Эзгу мақсадлар қўлланмаси

Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасида Янги Ўзбекистон концепциясини амалга ошириш мамлакатимиз, жамиятимиз ва халқимиз олдида турган қатор долзарб масалаларни ижобий ҳал қилиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўллари ҳақида бир қатор қимматли фикрлар билдирилиб, ўта муҳим таклиф ҳамда ташаббуслар ҳам илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасини йил давомида асосий эътибор аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилгани, соғлиқни сақлаш тизимида жуда катта ишлар амалга оширилгани билан бошлагани бежиз эмас. Сабаби, 2020 йил деярли пандемия даври сифатида тарихга кирадиган бўлди. Айнан шунга кўра ҳам, нима бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай вазиятда инсоннинг, давлатнинг бойлиги бу халқ саломатлиги эканлиги алоҳида ­таъкидланди.
Янги Ўзбекистонни билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этиб, ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларимизни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида 2021 йилга «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб ном берилиши ҳам айни муддао бўлди. Зеро, юртнинг келажаги ва тараққиёти ушбу икки жиҳатга бевосита боғлиқ.
Тадбирда 2020 йил давомида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилган ишлар ҳам тилга олинди. Хусусан, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси бошчилигида мутасадди идоралар, банклар ва ҳокимлик­лар томонидан жойларда уйма-уй юриб, 6 миллиондан ортиқ хотин-қизларнинг муаммолари пухта ўрганилгани, ўрганишлар натижасида биринчи марта жойлардаги ҳақиқий аҳвол юзага чиққани ва улар асосида «Аёллар дафтари» шакллантирилиб, хотин-қизларни қийнаётган ­кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топилаётгани эътироф этилди.
– Мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб этилади, – деди Президентимиз.
Бундай ҳамкорликни, энг аввало, таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби муаммоли соҳаларда кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди.
Мурожаатнома давомида давлатни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида қилинажак кўплаб режаларга тўхталиб ўтилди.
Хусусан, иқтисодиёт соҳасида амалга ошириш зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга тўхталиб, маҳсулотларимизни ички ва ташқи бозорларга етказиш, уларнинг таннархини тушириш учун транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш зарурлиги;
темир йўл соҳасида йўловчи ва юк ташиш, эксплуатация ва хизмат кўрсатишни бир-биридан ажратиш, яъни табиий монополия қисмини алоҳида, хусусий секторни жалб қилиш мумкин бўлган йўналишларни алоҳида ривожлантириш лозимлиги;
иқтисодиётни юқори суръатлар билан ривожлантириш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттириш зарурлиги, жумладан, халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, инфратузилмани яхшилаш, мослашувчан тарифлар қўллаш ва янги истиқболли йўналишларни шакллантириш ҳисобидан транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага етказиш имконияти мавжудлигига эътибор қаратилди.
Президентимиз Мурожаатномаси жамиятни миллий юксалтириш учун долзарб ва муҳим бўлган стратегик вазифалар, халқимиз эркинлиги ва фаровонлигини янада юксалтиришнинг оқилона ва моҳиятан ҳар томонлама инновацион бўлган сиёсий-ижтимоий жараёнларни амалга оширишнинг етакчи манбаи бўлиб хизмат қилади.
Мурожаатномадан барча корхона-ташкилот, мансабдор шахс ва ҳар бир фуқаро ўзи учун йил давомида амалга ошириши лозим бўлган ишларни белгилаб олди. Шу жумладан, темирйўл касаба уюшма ташкилотлари ҳам 2021 йилда ўз олдига камбағалликни қисқартириш ва олдини олиш, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари соғлиғини тиклаш, шу билан бирга, моддий жиҳатдан рағбатлантириш, устоз-шогирд анъанасини давом эттирган ҳолда ёшларни қўллаб-қувватлашни янада юксак поғоналарга кўтариш ва буни иш берувчилар билан ижтимоий ҳамкорликда амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Қутлимурот СОБИРОВ,
Темирйўлчилар ва транспорт
қурувчилари касаба уюшмаси
Республика кенгаши раиси

Фикр билдириш

Your email address will not be published.