Тамаддун марказларига саёҳат

35

Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши кўплаб хайрли ишларни амалга ошираётир. Хусусан, Хоразм вилояти ҳудудидаги 3 минг нафардан зиёд тармоқ касаба уюшмаси аъзолари манфаатлари тўлиқ ҳимоя қилинмоқда.

Кейинги йилларда Хивага темирйўл келиши, қадим шаҳарда замонавий темирйўл вокзали қурилиши халқимизнинг асрий орзусини ушалтириши баробарида ўнлаб янги иш ўринлари яратилишини кафолатлади. Эндиликда касаба уюшмалари ҳам иқтисодиёт қон томирлари саналмиш темир йўллар соҳаси фаолиятини янада такомиллаштириш йўлида доимий изланишда.
Яқинда темирйўлчиларнинг Хоразм-Бухоро-Самарқанд бўйлаб саёҳати ташкил этилди. Саёҳат давомида Президент табриги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга мурожаати ҳам ўқиб эшиттирилди. Бу эса саёҳатга янгича мазмун бахш этди. «Ичан қалъа»дан бошланиб, Бухоронинг Арки, Пойи Калон, Улуғбек, Абдулазизхон мадрасалари, Магоки Аттори масжиди, Лаби ҳовуз, Хожа Баҳовуддин Нақшбанд, Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуалари, Самарқанддаги Амир Темур, Хўжа Дониёр мақбаралари, Шоҳи Зинда мажмуаси, Регистон ансамбли, Бибихоним мадрасаси ва Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаларида давом этган саёҳат асноси ўзаро суҳбатларда ислоҳот ва бунёдкорликлар мавзуси етакчилик қилди.
Бундан атиги 4-5 йил олдин поездда Урганчдан Тошкентга бориш 20 соат, баъзан 24 соатгача чўзилар, поездлар йўлда узоқ муддат қолиб кетарди. Янги йўллар бунёд этилгани натижасида Хивадан Тошкентга 15 соатда бориш имкони яратилди. Тез фурсатларда бу вақт янада қисқариши кутилмоқда. Ушбу ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини яратишга хизмат қилади, албатта.

Баҳодир МАТЧАНОВ,
Қўнғирот минтақавий темирйўлчилар касаба уюшма ҳудудий қўмитаси раисининг Хоразм ҳудуди бўйича ўринбосари

Бошқа хабарлар