ЎЛМАС ҚОЯ

113

ёхуд миллатпарвар адиб қисмати

Мен таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов – Эврил Турон билан жуда яқин, сирдош дўст эдим. Ҳар қандай одамнинг тийнатини белгилайдиган муҳим, асосий жиҳатлар бўлади. Мамадалининг етакчи хусусиятини белгилайдиган фазилатлар қуйидагича – ватанпарвар, миллатпарвар! Афсус-надомат билан қайд этиш кераккки, шўро замонида ушбу залворли сўз-тушунчаларнинг қадр-у қиймати пасайди. Лекин ҳаётда Мамадали каби инсонлар саноқли бўлса-да, бор эди…

Хўш, Мамадалининг ватанпарварлиги, миллатпарварлиги асосан нималарда намоён бўлди?
У болалигидан катта ёзувчи бўлишни орзу қилиб яшади. 8-синфда ўқиётганида «Босқинчиларга қарши қурол билан эмас, қалам билан курашаман!» деган фикр миясига қаттиқ ўрнашиб қолди.
Ёзувчининг қуроли – сўз! Мамадали ҳам аввало имконияти даражасида ўз ғояларини, ватан ва миллат туйғусини асарларида акс эттирди.
Тарихда босмачилик деб аталган ва қаттиқ қораланган ҳаракатни «Боғдон қашқири» деган қиссасида миллий-озодлик ҳаракати, дея талқин этишга журъат этди. Кейинроқ «Шарқ юлдузи» журналида (1981) чоп этилган «Ўлмас қоялар» романида йиллар давомида таъкидланаётган катта ёлғонни фош этиб, Ўрта Осиё Россияга қонлар тўкиш эвазига зўрлик билан қўшиб олинганини рўй-рост ёритиб берди. Унинг тарихга, тарихий шахс­ларга қараши ҳам ўзига хос эди, расмий қарашлардан анча фарқ қиларди. Юртимиз тарихини ва жаҳон тарихини мус­тақил равишда, пухта ўрганган эди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин ҳам Ўрта Осиёнинг босиб олингани ҳақидаги тарихий ҳақиқатни тан олгиси келмай, тайсаллаган олимлар борлигини назарда тутсак, адибнинг катта журъати, тарихий хизмати янада ёрқинроқ аён бўлади. «Ўлмас қоялар» романи «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилгандан кейин катта шов-шувларга сабаб бўлди, хорижий юртларда, хусусан, Германия, Туркия ва Францияда нашр этилди. Ўзимизда эса муносабат мутлақо салбий бўлди. Қизил мафкура ҳукмрон бўлган тузумда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Роман босилган журнал ҳам йиғиштириб олинди.
Ватан мустақиллигини кўриш Мамадалининг энг катта орзуси эди. СССР деб аталган улкан империянинг таркибида бўлган Ўзбекистонда қарамлик, юқорига тобелик, бир сўз билан айтганда, мустамлакачилик бошқача тарзда давом этаётгани ҳар бир мустақил фикрлайдиган одамга яхши аён эди. Мустақиллик орзу­си, истиқлол соғинчи юракларнинг энг тубига чўктирилганди. Чунки ўша пайтда мустақиллик ҳақида ҳатто орзу ҳам қилиб бўлмас эди.
Мамадалининг ватанпарварлиги, миллатпарварлигини жуда катта кўламда, кенг роқ маънода англамоқ лозим. У фақат истиқлол соғинчи билан чегараланиб қолмаган. У бутун дунёда туркий халқларнинг бирлиги ғоясининг ашаддий тарафдори, толмас тарғиботчиси эди. Эврил Турон деган тахаллусни ҳам бежиз танламаган эди. Қизларидан бирига бежиз Ватан дея исм қўймаган эди.
Мамадалининг «Ўлмас қоялар» романи худди ёзда гумбурлаган момақалдироқдек катта шов-шувларга сабаб бўлди. Ёзувчига турли тазйиқлар ­бошланди. Ишдан ноҳақ бўшатилди.
Тақдир Мамадалини кўп аёвсиз синовларга дучор қилди. У маданият жамғармасида ишлаётганида биринчи марта қамалди. Орадан йиллар ўтгач, у иккинчи марта «Эрк» партиясининг аъзоси» деган сохта, тутуриқсиз айб билан яна ҳибсга олинди. Жафокаш адиб умрининг 17 йилдан зиёдроқ вақтини қамоқхонада ўтказди..
Шу тариқа юрт мустақиллигини ҳаммадан кўп орзу қилган, шу йўлда ҳам ижоди, ҳам амалий фаолияти билан баҳоли қудрат курашган одам мустақиллик йилларида икки марта қамалиб чиқди!.. Бунга қандоқ чидаш мумкин? Шу қадар адолатсизлик бўладими?
Қамоқдан кейин ёзувчининг ёруғ кунлари бошланди. 2018 йили Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тикланди. Кўпгина асарлари хорижий давлатларнинг расмий сайтларида эълон қилинди. «Шарқ юлдузи» журналида «Ой нури» романи чоп этилди. Президент кўрсатмасига мувофиқ унга янги уй берилди.
Афсуски, қамоқхонада ўтказилган узоқ муддатли азоблар изсиз кетмаган, кекса адиб ўз соғлигини йўқотган эди. У уч марта инфаркт хасталигини бошдан ўтказди. Устига-устак, ошқозонида ҳам яра ва ўсма борлиги аниқланди. Урологик касалликлар ҳам дард устига чипқон бўлди. Юрагига мослама ўрнатиш зарур бўлиб қолди. Давлат ишида 40 йил ишлаган бўлишига қарамай, аввалига унга жуда кам миқдорда (179 минг сўмлик) пенсия тайинланди. Шундай кезларда у «алам»ини ижоддан олди. Қамоқхонада қоралаган кўпгина асарларини қайтадан жиддий кўриб чиқди. Заҳматкаш адиб қамоқхонанинг тиконли симлари ортида ҳам тинимсиз ижод қилган. Кўпгина асарлари хорижда эълон қилинган. Масалан, «Бу тоғлар – улуғ тоғлар» (Франция), «Туманли кунлар» (Англия), «Кишанланган қалблар» (Норвегия), «Омонсиз йиллар» (АҚШ). «Бўз бўри» (Англия, АҚШ), «Оқ гул» (Канада) шулар жумласидандир.
Ҳақиқий ватанпарварлик ва миллатпарварликни амалда намоён этган атоқли адибнинг ижодий мероси ва ҳаёт йўли ибратлидир. Улар келгусида ўрганиш ва ўрнак олишга хизмат қилажак.

Шодмон ОТАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими

Бошқа хабарлар