«Эҳтиром» нишони топширилди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида икки нафар соҳа фидойисига «Эҳтиром» нишони топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Федерация раис ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Эшонхўжаев ҳамда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Маҳмуд Бобоёровга 60 ёшга тўлгани муносабати билан Федерация раисининг табригини ўқиб эшиттирди ва тантанали тарзда «Эҳтиром» нишонини топширди.

Сўзга чиққанлар ахборот технологиялари, алоқа ва оммавий коммуникация соҳаси, шубҳасиз, энг муҳим соҳалардан ҳисоб­ланиши, Асрор Эшонхўжаев ходимлар манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жамоатчилик ишларида касаба уюшмаларининг фаоллигини янада оширишда муносиб ҳисса қўшиб келаётганини эътироф этишди.
Шунингдек, таълим азалдан тараққиёт гарови, келажакда ўз соҳасининг билимдонларини етказиб беришнинг бирдан-бир йўли саналиши, Маҳмуд Бобоёров узоқ йиллик меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, раҳбар лавозимларида ишлаган даврида ҳам маърифат ва маънавиятга ўзгача эътибор қаратгани алоҳида таъкидланди.
Ҳар икки совриндорнинг касаба уюшмалари тизимида амалга оширилган салмоқли ишларда катта ҳиссаси борлиги, бу соҳада меҳнат қилиб келаётган ходимлар учун ўзига хос мактаб ва намуна вазифасини ўташига алоҳида урғу бериб ўтилди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,

«Ishonch»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.