Устоз деган улуғ ном….

Абдукарим Аҳмедов… Бағрикенг бу инсонни яқиндан биладиганлар уни талабчан ва тўғрисўз, ташаббускор ва одил раҳбар, меҳрибон устоз ва қадрдон дўст сифатида ардоқлашади.

Ҳам ҳаётий, ҳам амалий бой тажрибага эга Абдукарим Аҳмедовнинг асосий фаолияти эса касаба уюшмалари билан бевосита боғлиқ. У 25 йилдан буён Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси сифатида самарали ишлаб келмоқда.
Ўтган йилларда у киши раҳбарлигида вилоятда ходимларга муносиб меҳнат шароити яратиш, инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасида эътироф этишга арзигулик ишлар амалга оширилди. Айниқса, бирлашма раҳбарининг оддий ишчи-ходимлар ҳақ-ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш учун турли ташкилот ва корхоналар раҳбарларига «бет-кўзинг» демасдан дадил иш тутишига, талабчанлигига жуда кўпчилик, хусусан, раҳбарлар ҳам тан беришади. Абдукарим ака баъзи корхоналарда ходимларнинг иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик мавжудлигидан хабар топса, ўша ташкилотнинг раҳбари ва бошланғич касаба уюшмаси етакчиси билан ҳамкорликда дарҳол масалани ҳал қилиш чораларини кўради. Агар зарурат бўлса, тегишли идораларни ҳам «безо­вта» қилади. Шу боис, вилоятдаги ­бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ижтимоий шерикчилик асосида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манмафаатларини ҳимоя қилишда оқил раҳбар билан маслаҳатлашиб, унга суянишади.
Абдукарим Аҳмедов доимо иш билан банд. Қачон қараманг, вилоятдаги турли бошқармалар, туманлардаги бошланғич ташкилотларда бўлиб, меҳнат муҳофазаси ва хавфсиз иш ўринлари қай даражада яратилгани, хотин-қизларга, ёшларга яратилган шароитлар билан танишиб юради. Ҳеч бўлмаса, ишхонада мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ёки тушунтириш бераётган, маҳаллаларга чиқиб, аҳоли билан турли мавзуларда мулоқот қилаётган бўлади. Халқнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган давлат дастурларининг ижросини таъминлашда ҳам фидойилик кўрсатиб, кўпчиликка ўрнак бўлмоқда.
– Биз, касаба уюшмалари вакиллари ўзимизни мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар ислоҳотларнинг жонкуяр, фаол ижрочиларидан деб биламиз, – дейди Абдукарим Аҳмедов. – Зеро, воҳамиздаги 2375 та корхона, ташкилот ва муассасада меҳнат қилаётган 300 мингдан ортиқ, нодавлат секторда фаолият юритаётган 61 минг нафардан ортиқ ходимнинг ҳаётида, яъни уларнинг дам олиши, соғлиғини тиклаши, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратилишида бизнинг ҳам ҳиссамиз бор. Биз бундан фахрланамиз ва бундан буён ҳам юрт учун, эл учун янада ғайрат билан ишлаймиз.
– Мен Абдукарим ака билан бир жамоада 22 йилдан бери ишлаб келяпман ва бу вақт мобайнида у кишидан жуда кўп нарса ўргандим. Аслида, Абдукарим ака билан ишлашнинг ўзи бир мактаб, – дейди Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қобилжон Боболов. – У киши ходимларга жуда меҳрибон, шу билан бирга, талабчан ҳам. Агар бирон ёш ходимимиз қандайдир муаммога учраса, уни дарҳол ёнига чақиради-да, қимматли маслаҳат бериб, беминнат ёрдам кўрсатади. Шу боисдан ёшларнинг кўпчилиги бирлашма раҳбарига устоз деб мурожаат қилишади.
Ҳа, кўпчилик учун устоз даражасига етган Абдукарим Аҳмедов бундай эътирофга шунчаки эришмаган. Бу эътироф ортида ишга фидойилик, элга меҳр, юртга ва дўстларга садоқат бор.
Ташаббускор ва ташкилотчи, куюнчак ва фидойи инсон Абдукарим Аҳмедовнинг фидокорона меҳнати муносиб тақдирланган. У ватанимизнинг юксак мукофотларига лойиқ кўрилган.
Умр оқар дарё, дейишади. Мазмунли ва ­масъулиятли ҳаёт йўлини босиб ўтган Абдукарим ака 70 ёшга тўлди. Шу муносабат билан Термизда қутлов кечаси бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар Абдукарим Аҳмедовнинг меҳнат фаолияти, раҳбарлик салоҳияти, инсонийлик қирралари ҳақида гапириб, қутлуғ кун билан қутлашди. Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, Сурхондарё вилояти ҳокими ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг эсдалик совғалари ва «фахрий ёрлиқ»лар топширилди. Совғаларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Сайфулла Аҳмедов тантанали равишда топширди.

Ўз мухбиримиз

Фикр билдириш

Your email address will not be published.