МАҚСАД – ОДАМЛАРНИ РОЗИ ҚИЛИШ

Бугун янги йил остонасида туриб, ортга назар ташлар эканмиз, ўтган йил барчамиз учун синовлар йилига айланганига амин бўламиз.Айниқса, коронавирус пандемияси сабаб эл бошига катта ташвиш тушди.

Аммо биз меҳр-оқибатли, иродали халқ эканлигимизни намоён этолдик. Бу ҳақда сўз юрита туриб, кўз олдимдан синовли дамлардаги одамларнинг бирдамлиги ўтмоқда.
Халқ бирлашди ва ҳар қачонгидан кўра жипс­лашди. Мана мисол, қўли ва кўнгли очиқ фермер ва тадбиркорлар ўз юртдошларига беминнат саховат кўрсатишди. Бу жараёнда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этди.
Карантин даврида аҳолини зарур тиббий воситалар билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя­­га муҳтожлар, ёлғиз ва кексалар, ногиронлиги бор кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан «Касаба уюшмалари коронавирусга қарши!» шиори остида меҳр-оқибат акцияси ташкил қилинди. Акция доирасида бирлашманинг вилоят ва туман кенгашлари томонидан ҳудудларда 1000 дан ортиқ оилага 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, ниқоб ва антисептик воситалар беғараз тарқатилди.
Тўғри, эл учун қилаётган саховатимиз, ­ҳадяларимиз дарёдан томчидек гап. Бу кўмак кам таъминланган оилаларнинг турмушини ўзгартириб юбормайди. Бироқ, шундай синовли кунларда одамлар маҳаллага, оқсоқолларга, фермер ва тадбиркорларга, маҳаллий ҳокимият ва касаба уюшмаларига кўз тикади. ­Бошқача айтганда, уларга суянади.
Бугун, юртимизда кечаётган ижобий ўзгариш­ларда касаба уюшмаларининг ҳам ўз ўрни бор. Негаки, ҳақ-ҳуқуқ, манфаат ҳимоясининг самарасини ҳар бир ходим ҳис қилмоқда. Бу мамлакатимизда халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дард-у ташвишлари, ҳаётий муаммоларини ­жойида ҳал этиш бўйича ўзига хос янги тизим яратилганлигидан далолатдир. Бугунги ўзгариш ва ислоҳотлар касаба уюшмалари фаолиятини ҳам ўзгача маъно ва мазмун билан бойитмоқда.
Аёлларга янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида касаба уюшмалари иштирокида 2020 йилда 4 миллиард 175 миллион 350 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилди. 9 та туманда турли йўналишларда корхоналар ташкил этилиб, 740 та иш ўрни яратилди. Мисол учун, қумқўрғонлик Матлуба Омонова тадбиркорлик қилиши учун, аниқроғи, пишириқ ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун моддий кўмак беришни сўраб келди. Шахсан ўзим унинг имкониятлари, шарт-шароитларини ўргандим. Охир-оқибат 400 миллион сўм маблағ ажратдик. У эса туман марказида «Umidaxonim milliy shirinliklari» хусусий корхонасини очиб, 40 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. Олтинсойлик Гулруҳ Пиримқуловага 300 миллион сўм ажратганимиздан сўнг, «Serdse mira» МЧЖни ташкил этиб, нон ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланиб, 40 та янги иш ўрни ташкил этди. Шерободлик Отабек Ҳидаев эса ажратилган 400 миллион сўм маблағ ҳисобига «Шеробод стар-текстиль» МЧЖ ташкил этиб, 60 нафар хотин-қизни иш ўрни билан таъминлади. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бунинг барчаси халқимизнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни кўпайтириб, ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулот билан бойитишга хизмат қилмоқда.
Воҳамиздаги 2374 та корхона, ташкилот ва муассасада меҳнат қилаётган 300 мингдан ортиқ ходимлар дам олиши, соғлиғини тиклашда муносиб иш шароитлари яратилишида ўз кўмагимизни аямадик. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, бирлашмамиз ҳамда вилоят савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид минтақавий келишув имзоланди. Жамоа шартномаларига ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқи, ижтимоий ҳимоясини кучайтирувчи бандлар киритилди. Эндиликда вилоятимиз бўйича ҳар бир ходимга ўрта ҳисобда йил давомида сарфланган маблағ 2 миллион 468,7 минг сўмни ташкил этмоқда.
Инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш фаолиятимизнинг бош шиоридир. Касаба уюшмаларининг кам таъминланган, кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга кўрсатаётган беғараз ёрдами кўнгилларга малҳам бўлмоқда. Ўтган йилда 166 нафар хотин-қизга Хитой давлатида ишлаб чиқарилган «Janomi» тикув машиналари, 156 та кам таъминланган оилага газ плита, 40 та кир ювиш машинаси, 184 та оилага кичик печлар олиб берилди. 254 нафар бемор хотин-қизнинг даволаниши учун 502 миллион 320 минг сўм маблағ сарфладик. Йил давомида 572 нафар ишчи-ходимнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларига саёҳатлар уюштирдик.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун!» деган ғоя мужассам. Муҳтарам Президентимиз томонидан ана шу ҳаётбахш ғоя асосида қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорлар касаба уюшмаларининг ҳам фаолият майдонини кенгайтирмоқда, уни тобора халққа яқинлаштирмоқда.
Хусусан, 2020 йил вилоят касаба уюшмалари тарихида унутилмас йил бўлиб қолди. Олтинсой туманида жойлашган Хўжаипок зиёратгоҳи ёнидаги ғордан чиқаётган сувнинг шифобахшлиги аниқланганига анча йиллар бўлганди. Мутахассисларнинг таърифича, мазкур булоқ сувининг таркибида инсон организми учун зарур бўлган минераллар жуда кўп. Бу ердаги маъданли шифобахш сув, мусаффо ҳаво, кислороднинг ­кўплиги, тоғ табиатининг сўлимлиги ҳар қандай кишини ўзига жалб этади. Давлатимиз раҳбари 2018 йил 19-20 январь кунлари вилоятга ташрифи чоғида аҳолининг таклифларини ҳисобга олиб, мазкур ҳудудда халқнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, соғлигини тиклаши учун замонавий соғломлаштириш маскани барпо этиш ҳақида мутассаддиларга топшириқ берган эди. Шундан сўнг, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан 200 ўринли «Хўжаипок» соғломлаштириш масканини бунёд этиш бош­­ланди. Санаторий қурилишида 470 нафар қурувчи фидокорона меҳнат қилди. Натижада, 2020 йилнинг 30 май куни сиҳатгоҳ тўлиқ фойдаланишга топширилди.
Одамларни рози қилиш – устувор мақсад! Биз бу эзгу мақсадга ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, меҳнат ва ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш орқали эришамиз.
Зеро, ҳар бир ишчи, ҳар бир инсон касаба уюшмалари тимсолида ўзининг суянган тоғини, ҳақ-ҳуқуқларининг мустаҳкам ­ишончли ҳимоя­чисини кўрмоғи лозим. Истаймизки, биз фаолият юритаётган қутлуғ даргоҳдан ҳеч ким ноумид чиқиб кетмасин.

Абдукарим АҲМЕДОВ,
Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси

Фикр билдириш

Your email address will not be published.