Қимматбаҳо ручкалар ҳақидаги хабарга Мудофаа вазирлиги расмий муносабат билдирди

600

Бугун ўзбек сегментидаги ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида Мудофаа вазирлиги томонидан харид қилиниши режалаштирилган ручкаларга оид хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мудофаа вазирлиги шу бўйича расмий муносабат билдирди.

«Албатта, фуқароларимизнинг солиқ тўловчи позициясидан туриб билдираётган бу каби фикрларини ҳурмат қиламиз ва бунга эътиборсиз эмасмиз.

Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб, алоқалар тобора кенгайиб бормоқда. Ўз ўрнида, ушбу ҳамкорлик асосини мустаҳкамлаш борасида бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланяпти.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва хорижий давлатлар мудофаа идоралари билан ўзаро ҳамкорлик битимлари ҳақидаги муҳим ҳужжатларни имзолаш расмий тадбирларида фойдаланиб келинган канселярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж пайдо бўлган ва уларнинг фойдаланиш муддати якунига етмоқда.

Шу боис келгусида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти иштирокидаги хорижлик ҳамкорлар билан амалга ошириладиган протокол тадбирларини юқори савияда ташкиллаштириш ва Мудофаа вазирлиги нуфузини сақлаш мақсадида истиқболда халқаро миқёсдаги таниқли фирмаларнинг канселярия ашёларидан фойдаланиш режалаштирилган. Яъни халқаро тадбирларда Ўзбекистон Республикаси расмий вакиллари томонидан фойдаланиш учун қўлланиладиган ашёлар халқаро нуфузга лойиқ даражада бўлиши шарт, дея ҳисобланади.

Шу мақсадда мазкур турдаги маҳсулотларни етказиб берувчи маҳаллий тадбиркорларнинг таклифларини ўрганиш учун вазирлик ишлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Товар хом-ашё биржасининг махсус ахборот портали exarid.uzex.uz сайтига ручка харид қилиниши ҳақидаги эълон жойлаштирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, эълонда кўрсатилган нарх якуний тўхтам эмас, балки бозор қоидаларига кўра тадбиркорлик ва маҳсулот етказиб бериш билан шуғулланадиган корхона ва ташкилотларнинг маҳсулот ва нархлар бўйича барча таклифлари ўрганилади, танлов асосида якуний хулосага келинади. Худди шундай талабларга жавоб бера оладиган бошқа фирмаларга тегишли маҳсулотлар таклифи ҳам ўрганиб чиқилади.

Ижтимоий тармоқ фаоллари ва давлатимиз бюджети сарфига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз билишини истардикки, ушбу маҳсулот вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан харид қилиниши кўзда тутилган.

Қўшимча маълумот сифатида: бугунги кунда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм, муассаса ва бўлинмалар қошида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ёрдамчи хўжаликлар (иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, боғдорчилик, экин майдонлари) мавжуд бўлиб, улар вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағларини шакллантирадиган асосий манбалар ҳисобланади» дейилади расмий муносабатда.