УСТЮРТДА ҚУЛОНЛАР БОРМИ?

Илмий манбаларда келтирилишича, ХIХ асрда Устюрт кенглик­ларида кўплаб учраган қулонлар ХХ асрнинг 30-йилларига келиб бутунлай қирилиб кетган.

Аммо 2011-2014 йилларда Устюртнинг Қорақалпоғис­тон қисмида экспедиция олиб борган олимлар Қорақалпоғистоннинг Турк­манистон билан туташган шимоли-ғарбий чегарасида 9 та қулондан иборат тўдани аниқлаб, расман қайд қилган эди.
Биология фанлари доктори, профессор Светлана Мамбетуллаеванинг таъкид­лашича, Устюртнинг жануби-шарқий тарафида қулонлар борлиги аниқланган.
Қулонларнинг пайдо бўлишига сабаб қилиб, Туркманистон билан Ўзбекистон чегарасига аҳоли яшайдиган пунктларнинг олислиги, йўлнинг оғирлиги ва чегара режимининг янада кучайтирилгани келтирилади.
Қулонлар Туркманис­тондаги Қоплонқир қўриқхонасидан сув ичиш учун Сариқамиш кўлига келишар экан.
Афсуски, броконьерлар одам оёғи етиш мушкул бўлган жойларга ҳам чиқиб, «Қизил китоб»га киритилган ноёб ҳайвонларга ҳам қирғин келтирмоқда.
Яқинда бўлган воқеа бунга мисол:
Мўйноқдан қайтиб келаётгандик. Машинамизга бир киши чиқди. У Сариқамиш кўлига балиқ овига кетаётган экан.
– Изғиринда ҳам балиқ овлаш мумкинми?
– Ҳа, кўл музламайди, музласа ҳам юпқа бўлади.
– У ерда қулонлар бор дейишади, шу ростми?
– Ҳа, куз пайтлари бир-иккита пайдо бўлади, яқинда йигитлар биттасини отибди…
Устимдан биров совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди. Кимсасиз жойларда яна қандай ёвузликлар бўлаётгани Яратганга аён…

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.