ЎХШАШИ ЙЎҚ БУ ГЎЗАЛ МАСКАН…

Пойтахтимизда янги СИҲАТГОҲ – «Чинобод плаза» санаторийси иш бошлади

«Чинобод плаза» сиҳатгоҳи фаолияти билан Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар сони яна биттага ортди.

Санаторий очилишини газетада ёритиш учун айтилган манзилга эртароқ бордик. Санаторий атрофида одам кўп эди. Замонавий қилиб қурилган беш қаватли бино кўпчиликнинг эътиборини тортаётгани, бир муддат тўхтаб, унинг қандай иншоот эканига қизиқаётгани билиниб турарди. Қишнинг чилласи. Кун совуқ. Аммо муҳташам иншоотнинг кўрки қалбга илиқлик олиб кираётгандек. Мана беш-олти киши аллақачон селфи тушишга киришиб кетди… Шунда тўпланганлар ичидан кимдир айтиб қолди: олтин узукка бриллиант кўз қўйгандек бўлибди…
Ҳақиқатдан ҳам, диққатни тортадиган, маҳлиё бўладиган, фонида суратга тушадиган гўзал маскан бўлиб қад ростлаган ва очилиши кутилаётган муҳташам санаторийнинг замонавий биноси кўзни қувнатади.

Санаторийнинг очилиш маросими бошланди.
Тадбирда Олий Мажлис палаталари депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Тошкент шаҳар ва Юнусобод тумани ҳокимлари, Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирлари, қатор ташкилотлар раҳбарлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари, ҳудудий бирлашмалари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, касаба уюшма фаоллари иштирок этди.
Маросимни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си раиси, сенатор Қудратилла ­Рафиқов очиб, иштирокчиларни Янги йил ва бу йилдан иш бошлаган ушбу санаторий билан қутлади.

ЙИЛ НОМИГА ҲАМОҲАНГ

2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили. Бу ташаббусда, йилга шундай ном берилишда улкан маъно бор. Зеро, биз ўтган 2020 йилда синовли даврларни, ташвишли дамларни бошдан кечирдик. Айниқса, коронавирус пандемияси бошимизга кўп ташвиш­ларни солди.
Шундай вазиятда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати сабаб талафотлар кам бўлди. Бугунгидек барқарор эпидемиологик вазиятга эришилди. Муҳими, пандемиянинг энг оғир асорати – иқтисодий таназзулга ҳам йўл қўйилмади.
Ўтган йилда юртимизда ­бунёдкорлик ишлари тўхтамади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ҳам бунёдкорликлар давом эттирилди. 2020 йилнинг май ойида Сурхондарё вилоятида «Хўжаипок» санаторийси, июнь ойида Қорақалпоғистон Респуб­ликасининг Мўйноқ туманида «Оқ кема» болалар оромгоҳи каби йирик объектлар ишга туширилди.
Бугун ана шу ишларнинг мантиқий давоми бўлган яна бири муҳташам иншоот «Чинобод плаза» санаторийси ҳам фаолият бошламоқда.
Тадбирда сиҳатгоҳнинг заҳматкаш халқимизга Янги йил совғаси бўлгани алоҳида таъкидланди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилининг илк қадами айни шу мақсадга йўғрилган бинонинг очилиши билан бошланганида ҳам ўзгача ҳикмат борлиги қайд этилди.

ЭЗГУ ҒОЯЛАР РЎЁБИ

– Бугун пок ниятлар билан Ўзбекистондаги яна бир эзгулик кошонасини ишга туширмоқдамиз, – деди Қудратилла Рафиқов. – Юртимизда бу дам олиш ­масканининг бошқа аналоглари, яъни ўхшаши йўқ. Ундаги тиббий муолажалардан тортиб, хизмат кўрсатиш таркиби, тизими ҳам бутунлай янгича даражага олиб чиқилган. Давлатимиз раҳбарининг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган йиғилишда берган топшириқларига биноан ушбу янги санаторийнинг биринчи дам олувчилари халқимизнинг энг ҳурматли вакиллари – устоз ва мураббийлар, илм-фан, маданият соҳаларида узоқ йиллар она юртимизга сид­қидилдан ҳалол меҳнат қилиб келган, келаётган инсонлар бўлишяпти. Бугун юз нафардан ортиқ ана шундай азиз инсонларни таклиф этдик.
Сўзга чиққанлар «Чинобод плаза» санаторийси дастлаб ўз эшикларини устоз ва мураббийларга очгани Президентимиз томонидан илгари сурилган «Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак» деган эзгу ғояга ҳамоҳанг бўлганини таъкидлашди.


Тадбирда йил давомида 13 минг 500 нафар педагог дам олдирилиб, соғлиги тикланиши айтиб ўтилди.
Мухтасар айтганда, мазкур шифо масканидаги шароитни тадбирда сўзга чиққан Ўзбекис­тон Республикаси халқ ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Турғун Азларов биттагина жумла билан ифодалади: «Гап йўқ!»
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид санаторий кутубхонасига бир неча номдаги китобларни топширди.

ТАЛАБЛАРГА ТЎЛИҚ ЖАВОБ БЕРАДИ

«Чинобод плаза» санаторийсини қуриш ишлари 2018 йилнинг иккинчи чорагида бош­ланиб, 2020 йилда тўлиқ тугатилди. 144 ўринли ётоқхона ва даволаш биноси, йилига 4500 кишини соғломлаштириш қувватига эга. Қурилиш ва ободонаштириш ишлари ҳамда муҳандислик иншоотларини барпо этиш учун 72 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.
Сиҳатгоҳ ошқозон-ичак йўли касалликлари, юрак-томир, эндокрин ва асаб тизими билан оғриган дам олувчилар учун тиббий реабилитация хизмати кўрсатишга ихтисослаштирилган.
Денгиз сатҳидан 450 метр баландликда жойлашган ­масканда даволаш муолажалари таббий, иқлимий ва физиотерапевтик усуллардан комплекс равишда фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Санаторий энг замонавий диагностика даволаш ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, даволанувчиларга махсус тайёргарликдан ўтган 113 нафар юқори малакали мутахассис хизмат кўрсатади.
Юртимизда ушбу касаллик­ларни даволашга йўналтирилган биргина «Чинобод» санаторийси аҳолининг тобора ортиб бораётган эҳтиёжларини қондира олмай қолган эди.

ҲАЙРАТ ВА ҲАВАС ИЛА…

Тадбирда йиғилганлар санаторийда қилинган ишлар, яратилган шароитларни ўз кўзи билан кўришди. Даволаш хоналари, қишки боғ, мажлислар зали, бассейн, 5 Д кинотеатр… Ҳашаматли ва дид билан безатилган ресторанда меҳмонлар учун профессионал пазандалар томонидан тайёрланган парҳез таомлар тортилса, юксак дид билан жиҳозланган хоналарда меҳмонларнинг мириқиб дам олиши учун барча қулайликлар муҳайё қилинган. Умуман, яратилган шароитлар барчанинг ҳайрат ва ҳавасини келтирди. Кўпчиликнинг ё ота-онаси ёки бирор яқини ҳеч бўлмаса, ўзининг ушбу масканда мириқиб ҳордиқ чиқариб, соғлигини тиклашни кўнглидан ўтказгани бор гап.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.