Урганч бош майдони лойиҳасида нималар акс этмоқда?

Оролбўйида кўз кўриб, қулоқ ­эшитмаган бун­ёдкорликлар бўляпти. Яқинда Амударё узра янги кўприкнинг тамал тоши қўйилган эди. Шу кунларда эса Урганч шаҳрининг марказий майдони қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган катта ло­йиҳа амалиётга татбиқ қилинмоқда.

Тошкент ҳақида гап кетганда, ­Мустақиллик майдони, Самарқандда Регис­тон, Бухорода кўҳна арк мажмуаси кўз олдимизга келади. Урганч деганда-чи? Очиғи, бу саволга бирдан жавоб бериш қийин. Чунки Урганч деганда ярқ етиб кўз олдингизга келадиган манзилнинг ўзи йўқ. Тўғри, «Авесто» ва «Жалолиддин Мангуберди» боғ мажмуа­лари узоқ йиллардан бери халқимизга завқ улашиб, байрам-у тантаналарда хизмат қилиб келмоқда. Аммо улар ҳам Урганчнинг ташриф ёрлиғи бўлгулик даражада бетак­рор эмас.
Урганчнинг бош майдони бунёд этилиши натижасида нафақат ушбу масала ечим топади, балки автомобиллар ҳаракати билан боғлиқ айрим муаммоларга ҳам барҳам берилади. Гап шундаки, «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, Ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчалари кесишмасида 500 метр узунликдаги ер ости йўли қурилиб, унинг устига Жалолиддин Мангубердининг от чоптириб бораётган ҳайкали ўрнатилади. Ҳайкалнинг баландлиги 25 метр бўлиб, теваракдаги маъмурий иншоотлар ва театр биноси билан уйғунлашган ҳолда жойлаштирилади. Буюк аждодимиз ватанпарварлиги, мардлиги битилган тош лавҳлар ўрнатилади. Бу эса хорижий сайёҳларга ва ёшларга халқ қаҳрамони ҳақида янада кенгроқ маълумотга эга бўлиш имконини беради. Майдонда минг томошабинга мўлжалланган концерт зали қурилиши ҳам режалаштирилган. Бунга сабаб шуки, санъат диёри ҳисобланмиш Хоразмда ҳозирда биронта ҳам концерт зали йўқ.
Буюк ва улуғ аждодларимиздан бири Ал-Хоразмий ҳайкали Паҳлавон Маҳмуд ва Ислом Каримов кўчалари оралиғидаги майдонга ўрнатилади.
Умуман, лойиҳа ижодкорлари бош майдон бетакрор қиёфа касб этишини таъкидлашмоқда. Воҳанинг иқлим шароити, ер ости сувлари сатҳи, ўзига хос шаҳарсозлик инобатга олинган ҳолда 10 гектар майдонда замонавий ландшафт манзараларига эга иккита бир-бирига уйғун хиёбон барпо этилади.
Автомобиль туннелининг бунёд этилиши соатига уч ярим минг автомобилни ўтказиш имкониятини яратади. Маълумотларга кўра, автомобиль туннелининг кенглиги 17 метрдан, баланд­лиги 5,5 метрдан ошади. Ушбу ер ости йўлининг ҳар томони икки қаторли тўртта йўлакдан иборат бўлиши кўзда тутилган. Ло­йиҳа муаллифлари биринчи марта вилоят марказларида ер ости туннели қурилаётганини айтиб ўтишди. Ер ости автомобиль йўлининг ёпиқ қисми 260, очиқ қисми 120 метрдан зиёд бўлади. Шунинг­дек, Ислом Каримов кўчаси кесишмасида пиёдалар учун иккита ер ости йўлакчалари қурилади.
Дарвоқе, ер ости йўли шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Қирғизёп каналини ҳам кесиб ўтади. Қурилиш ишларига малакали мутахассислар жалб қилинади.
Жараёнлар шу кунларда бошланиши ва мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида якунланиши белгиланган.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.