Энди уларда ҳам имконият бор

160

Хабарингиз бор, шу йилнинг 26 февраль куни давлат раҳбари “Хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш масалалари тўғрисида” видеоселектор ўтказди.

Ушбу йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов мамлакатимизнинг энг чекка элликта ҳудудда “Гўзаллик салони” қуриш ва уни “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга фойдаланиш учун топшириш таклифини берган эди. Албатта бу таклиф Шавкат Мирзиёев томонидан маъқулланди ва унинг ижросига киришилди.

Айни вақтда  вилоятнинг тўртта – Оққўрғон, Паркент, Бўка, Бекобод туманларининг чекка ҳудудларида шундай “Гўзаллик салони” қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бунинг учун 73,6 миллион сўмлик енгил конструкцияли контейнерлар жойларга етказилди.

Шу муносабат билан куни кеча Оққўрғон туманидаги Сирдарё вилояти билан чегарадош ҳудуд – “Ҳосилдор” МФЙда “Аёллар гўзаллик салони”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Вилоят касаба уюшма кенгаши раиси М.Носиров, туман ҳокими Ф.Омонов ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Одатда қишлоқнинг меҳнаткаш хотин-қизлари ҳар доим ҳам ўзига жиддий эътибор қаратавермайди. Бунга гоҳ имкон бўлмайди. Гоҳида шароит. Ҳар иккиси топилганда эса гўзаллик марказлари олис ҳудудларда анқонинг уруғидек гап. Лекин булар секин-аста ўтмишда қолаётир. Бугун барча шароитларга эга бундай масканлар чекка овулларда ҳам қад рослаётганидан маҳалла аёллари беҳад шод бўлмоқда.

Оққўрғонлик Ҳуррият Боймирова ҳам шу вақтгача ўзига тузукроқ оро бермаган. Сабаби шу вақтгача қишлоғида биронта гўзаллик салони бўлмаган. Бирон бир тадбир ёки тўй-ҳашамда ўзига чирой бериш учун бир неча чақирим йўл босиб, туман марказига келарди. Бу эса ўз навбатида ҳам вақт, ҳам ортиқча маблағ талаб этарди. Бугун нафақат Ҳ.Боймирова, балки “Ҳосилдор” МФЙда истиқомат қилаётган барча опа-сингиллар бундай эътибор ва ғамхўрликдан, яратилган шарт-шароитдан хурсанд. Энди улар ҳам бошқа аёллар сингари ўзига эътибор қаратади. Зотан, бугун бунинг учун имконият бор.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, ҳозирча бундай марказлар фақат Тошкент вилоятида иш бошлади.