ВАТАН ИСТИҚБОЛИ ВА МИЛЛАТ ДАРДИГА ДАРМОН БЎЛМОҚ АСОСИЙ ВАЗИФАМИЗГА АЙЛАНМОҒИ ЛОЗИМ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида тадбир ташкил этилди.
Бу ерга Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари жамулжам бўлди.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бирига айланган тадбир 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинадиган ушбу тадбирни халқимиз катта қизиқиш билан кутади. Жумладан, мен ҳам. Айниқса, янги йилга ном берилиши барча ватандош­ларимиз учун қизиқ. Ҳар йили телевизор орқали кўрар эдим. Бу сафар тўғридан-тўғри давлат раҳбарининг ўзидан эшитаман. Бу қалбда уйғонган ҳаяжонни чандон оширар экан.
Тадбир бошланишидан олдин залда ўзгача муҳит ҳукмрон эди. Машҳур кишилар – таниқли давлат ва жамоат арбоблари билан кўришиш одамга бошқача кайфият бахш этарди. Бундай катта тадбирни биринчи марта ёритишим. Салобати босар экан, тўғриси… Бу ўша дамда кўнгилдан ўтган гаплар, албатта.
Ҳолбуки, Мурожаатнома 15 та телеканал орқали жонли эфирда, шунингдек, Президентнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида онлайн ёритиб борилмоқда эди. Бундай шароитда эртага матбуотда мазкур мавзуни қандай ёритиш ҳақида ҳам ўйлаб қолади киши…
Саҳнага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзини бу галги Мурожаатнома ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб даврга тўғри келганини таъкидлаш билан бошлади.
Ҳа, 2020 йил бутун инсониятни жиддий синовдан ўтказди. Коронавирус пандемияси сабаб кўпдан-кўп инсонлар қурбон бўлди, иқтисодиётлар катта қийинчиликларга дуч келди, ишсизлик даражаси кескин ошди. Ташвишлар ва мураккаб вазиятлар, муаммолар бизни ҳам четлаб ўтмади. Бухоро ва Сардобадаги табиий офатлар дард устига чипқон бўлди…
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада бу ҳолатларни чуқур таҳлил этиб берди. Бу жараёнда ўзининг букилмас иродаси, меҳнати ва матонатини намоён этган халқимиз, ўта хавфли вирус билан кеча-ю кундуз мардона курашган жонкуяр шифокорлар, қийин дамда ёрдамга муҳтож аҳолига кўмак берган тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Шу лаҳзаларда менинг хаёлимдан ўзим гувоҳи бўлган воқеалар кечарди. Хизмат юзасидан қайта тикланган Сардобани бир неча бор бориб кўрганмиз. Бу ерда яратилган шароитлар билан танишганмиз. Одамларнинг юз-кўзидаги миннатдорликка гувоҳ бўлганмиз.
Албатта, бу – бошқа мавзу. Аммо айтмоқчи бўлганимиз шуки, Президентимизнинг узоқни кўра билгани ва қатъий иродаси туфайли шундай синовлардан халқимиз мардонавор ўтди.
Энг муҳими, долғали синовларга қарамасдан, Ўзбекис­тон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қололди, юзлаб йирик, минглаб кичик корхоналар бунёд этилди. Янги йўллар, кўприк­лар қурилди.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари алоҳида таҳлил этиб берган «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурига мувофиқ амалга оширилган ислоҳотлар бу кўрсаткичларнинг ўзаги бўлди.
Мурожаатномани эшитар эканмиз, шууримизда ҳазрат Навоийнинг машҳур сатрлари хаёлдан ўтди.
Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
Ҳақиқатан ҳам, 2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди. Инсонларнинг фаровон яшаши учун янги тизим, янги механизмлар йўлга қўйил­ди. Шулардан бири камбағалликни қисқартириш борасидаги тизимли ишлардир.
Камбағалликни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишларга кенг йўл очиб берилди. Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилди. Бу жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол қатнашди.
Мурожаатномада қайд этилганидек, ортда қолган йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши бошчилигида республикамизнинг барча ҳудудларида уйма-уй юриб, 6 миллиондан ортиқ хотин-қизларнинг муаммолари пухта ўрганилди. 
Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Бу – аччиқ ҳақиқат. Ахир, қанчадан-қанча аёллар ёрдамга, эътиборга муҳтож эканидан кўз юмиб бўлар эканми? Ўз ёғига ўзи қоврилиб, бошини қай деворга уришни билмаётган муштипар опа-сингиллар… ўйлаган сайин юрак эзилади…
Ўрганиш­лар асносида «Аёллар дафтари» шакллантирилиб, хотин-қизларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топилмоқда. Ўн минг­лаб оилалар уй-жойларга, Ватан ичра мўъжаз ватанга эга бўлди. Ойлаб, йиллаб ижарама-ижара, сарсон-саргардон юрган опа-сингиллар учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Айни шу йўналишларда ишларни ёритишда бевосита иштирок этганим боис, айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси одамлар қалбига ишонч, хонадонларга нур олиб кирди. Энг муҳими, бу ­жабҳадаги ишлар узвий давом эттирилмоқда. Бу эса ишонч кўприклари янада мустаҳкамланаётганидан далолатдир.
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида аҳоли саломатлигига алоҳида тўхталди. Хусусан, бугунги кунда туман ва қишлоқлардаги шифохоналар, қишлоқ врачлик пунктлари мутлақо давр талабига жавоб бермаслигига урғу берди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, янги йилда қишлоқ врачлик пункт­ларига кенг имкониятлар берилишини, олис овулларда меҳнат қилаётган фидойи шифокорлар давлат ҳимоясига олинишини таъкидлади.
Мурожаатномада қайд этилган ва алоҳида урғу берилган жиҳатлардан бири, бу илм-у маърифатни тараққий эттириш, ёшларни билимли, зукко этиб тарбиялаш масаласидир.
Давлатимиз раҳбарининг бу борада амалга оширилган ва оширилиши лозим бўлган вазифалар таҳлилида улуғ истакни – миллатни буюк қилишга қодир куч фақатгина илм, маърифат ва тарбия эканини янада чуқурроқ англадик.
Бунинг учун давлат қайғурмоқда. Хусусан, келаси йилдан хусусий олийгоҳларга ҳам керакли мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйи­лиши, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши, ОТМларга қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилиши, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши каби кўплаб масалалар шулар жумласидан.
Мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, уни ривожланган давлатлар қаторига қўшишнинг бирдан-бир йўли – тадбиркорлик ва хусусий бизнесга кенг имконият яратишдир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Мурожаатномада айтилганидек, тадбиркорлик ва хусусий бизнесга янги йилда ҳам кенг имкониятлар яратилади. «Солиқчи – кўмакчи» тамойили асосида тадбиркорлар учун уларнинг бизнес ҳамкорининг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни ҳамда жамоатчилик портали орқали инсофли солиқ тўловчилар, солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарлар, ҚҚС тўловчилари, мажбурий аудиторлик текширувидан ўтган корхоналар, солиқлар ва бошқа тўловлар бўйича қарздорлик ҳақида маълумот олиш имконияти яратилади. 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидалар соддалаштирилади, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади.
Албатта, тадбиркорликка берилаётган имкониятлар замирида, аввало, аҳоли даромадини ошириш, ишчи кучини кўпайтириш каби эзгу мақсад мужассам.
Умуман олганда, ёшларни қўллаб-қуватлаш, уларнинг ёрқин истиқболини таъминлаш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб, бу ҳақда сўз кетар экан, Президентимизнинг ушбу сўзларини иқтибос келтирамиз:

«Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбия­лаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим».

Ҳаяжонли дамлар… Президентимиз 2021 йилга мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини ­мустаҳкамлаш йили, деб ном беришни таклиф этди.
Президентимизнинг ушбу так­лифи тадбир иштирокчилари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.
Аслида, бундан олдинги йилларда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини ­мустаҳкамлаш йўлида кўплаб хайрли вазифалар амалга оширилган. Ёшлар, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ ном қўйилган йиллар ҳам етарлича бўлган.
Хўш, шундай экан, янги йилга бундай ном беришга нима сабаб бўлди?
Биринчидан, Ўзбекистоннинг қарийб олтмиш фоиз аҳолисини ёшлар ташкил этади. Демак, келажак уларнинг қўлида. Иккинчидан, эртанги марралар уларнинг салоҳиятига боғлиқ. Шунинг учун уларга ҳар қанча имконият яратсак, қўллаб-қувватласак, шунча оз.
Биз яна бир синовли йилдан ўтдик. Аҳоли саломатлигини ­мустаҳкамлашдек муҳим вазифа турибди олдимизда. Демак, йил дастури ҳам айни шу жиҳатларни қамраб олажак. Амалга ошриладиган ишлар ҳам шунга мос бўлажак.
Бу йил биз яна бир муҳим санани нишонлаймиз. Ватанимиз мус­тақиллигига 30 йил тўлади. Бу тарихий санани «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган эзгу ғоя асосида нишонлаш бўйича кенг кўламли тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари 2021 йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларни белгилаб берди. Уларнинг барчасида халқ манфаати, Ватан ва миллатнинг ёруғ истиқболи акс этган.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, эл-юртимиз ҳозирги оғир шароитда барча синов ва ­қийинчиликлардан янада кучли ва иродали бўлиб чиқмоқда. Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйишидан қатъи назар, қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайт­иш йўқ. Олдинга, фақат олдинга қараб борамиз.
Бу шижоат, матонат ва фидойиликда Жалолиддин Румийнинг бир ҳикмати намоён бўлиб турибди:
Гўзал кунлар келишини кутма. Унга томон бормоғингни унутма.
Ўйлаймизки, Мурожаатнома билан танишган, уни кузатган ҳар бир юртдошимиз қалбида ҳам бугун шундай ўйлар кечмоқда. Эртанги кунга ишонч, Ватаннинг ёруғ истиқболига шижоат, миллат дардига дармон бўлмоқ ғайрати жўш ураётир.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.