НОҲАҚ БЎШАТИЛГАН ХОДИМ

ёхуд унинг ҳуқуқини таъминлаш учун нима қилмоқ керак?

«Covid-19» пандемияси шароитида кўпгина соҳаларда оқсоқлик сезиляпти. Табиийки, бундай шароитда одамларда даромад манбаи камаяди, оиланинг моддий аҳволи оғирлашади. Шундай ҳолатда ходим ишдан ноҳақ бўшатилса, вазият икки баробар ёмонлашади. Мабодо, ходим ўз ҳуқуқини қонуний ҳимоя қилиб, суднинг қарори билан иш жойига тикланса-ю, иш берувчи ижрони пайсалга солса, бу жараён ойлаб чўзилса-чи?

Афсуски, бундай ҳолатга кўп бора дуч келиш мумкин. Қуйидаги мисол бунинг яққол исботи.
Фуқаро адвокатлик фирмасига ишдан ноҳақ бўшатилгани бўйича мурожаат этди. Дастлабки ўрганишдаёқ фуқаро ҳақиқатан ишдан ноқонуний бўшатилгани маълум бўлди. Шу сабабли унга қонун доирасидан четга чиқмаган ҳолда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қарор қилдик.

УЗОҚҚА ЧЎЗИЛМАГАН ҚУВОНЧ

Даъво аризасини тайёрлаб, уни фуқаролик ишлари бўйича судга киритдик. Суднинг шу йил 20 августдаги ҳал қилув қарори билан ходим аввалги ишига тикланди. Ўзимизча адолат қарор топди, энди ҳаммаси ҳал бўлди, дея қувонган эдик. Афсус, бундай бўлмади. Иш берувчи суд қарорини бажаришни пайсалга солди.
Ходимнинг норозилигидан сўнг амалдор уни ишга тиклади, бироқ ўз жойида эмас, бошқа вилоятдаги узоқ бир бўлимда ишлайдиган бўлди.
Албатта, ходим бундай ўзбилармонликдан яна норози бўлди. Иш берувчи ҳам анойи эмас экан – бошқача йўлга ўтиб олди. Яъни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида судга шикоят қилди. Шу сабабли ижро иши яна тўхтатилди. Ваҳоланки, ишга тиклашга доир ишлар дарҳол ижро этиладиган суд ҳужжатлари ҳисобланиб, уларнинг апелляция тартибида кўриб чиқилгунига қадар тўхтатиб турилиши тўғрисидаги меъёр қонунчилигимизда мавжуд эмас. 26 октябрдаги апелляция инстанция судининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори кучда қолдирилди.
Ходим талабини ҳар иккала инстанция ҳам асосли деб топди, иш берувчида уни ишга тиклашдан бошқа чора қолмади, лекин аҳвол ижобий томонга ўнгланмади. Мажбурий ижро бюроси раҳбариятининг аралашуви билан, суд қарори чиққанидан қарийб 3 ой(!) ўтгачгина ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги буйруқ чиқарилишига эришилди. Бу орада, телевидение ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари орқали айни шу мавзу юзасидан чиқишлар қилинди. Туркум кўрсатув ва мақолалар тайёрланиб, ноҳақлик қораланди, фуқаронинг қонуний талаби ҳимоя қилинди.

САРСОН БЎЛАЁТГАНЛАР КАММИ?

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилди: республика бўйи­­ча ишдан ноҳақ бўшатилган, лекин ўз ҳуқуқини судда ҳимоя қилмаган ходимлар қанча экан? Суд орқали ҳақлиги исботланган, лекин ишга тиклаш масаласига келганда атайин ўз иш ўрнига қайтарилмай, сарсон қийналганларчи? Ишга минг машаққат билан тикланган, лекин ўз иш жойига қайтгандан кейин яна иш берувчи томонидан турли таъқиб ва сиқувларга дуч келаётганлар ҳам талайгинадир, эҳтимол?
Шуларни инобатга олган ҳолда, ходим ҳуқуқларини мамлакатимизда тўла-тўкис ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликни яна такомиллаштиришга зарурат бор.

ТАКЛИФ

Биринчидан, ишга тиклашга оид ишлар дарҳол ижро этиладиган суд ҳужжатлари қаторига киради. Шу муносабат билан суд ҳужжати чиқарилгандан сўнг ходим ўз ишига амалда ўша заҳоти тикланиши учун апелляция тартибида янги механизм жорий этиш зарур. Бу механизмга кўра, Фуқаролик процессуал кодексининг 387-моддасини «Дарҳол ижро этилиши шарт бўлган суд ҳужжатлари устидан апелляция шикояти берилаётганда, ушбу суд ҳужжатининг ижро этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим», деган банд билан тўлдириш мақсадга мувофиқ. Ушбу ҳолатда агар бундай ҳужжатлар тақдим этилмаса (масалан, иш берувчининг тегишли буйруғи), апелляция шикоятини ҳаракатсиз қолдириш керак.
Иккинчидан, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонун ва Мажбурий ижро бюроси тўғрисидаги низомга тегишли қўшимча киритиш орқали давлат ижрочиларига иш берувчи-мансабдор шахс ишга тиклашни қасддан кечиктирган тақдирда, унинг устидан юқори турувчи органга тақдимнома киритиш (шу жумладан, мансабдор шахснинг ўз хизмат вазифасига лойиқ ёки нолойиқ эканини текшириш юзасидан) ҳуқуқини бериш керак.
Учинчидан, Меҳнат кодексининг 188-моддасига қўшимча киритиш орқали иш берувчига суднинг ҳал қилув қарори чиққанидан кейин ҳам ходимни ишга тикламаган ҳар бир куни учун мажбурий прогул суммасидан ташқари, маълум миқдорда жарима (пеня ва бошқалар) ундириш мажбуриятини юклашни мазмунан кўриб чиқиш керак.
Тўртинчидан, агар ходим иш берувчининг ғайриқонуний буйруғи билан ишдан бўшатилиб, қайта ўз ишига тикланган тақдирда, ушбу ходимни қайта ишдан бўшатиш учун алоҳида механизм жорий этиш зарур. Унга мувофиқ, Меҳнат кодексининг 101-моддасини қуйидагича банд билан тўлдириш лозим:
«Агар ходим иш берувчининг ғайриқонуний буйруғи билан ишдан бўшатилиб, қайта ишга тикланган тақдирда, 3 ой ичида мазкур ходимни қайта ишдан бўшатиш учун иш берувчи касаба уюшмаси қўмитасидан ташқари, меҳнат инспексиясининг ҳам розилигини олиши шарт».
Мазкур таклифлар инобатга олинса, улар ходимлар ҳуқуқларини иш берувчилар томонидан бузилишининг олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларини аниқ ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Зафар ТЎХТАШОВ,
адвокат

Фикр билдириш

Your email address will not be published.