«Эҳтиром»дан мунаввар диллар

Меҳнати, фидойилиги ва шижоати билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган ишчи-ходимлар, меҳнат фахрийлари ҳар йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони билан тақдирланади. Жорий йилда ҳам мазкур мезонлар асосида турли соҳаларда фаолият юритиб келаётган 19 нафар ташаббускор касаба уюшмаси фаоллари ушбу мукофотга муносиб кўрилди. Айни вақтда жойларда уларга мукофотлар топширилмоқда.

Тажрибаси барчага ўрнак…

Қоракўллик Илҳом Габборов муаллимлар сулоласидан. Соҳа ходимларига ҳамиша қўл-қанот бўлишга, уларнинг оғирини енгил қилишга интилгани сабаб бухоролик ўқитувчилар орасида ҳам, касаба уюшмаси тизими вакиллари ичида ҳам алоҳида ҳурмат-­эътибор топган. Узоқ йиллардан буён Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қоракўл тумани кенгаши раиси бўлиб ишлаётгани ҳам бежиз эмас.

Илҳом Габборов, аслида, меҳнат фаолиятини 1994 йилдан ўзи тамомлаган Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат (ҳозирги Бухоро муҳандислик-технология) институтида талабалар ва профессор-ўқитувчилар касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида ­бошлаган. 2004-2009 йиллар орасида Бухоро вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида малакасини оширган. Мана, чорак асрдирки, эзгуликлар ичра ҳормай-толмай меҳнат қилмоқда. Бу орада Бухоро давлат университетининг амалий-информатика йўналишида таҳсил олиб, қўш олий маълумотли бўлишга ҳам улгурди. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қоракўл тумани кенгаши раиси бўлди.
– Ҳаёти давомида фақат касаба уюшмалари тизимида ишлаб келаётган кам сонли мутахассисларимиздан бири айнан Илҳом Габборов бўлади, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Райҳон Носирова. – Тўғрисўзлиги, ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги, яхши маънодаги инжиқлиги боис, обрў-эътибор ­топди. Довруғи халқаро миқёсда танилган Қоракўл математика мактаби эришган ва эришаётган ютуқларда, чекка бир туманнинг таълим-тарбия борасида бутун республикага намуна бўлишида, у ердаги педагог ходимлар учун ҳар томонлама муносиб меҳнат шароитлари яратилишида, Қоракўлда таълим тизими ходимларидан иборат касаба уюшмалари ­аъзоларининг бошини бир ерга қовуштириб, аҳил жамоани шакллантиришда унинг муносиб меҳнатлари бор.
Ўз вазифасига сидқидилдан ёндашгани, инсоний ва касбий сифатлари, ­жабҳадаги кўп йиллик хизматлари ва бой тажрибаси инобатга олиниб, якунланаётган йилда Илҳом Габборов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишонига лойиқ топилди.
Бухоро вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида ушбу юксак мукофот жонкуяр ва моҳир мутахассисга тантанали тарзда топширилди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда соҳа фидойисига нишонни топширар экан, бирлашма кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов бу каби мутахассисларнинг иш тажрибасини ўрганиб, фаолиятга татбиқ этиш ҳар жиҳатдан фойдали эканини таъкидлади.

Рустам ИБРОҲИМОВ,
«ISHONCH»

Меҳнат қадр топса…

Нукус халқаро аэропорти парвозларни ёритиш-техник таъминоти муҳандиси, касаба уюшма қўмитаси раиси Рашид Алланиязов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида кенгаш раиси, сенатор Улуғбек Жалменов совриндорни қизғин ­табриклади.
– Меҳнатим қадр топиб, эътибор ва эҳтиром кўрсатишганидан беҳад хурсандман. Бу Янги йил байрами олдидан ажойиб совға бўлди, – деди Р.Алланиязов.
Сўзга чиққанлар совриндорнинг узоқ йиллардан буён Нукус халқаро аэропортида фаолият юритиб, фидокорона меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшаётгани, бу йўлда изланиш ва ташаббус кўрсатиб, ижтимоий шериклик асосида ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида юқори натижаларга эришиб келаётганини эътироф этишди.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»

Камтарга камол

Муродулла Калонов кўп йиллардан буён Қашқадарё вилояти сув таъминоти масъулияти чекланган жамиятида фаолият юритади. Муҳандислик юмушларидан ташқари жамоатчилик асосида касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб келаётганига ҳам 20 йилдан ошди.

Яқинда касабақўм етакчисининг кўп йиллик фидойи меҳнатлари эътиборга олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишонига муносиб кўрилди.
Шу муносабат билан Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида унга юксак мукофотни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев ҳамда касаба уюшма фидойиси Эсон Ражабов Муродулла Калоновнинг касбига садоқатини алоҳида эътироф этишди.
– Касаба уюшма иши жамоатчилик асосидаги юмушим бўлса-да, мен учун асосий ишимдан-да қадрлироқдир, – дейди Муродулла ака. – Рост, 5-6 ойлаб ойлик ололмаган вақтларимиз бўлди. Жамоада кам таъминланган ходимлар бор, ногиронлар бор. Уларнинг шундай паллада кўнг­лини кўтариб, озгина бўлса-да, оғирини енгил қилиш, қандайдир кўмак кўрсатиш, фарзандига тўй қилаётганларга моддий ёрдам бериш, ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш ишларини ташкил қилиш ҳаётимнинг мазмунига айланиб кетибди, қаранг. Айни пайтда маошларимиз ҳам кўтарилган, ойма-ой берилмоқда. Демак, биз ҳам касаба уюшма қўмитаси томонидан ижтимоий ҳимоя тадбирларини янада кўпайтиришга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Ана шунда аҳолини сув билан таъминлашга улуш қўшаётган машаққатли касб эгалари биздан рози бўлади…
Катта бир вилоят миқёсида иш олиб борадиган кўп сонли жамоанинг, таъбир жоиз бўлса, 1240 нафар ходимнинг манфаатларини ўз зиммасига олган Калонов ана шундай жонкуяр, ана шундай заҳматкаш одам. Ҳатто, ўзи тақдирланаётган пайтда ҳам ходимларини ўйлайди. Уларга наф келтиришда ўзини қарздор сезади…

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.