Ҳар қандай тугунга ечим бор

«Аёллар дафтари» ҳамда «Ёшлар дафтари» юзасидан ҳаётбахш чора-тадбирларнинг амалга татбиқ этилиши муносабати билан кўп­лаб оилаларда эртанги кунга бўлган ишонч янада мустаҳкамланмоқда.
Тегишлилиги бўйича ёндашилгани боис, Қарши шаҳридаги «Араловул» маҳалласида яшовчи ака-ука Қувондиқ ва Феруз Хуррамов «Қудрат ота мазали таомлари» МЧЖга ошпаз ва сотувчи бўлиб ишга жойлашишди.

– Ёшим 28 да, – дейди Феруз Хуррамов. – Икки нафар фарзандим бор. Ўн йилга яқин «Кунчиқар» бозорида савдо билан шуғулландим. Ошпазлик ҳам қўлимдан келади. Айни пайтда ишсиз эдим. Ишчи гуруҳи аъзоларининг аралашуви туфайли акам иккимизнинг бандлигимиз таъминланди. Оиламизга барака кирди.
Иш излаб юрган «Кат» маҳалласида яшовчи олти нафар хотин-қиз ҳам «Аёллар дафтари» тадбирларига кўра, тадбиркор Раъно Раҳимованинг тикув цехига ишга қабул қилинди.
– Тикув цехимизда асосан хотин-қизлар либослари тикилади, – дейди Раъно Раҳимова. – Маҳалладаги хотин-қизлар соат 9:00 дан 15:00 гача ишлашади. Бундан ташқари, «Зилол» ўқув марказимизда ҳудуддаги 20 нафар аёлга бепул тикиш-бичиш сирларини ўргатяпмиз…
– Ёшим 25 да, – дейди Дилфуза Кенжаева. – Чеварликка қизиқишим борлиги сабаб Раъно опанинг маҳалламиздаги аёлларни тикувчиликка ўргатаётганини эшитиб, бу ерга келдим. Ҳозир кунига икки соат сабоқ оляпман.
– Яқинда Қарши шаҳар ҳокимлигида ёшлар ва хотин-қизлар билан учрашув ташкил этилди, – деди Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари Наргиза Хонқулова. – Унда «Ёшлар дафтари» ҳамда «Аёллар дафтари»га кирган ҳамшаҳарларимизнинг муаммолари тингланди. 97 нафар фуқаро давлат ва нодавлат ташкилотларига ишга жойлашди. Шунингдек, ­­11 нафар имтиёзли кредитга тавсиянома олган хотин-қизга сертификатлар топширилди.
– Икки нафар фарзандим бор, – ­дейди «Қўрғонча» маҳалласида яшовчи Гулзора Турдиева. – Бир куни ишчи гуруҳ аъзолари келиб қолишди. «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» ҳақида тушунча беришди. Аҳоли ўртасида анкета сўровномасини тўлдиришаётганини билгач, ишлаш ниятим борлигини айтдим. Шу тариқа, маҳалламиздаги 32-сонли мактабгача таълим муассасасига ошпазликка ишга қабул қилиндим. Ишим ўзимга ёқади. Болаларимни ҳам боғчага жойлаштирдим…
Бундан ташқари, иш сўраб мурожаат қилган Сарвиноз Турдиева 28-мактабгача таълим муассасасига, Наргиза Шоназарова шаҳар тиббиёт бирлашмасига, Шарофиддин Аллаев шаҳар ҳокимлигига ишга жойлашди.
Кўриняптики, давлат ва жамиятга дахлдорлик туйғусининг мустаҳкамланиши, томонлар ўртасидаги шаффофлик ва ўзаро ишонч бор жойда ечилмайдиган тугуннинг ўзи қолмайди.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.