Иштиёқни алангалатган асар

21

Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашида ташкил этилган (онлайн тарзда) «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» маданий-маърифий тадбир доирасида сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Ватан ва миллат қайғуси» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Маҳалла ва оила марказлари, халқ қабулхоналари, маданий-маърифий муассасалар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
– Мазкур тўпламда янги Ўзбекистоннинг қисқа фурсатларда шонли тарихга замин яратганлиги ёрқин бўёқларда ифодалаб берилган, – деди тадбирда сўз олган Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис сенати аъзоси Ҳасан Нормуродов. – «Ватан ва миллат қайғуси», «2020 – Миллатни улғайтирган йил» китобларидаги пуб­лицистик руҳдаги мақолаларни ўқиган ҳар бир киши юрагида ватан ва миллатга меҳр, садоқат жўш уради. Маънавият ҳақида кўп гапирилса-да, аммо юртпарварлик ­ғоялари сингдирилган қўлланмаларни учратиш анчайин мушкул. Фикримча, жойларда ўтказилаётган «Маънавият соатлари»да ана шундай умумэътироф­­га лойиқ чиқишлар, она заминимиз саодатига ундовчи, шижоатни уйғотувчи асарлардан оқилона фойдаланишимиз керак.
– «Ватан ва миллат қайғуси» китобини ўқиб бир ижодкор сифатида юракни қийнаётган дардларнинг бадиий ифодасини англагандек бўлдим, – деди «Зарафшон» – «Самаркандский вестник» газеталари бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев. – Муаллиф ижодининг бош мақсади – миллатни, шахс­­ни улғайтириш, фидойилик ва юртпарварликка чорлашдан иборатдир.
Халқ қабулхонаси Самарқанд тумани бўлими раҳбари Илҳом Муродов, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Бекзод Ўролбоев, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Жомбой тумани кенгаши раиси Зулфия Отамуродова, «Тезкор эко сервис» МЧЖ раҳбари Зоҳид Янгибоев тўпламдан ўрин олган публицистик мақолалар мазмун-моҳияти хусусидаги ўз қарашларини баён этиб, зарур хулосалар чиқариб олишга даъват этди.
Маърифий тадбир иштирокчилари қайд этганидек, ушбу китоб­ларни ўқиган ҳар бир кишида юрт истиқболига хизмат қилишга иштиёқ алангаланиши шубҳасиз.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар