АНТИПЕДАГОГИКА: илм самараси жазодами?

Садриддин Айнийнинг «Эски мактаб» номли асарини ўқиган китобхоннинг юраги орқага тортиб кетади. Ундаги ўқувчиларни жазолаш саҳналаридан даҳшатга тушасиз. Манзарадан бир шингил: «Бу вақт мактабхона ичида ур-ур, сур-сур, бир-бировининг чопон ва кўйлакларини йиртиш, қулоқларини чўзиш, кўзларини ўйиш ва юзларини тирнашлар бошланди. Бунинг устига, болаларнинг йиғи-сиғиси, дод-у фарёди гўё мактаб томини осмонга кўтарар эди. Бу нон ушоқлари устида жанжал-тўпалон бўлиб турганда, домла бетараф турмади, унинг орқасида деворга суяб қўйилган узун-қисқа бир неча таёқ турар эди. У бу таёқлардан энг узун таёқни олиб, бир чеккадан болаларнинг бошларига қараб ура бошлади, болалар ўзаро талашишни қўйиб, ҳаммалари йиғига тушдилар».

Руҳий жароҳат асорати

Аммо, бу усул фақат бир давр ёхуд бир ҳудуд тарихида муҳрланган вазият эмас, ҳозирги замонга қадар етиб келган йўналиш бўлиб, антипедагогика деб аталади.
Мазкур усул тарафдорлари болани тарбиялаш, билим беришда жазони етакчи куч, деб санайдилар. Антипедагогика Ғарбий Европа ва АҚШга ХХ асрнинг 2-ярмида кириб келган. Бир қанча олимлар бу усулни ёқлаб, ўз даврининг мактабларига ибрат қилиб кўрсатишган. Кейинчалик болаликдаги руҳий жароҳатлар неврозга сабаб бўлиши, катта бўлганида ҳам тарк этиши мушкуллиги, оғир асорат қолдириши исботланди.

Замонавий дунёда ҳам…

Шунга қарамай замонавий жамиятимиздаги бир қанча мамлакатларда оғир жазолаш усуллари ҳамон қўлланилмоқда. Масалан:
Намибияда ўқувчиларни жазолаш қонун билан тақиқлаб қўйилган. Шунга қарамай, мактаб маъмурияти айбдор ўқувчини дарахт тагида тик туриш ҳақида буйруқ чиқарган.
Покистонда дарсга 2 дақиқа кеч қолган ўқувчи 8 соат давомида танаффус қилмай Қуръон ўқийди.
Либериялик ўқитувчиларга қамчи ўқув қуроли каби оддий буюмга айланиб қолган.
Мьянмада ўзини ёмон тутган ўқувчи занжир билан урилади.
Непалда фақат ўғил болалар мактаб­­га боради, қизларга ўқиш тақиқланган. Дарсда ўқитувчига қулоқ солмаган ўқувчиларга қиз болаларнинг кийими кийдирилади.
Японияда авваллари ўта шафқатсиз жазо усуллари қўлланилар эди. Ҳозирги кунда бу қонунан ман этилган ва болалар фақат мактабни тозалаш билан жазоланади.
Бразилияда «қулоқсиз» ўқувчилар танаффусда футбол ўйнашдан маҳрум этилади. Улар учун бу жазо жуда қаттиқ ­ҳ­исобланади.

Калтак тарбия қуролига айланса…

Кимдир болалигида ота-онасининг калтаклари остида катта бўлган бўлса, болаларига қўл кўтармасликка сўз беради. Бошқа биров эса «Мен калтак еб, кам бўлганим йўқ, боламни ҳам шундай тарбиялайман» дейди. Болани урушиш асабига таъсир қилса, уриш соғлом органларни зарарлаб қўйиши ҳеч гап эмас. Зеро, бутун танамиз саломатлигимизга жавобгар нуқталардан иборат. Агар бола кўпчиликнинг орасида жазоланса, янада кўпроқ руҳий босимга учрайди ва ўзига нисбатан ишончи йўқолади. Бола билан ёлғиз қолганингизда танбеҳ берсангиз, хатоларини тушунтирсангиз, самарага эришишга ишонч бор.
Қандай сабабларга кўра унга овозингизни баландлатяпсиз, нима қилгани учун қўл кўтаряпсиз? Балки унинг нотўғри хатти-ҳаракати ортида соғлиқдаги муаммо яширингандир? Жумладан, нуқул бармоғини оғзига солиши, иштонини ҳўллаб қўйиши, дарс қилишни хоҳламаслигининг сабаби бош мия фаолияти, асаб тизими билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аввал дардни даволаб, кейин тарбия ҳақида оғиз очилса, тўғри бўлади.

Дурдона АЛИМОВА
тайёрлади

Фикр билдириш

Your email address will not be published.