёрдамга келади.
Тошни майдаловчи маҳсулотлар қуйидагича: қора нўхат, беда илдизи, гулхайри уруғи, олча, дўлана, ялпиз, бодринг уруғи, писта, асал, кийик ўти қайнатмаси, қовун уруғи.

Дурдона АЛИМОВА
тайёрлади

Бошқа хабарлар